Ўзбекистон янгиликлари

МУФТИЙ ҲАЗРАТЛАРИ КЎЗИ ОЖИЗ ВА БЕМОР БОЛАЛАР ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛИБ, ТУҲФАЛАР УЛАШДИЛАР

Куннинг иккинчи ярмида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев Қорақалпоғистон қозиёти қозиси Шамсуддин Бауатдинов ҳамрохлигида Нукус шаҳридаги Кўзи ожизлар мактаб-интернатига ташриф буюриб, у ерда таълим олаётган болалар ва жамият ходимлари билан дилдан суҳбат қурдилар ва ҳадялар ила қалбларига қувонч улашдилар.

Зеро, Ислом динида кўнгли ўксик, бемор, жисмоний имконияти чекланган болаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга ёрдам қўлини чўзишнинг савоби катта, ажри бисёр. Бу борада Давлатимиз раҳбари томонларидан амалга оширилаётган хайрли ишлар динимиз таълимотига ва инсонийлик мезонларига жуда ҳам ҳамоҳангдир.

Шу маънода муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Оролбўйи минтақасига ташрифларининг учинчи кунида ана шундай ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиб, улар билан самимий мулоқотда бўлдилар.
Улар билан суҳбатда ҳукуматимиз томонидан ногиронларга қаратилаётган эътибор, уларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритдилар. Ташриф асносида кўзи ожизлар жамиятига газ плита, сув иситиш аристони каби маиший жиҳозлар ҳадя этилди.

Шунингдек, соҳа раҳбарлари Республика ихтисослаштирилган Онкология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали шифохонасида ҳам бўлиб, у ерда даволанаётган 16 нафар болалар ҳолидан хабар олиб, уларга ўйинчоқлар ва ширинликлар тортиқ этдилар.

Ҳар икки ташриф чоғида муассасаларга молиявий ёрдамлар ҳам қилинди.

Якунда Муфтий ҳазратлари жаннат райҳонлари бўлган болалар ҳаққига Аллоҳ таолодан шифои комил сўраб, дуою-илтижолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1418 марта ўқилди

Янгиликлар

Top