Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари томонидан қайта қурилаётган олти минг ўринли масжид пойдеворига илк ғишт қўйилди

Бугун, 28 март куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган “Гўзал” жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар, имом-хатиблар, фахрий домлалар ва маҳалла фаоллари иштирок этди.

Тадбир аввалида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, Муфтий ҳазратлари яхши ният ва дуолар билан жоме масжид пойдеворига тамал тошини қўйиб, бу хайрли ташаббусга хизмат қилаётган кишилар ҳақига дуо қилдилар.

– Масжидимиз ўтган асрнинг 90-йилларида 500-600 кишига мўлжаллаб қурилган, – дейди “Гўзал” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадравшан Раимқулов. – Бироқ бугун маҳалламиз ҳам кенгайиб, аҳолимиз сони ҳам ошиб бормоқда. Масжидимиз эса маҳалла эҳтиёжини қондира олмаяпти. Айниқса, жума намозларида кўплаб намозхонлар масжидга ташқарисида намоз ўқишга тўғри келяпти. Қолаверса, намозхонлар учун бошқа шароитлар ҳам у қадар қониқарли эмас эди. Шу боис маҳалла фаоллари ва мутасаддилар билан келишган ҳолда масжидни қайтадан қуришни мақсад қилдик. Бузиш ишларини ўтган йилнин августида бошлаган бўлсак, эндиликда янги иншоотнинг пойдеворига илк ғиштини қўймоқдамиз. Иншааллоҳ, масжидимиз келгуси йилнинг охирларида ишга тушади.

Ҳомийлар ва хашар йўли билан бунёд этилаётган масжид миллий меъморчилик йўналишида қурилаётган бўлиб, 6000 намозхонга мўлжалланмоқда. Аҳолига қулай бўлиши учун замонавий қурилиш ашёларию жиҳозлардан фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Келгусида масжидда кенг ва ёруғ хонақоҳ, аёллар учун алоҳида намозхона, таҳоратхона, 35 метрли минора, кутубхона, алоҳида мажлислар зали, сартарошхона, автотураргоҳ, китоб дўкони ва шу каби бир қатор қулайликларга эга мажмуа барпо этилади.

Тадбир давомида муфтий ҳазратлари қурилиш жараёни билан танишдилар, жоме пойдеворига илк ғиштни қўйиб бердилар, лойиҳа ва режалар бўйича уста, мутахассислар билан маслаҳатлашдилар, ҳомийларга миннатдорлик билдириб, масжид барпо қилишда ёрдам бераётган барчанинг ҳақига дуо қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1303 марта ўқилди

Янгиликлар

Top