Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий Албир ҳазрат Кирганов: Ўзбекистонлик қорилар мусулмонлар севгиси ва ҳурматини қозонишди

Бир неча йилдан буён хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида уламо ва қориларимиз чет мамлакатларда диний-маърифий тадбирларда иштирок этиб, таровиҳ намозларини адо этиб бермоқдалар.

Ана шундай қориларимиздан бири Тошкент шаҳридаги “Минор” масжиди имом ноиби Абдулбасир қори Камолов жорий йилда Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги Москва мусулмонлари диний идораси ва Марказий регион "Москва муфтияти"да таровеҳ намозларида Қуръон хатмига ўтиб берди. Унда Москвадаги мўмин-мусулмонлар, хусусан, Москва муфтийси Албир ҳазрат Кирганов, ушбу шаҳарга ўқиш ва ишга борган ватандошлар иштирок этишди.

– Ўзбекистонлик Қуръон ҳофизи Рамазон ойида Москва мусулмонларини хатми Қуръон тиловати билан хурсанд қилди. Ўзбекистон Республикасининг масъул раҳбарлари ва муфтий Нуриддин ҳазрат Холиқназаровга Россия мусулмонлари диний ассамблеяси билан яқин ҳамкорлик қилганликлари учун чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Муфтийлик томонидан юборилган Камолов Абдулбасир ва қўшимча равишда таклиф этилган талабалар Муҳаммадсаид Солиқжонов ва Абдулғҳодий Исломжоновлар Москва мусулмонларига ташриф буюрганларида бир ой давомида таровиҳ намозларига Қуръони карим матнини тўлиқ ўқиб беришди. Улар ҳақли равишда мусулмонларнинг севгиси ва ҳурматини қозонишди. Абдулбасир Камолов байрам намозида мусулмонлар олдида нутқ сўзлаб, рус ва ўзбек тилларида Ўзбекистон муфтийсининг табрикномасини эълон қилиб, юртдошларимиз қалбидан жой олди. Мазкур фаолият муҳим ижтимоий-диний хусусиятга эга бўлиб, халқаро мулоқотни мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса бўлиб хизмат қилади.

Қардош мамлакатларимиз мусулмон умматини барпо этиш ва ривожлантириш, Ислом маърифатининг дастлабки асосларини тиклаш ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақиқий таълимотларини оммалаштиришга қаратилган машаққатли ва баракали меҳнатингиз учун сизга раҳмат айтаман, – деб ёзади Албир ҳазрат Кирганов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Шунингдек, Абдулбасир қори Камолов ва бошқалар томонидан ифтор дастурхони ва таровиҳ намозлари асносида йиғилганларга маърифий суҳбатлар қилиб берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1063 марта ўқилди

Янгиликлар

Top