Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора мутахассисларининг илмий сафари муваффақиятли давом этмоқда

Хабарингиз бор, аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси бўлими мудири Камолиддин Маҳкамов, ушбу бўлим етакчи мутахассиси-реставратор Саидраҳмат Икромов ҳамда Диний идора Зиёрат туризмини илмий ривожлантириш сектори мудири Жаҳонгир Саломов ва шарқ қўлёзмалари мутахассиси Абдулҳамид Джуманов хориж мамлакатларидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида хизмат сафарига жўнаб кетганлари ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу илмий сафарнинг илк кунлари давомида Диний идора мутахассислари Туркия давлатида бўлиб, Топкапи Саройига, Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасига, шу шаҳардаги Сулаймония китоб шифохонасига, Анкарадаги Туркия диёнат ишлари кутубхонаси консервация ва реставрация бўлими ва Миллий кутубхонасига ҳамда Миллат кутубхонасига ташриф буюрдилар.

Ташриф давомида кутубхоналардаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг нусхалари билан танишдилар. Кутубхонада китобларни сақлаш, рақамлаштириш ва улардан фойдаланишга оид давра сухбатлари ҳам бўлиб ўтди. Сухбат жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

Истанбул. Тўп-Қопи саройи

Шу йил 14 апрель куни Диний идора мутахассислари Топкапи Саройига Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида ташриф буюрдилар. У ерда Тўп-қопи саройи рахбари Илҳан Кочаман ва Тўп-қопи саройи кутубхонаси муҳофизи Ўғулеке Сейхан хонимлар билан учрашув ўтказилди.

Сарой кутубхона рахбари ва мухофизи ҳамроҳлигида кутубхонадаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг нусхалари билан танишилди. Учрашувда  мезбонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ва кутубхона ходимлари билан тажриба алмашишга, шунингдек, улар учун маҳорат дарсларини ташкил этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Истанбул. Сулаймония кутубхонаси

Шу йил 15 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Сулаймония кутубхонасига ташриф буюрди. Сулаймония кутубхонасида 8–19 асрларда ёзилган 80 минг жилдга яқин қўлёзмалар бор. Мазкур кутубхона қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш бўйича катта тажрибага эга.

Ташриф давомида Сулаймония кутубхонасида китобларни сақлаш, рақамлаштириш ва улардан фойдаланишга оид давра сухбати бўлиб ўтди. Сухбат жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди. Шунингдек, кутубхона ходимлари Сулаймония кутубхонаси фондида китобларнинг сақланиши, жойлаштирилиши ва ёнғин хавфсизлигига оид кўрилган чоралар билан яқиндан танишди.

Истанбул. Сулаймония китоб шифохонаси

Шу йил 16 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Сулаймония китоб шифохонасига ташриф буюрди. Ташриф давомида ўзбекистон мутахассислари Туркия қўлёзма асарлар кенгаши бошқармаси, Китоб шифохонаси ва архиви департаменти раҳбари Нил Байдар хоним билан учрашув ўтказди.

Нил Байдар хоним учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорлик қилиш ва ўз тажрибаларини бўлишишга тайёр эканлигини билдирди.

Учрашувдан сўнг шифохона раҳбари Диний идора ходимларини у ерда олиб борилаётган консервация ва реставрация тадбирлари билан яқиндан таништирди.

Маълумот учун, Сулаймония китоб шифохонаси қўлёзма китобларни реставрация қилиш ишларини амалга оширувчи ва Туркия қўлёзма фондларига реставратор мутахассисларни тайёрлаб берувчи Туркиядаги энг йирик муассаса ҳисобланади.

Анкара. Туркия диёнат ишлари кутубхона бўлими ва Миллий кутубхонаси

Шу йил 18 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги Туркия диёнат ишлари кутубхонаси консервация ва реставрация бўлими ва Миллий кутубхонага ташриф буюрди. У ерда идора ходимлари консервация ва реставрация бўлимида китоб ва газеталарни реставрация қилиш бўлими билан танишишди.

Анкара. Миллат кутубхонаси.

Жорий йил 19 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги давлат раҳбари ташаббуси билан барпо этилган Миллат кутубхонага ташриф буюрди. Меҳмонларни кутубхона раҳбари Айхан Туглу кутуб олди. Кутубхонада 4 миллион зиёд китоблар бор бўлиб иш замон талабларига мос равишда йўлга қўйилган. ЎМИ ходимлари кутубхонада иш юритиш ва қўлёзмаларни сақлаш билан боғлиқ жараёнлар билан  яқиндан танишишди.

Шунингдек, учрашувлар якунида мезбонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ва кутубхона ходимлари билан тажриба алмашишга, улар учун махорат дарсларини ташкил этишга тайёр эканликларини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

1101 марта ўқилди