Шу кунларда ҳудудларда фаолият юритаётган имом-хатиблар томонидан аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, бемор ва кам таъминлаганлар ҳолидан хабар олиш ҳамда турли нотинч оилалар ва ёшларни тўғри йўлга бошлаш борасида сезиларли ишлар қилинмоқда.
Айни кунда Самарқанд вилояти Булунғур туманида бўлиб ўтган сайёр йиғилиш ва унинг доирасида ўтказилган маҳаллабай учрашув ва маънавий-маърифий тадбирлар ҳам шулар сирасидандир.
Шу йилнинг 11 май куни сайёр йиғилиш Булунғур туманининг бир қанча масжидларида ташкил этилди. Вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом-хатиблари тумандаги ўндан ортиқ маҳаллаларда бўлиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар уюштирилиб, оилаларнинг ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда вилоят ишчи гуруҳи Булунғур тумандаги ўн бешдан ортиқ масжидда пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Тинчлик қадри”, “Ёшлар келажагимиз”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” мавзуларида маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.
Шунингдек, 16 та МФЙда уюшмаган ёшлар билан йиғилиш ўтказилиб, уларга илмий-маърифий суҳбатлар қилиб берилди.
Ушбу тадбирлар давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар давомида ўнта оилада муаммолар борлиги аниқланиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, кам таъминланган 56 оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Х.Саттаров бошчилигида тумандаги 40 нафар кам таъминланган оилаларга 14 000 000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди. Қолаверса, ногиронлиги бор ва касалманд 5 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, 25 млн. сўмлик молиявий кўмак берилди.
Мазкур маҳаллабай ишлаш тизимининг муҳим жиҳати, нотинч оилалар билан мулоқот қилиб, уларни аҳил-иноқ оилага айлантиришга қаратилганлигидир. Шу мақсадда маҳаллаларда аниқланган беш нотинч оила билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг келишмовчиликлари ҳал этилиб, ислоҳ қилинди. Қолаверса, оилалардаги нохўшликларда сабаб бўлаётган, ичкиликка ружу қўйган 3 нафар фуқаро билан тушунтириш ишлари олиб борилди ва ичкиликнинг ёмон оқибатлари ҳақида суҳбат ташкил этилди. Бундан мазкур фуқаролар тўғри хулоса қилганликларини билдирдилар.
Шуни таъкидлаш жоизки, гоҳида маҳаллаларда ён қўшни бўла туриб, йиллар мобайнида низолашиб юрганлар ёки ер-жой талашган оилалар ҳам учраб туради. Мазкур сайёр учрашувларда шу каби қўшниси билан низолашган 2 та оиланинг ўртаси ислоҳ қилинди. Ер ва уй-жой талашган бир оила билан суҳбат ўтказилди.Уларнинг келишмовчилигига сабаб бўлаётган масала ўрганилиб, тушунтириш ишлари натижасида оила яраштирилди.
Бу каби тадбирлар йил охирига қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Кечаси тетик туриш учун пешиндан кейин бироз дам олинг.
2. Ибодатга халал бермаслик учун ифторда кўп овқат еманг.
3. Бу кечани ибодат билан ўтказаётганда тавба қилишга азм қилиш.
4. Барча мўминлар ва мўминалар учун истиғфор ва дуони кўпайтиринг.
5. Бутун аъзоларингиз билан Аллоҳга юзланинг, ҳаттоки, ақлингиз ва қалбингиз У Зотдан бошқасидан узилсин.
6. Жанжал ва тортишувлардан узоқда бўлинг, сизнинг ҳаққингизни поймол қилганларни кечиринг.
7. Фикрингизни бир жойга қўйиб, ибодат қилинг, Қадр кечасида хаёл бошқа нарсаларда бўлиб, юз ракатни тугатиб қўйишни фойдаси йўқ.
8. Дуо ва ибодатда ихлосли бўлиш қалбингиз Аллоҳдан бошқаси билан машғул бўлиб ракатларни кўпайтиришдан муҳимроқ.
9. Қадр кечасида имкон борича таҳоратли бўлишга ҳаракат қилинг.
10. Дуоингиз ижобат бўлишига аниқ ишонинг. Чунки ижобат бўлишига ишонмаслик дуонинг орасига тўсиқ пайдо қилади.
11. Аллоҳ дуоларингизни қабул қилиб, ижобат қилишига ишончингиз комил бўлсин.
12. Дуода бор вужудингиз билан ёлвориб сўранг, чунки Аллоҳ азза ва жалла ёлвориб дуо қилган бандасини яхши кўради.
13. Ҳар бир гуноҳингиз учун Аллоҳ таолога истиғфор айтинг, У Зот сизни афв қилишини сўранг.
14. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оилаларига кўп саловот ва саломлар айтинг, саҳобаларга Аллоҳдан розилик сўранг (яъни “Розияллоҳу анҳу” деб айтиш).
15. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб ортидан: “Аллоҳумма иннака аъфуввун туҳиббул аъфва фаъфу аннаа” (“Аллоҳим, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт”), дуосини кўп айтинг.
16. Аллоҳ таоло барча мусулмонларни дўзахдан озод қилишини кўп сўранг.
17. Ҳалол ризқни осон қилиб беришини ва ҳолатларни яхши томонга ўзгартиришини сўраб дуо қилиш.
18. Ўтган ота-оналарингизнинг ҳақига дуо қилиб, Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўранг.
19. Дуо қилганда ушбу дуоларни ҳам айтиш: “Роббанаа ҳаб ланаа мин азважинаа ва зурриййаатинаа қуррота аъюн”, (Роббимиз, бизга жуфти ҳалолларимиздан, фарзандаларимиздан кўз қувончлари бер).
20. Эр ёки хотин бир-бирининг ҳақига гўзал ҳолат, нафс ва фикрнинг роҳатини тилаб дуо қилиши керак.
21. Сажда қилган ҳолатингизда кўп дуо қилинг. Чунки банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати сажда қилган ҳолатидир.
22. Саждада узоқ вақт дуо қилиб туринг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар: “Белларингиз гуноҳларингиздан оғирлашиб кетган. Уларни саждада узоқ туриш билан енгиллатинглар”.
23. Бир сонияни ҳам зое кетказманг, вақтни ғанимат билинг. Чунки илоҳий раҳмат ва шаббодалар бу тунда очик бўлади.
24. Қодир бўлганингизча Қуръон ўқинг.
25. Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш тонг отгунича давом этади, ўша вақтда фаришталар осмондан тушиб, чиқиб туришади.
26. Аллоҳ таоло сизни бу кечани ибодат билан ўтказишга муваффақ қилганига шукрлар айтинг, сиздан бошқа қанча-қанча кишилар бу бахтдан бебаҳра қолди.
27. Қадр кечасида имкон қадар садақа беришни унутманг. Чунки бу кечада қилинган ҳар бир амалнинг ажри улуғ.
Муҳаммад Яҳё Низомиддин