Ўзбекистон янгиликлари

Шу кунларда кенг китобхонлар оммаси учун динимиз софлиги ва ёт ғояларнинг кирдикорларини кўрсатиб берган “Сохта салафийларнинг саёз сабоғи” номли китоб нашрдан чиқди. Уни Абдулҳамид Зайриев ва Эркин Қудратуллоҳлар нашрга тайёрлашди.

Мазкур рисола Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижодий уйида тайёрланиб, чоп этилди.

Дарҳақиқат, сохта салафийларнинг барқарор ақидамизга зид даъволари, ўз қараш ва мақсадларини омма онгига сингдириш йўлидаги турли кирдикорларини ҳужжат-далиллар асосида фош этиш ҳозирги кунимизда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.

Айни шу мақсадда ёзилган мазкур рисолада ҳар бир мусулмон эътиқодини пок сақлаши ва турли бузғунчи оқимлар кирдикорларига алданиб қолмаслиги учун аҳли сунна вал-жамоа нима дегани, уларнинг тоифалари, ваҳҳобийлик оқимининг пайдо бўлиши, асосий эътиқоди, таълимоти ва жамиятга таъсири, барқарор ақидамизга зид даъволари, салафи солиҳлар асли кимлар бўлиши, уларнинг тутган йўли, сохта салафийлар қайси жиҳатлари билан улардан фарқланиши кабиларни билиши лозим.

Ушбу китобда она тилимиз билан бирга араб, турк, инглиз тилларида ёзилган кўплаб манба ва адабиётлардан ҳам фойдаланиб айни бузғунчи оқимнинг ҳийла-найранглари ва кирдикорларини фош этади ва бир эътиқод йўлида бирлашиш, ҳамжиҳат бўлиб яшаш, ўзаро ихтилоф, зиддият, адоват, ихтилоф ва низоларнинг олдини олишга даъват этади.

Ўйлаймизки, мазкур рисола кенг китобхонлар оммасининг диний-маърифий савия ва тушунчаларини бойитиб, тўғри ақида асосида яшаши учун уларга йўлланма беради, иншоаллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

963 марта ўқилди

Янгиликлар

Top