Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Мусулмонлар идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошидаги академик лицей ва Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ўртасида “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусида иншолар танлови ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусидаги иншолар танлови икки босқичда ўтказилмоқда. Биринчи босқич – жорий йилнинг 2-7-июн кунлари ўрта махсус ислом билим юртлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошидаги академик лицей ва Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби талабалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси факультет талабалари ўртасида ўтказилди. Унда ижодий ишлари бўйича жами 45 нафар 1, 2, 3-ўринни эгаллаган талабалар республика босқичига йўлланмани қўлган киритишди.
Танловнинг якуний республика босқичи куни кеча, 14 июн куни бошланди. Танлов доирасида иштирокчи талабалар учун таниқли адиблар Абдусаид Кўчимов, Хуршид Дўстмуҳаммад ва Минҳожиддин Ҳожиматов иштирокида «Янги Ўзбекистон адабиётида инсон маънавияти» ва «Янги Ўзбекистоннинг устувор мақсади — Учинчи Ренессанс» мавзуларида ижодий учрашув ташкил этилди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон миллий академик театрига ташриф буюриб, у ерда «Жалолиддин Мангуберди» спектаклини томоша қилиб, “Toshkent sity” мажмуаси, Kongress-holl ва “Hilton” меҳмонхонасига саёҳат қилишди.
Танлов давом этмоқда.
Унинг республика босқичи фаол иштирокчилари турли номинациялар бўйича тақдирланиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигида Диний идоранинг бир гуруҳ вакиллари Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Қатар мустақиллиги куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда қатнашди.
Ўзбекистон ва Қатар халқларини ўзаро боғлаб турувчи тарихий-маданий ришталар бугунги кунда кенг кўламли ва узоқ муддатли алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал Соний саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда Қатар Давлати кенг қамровли тараққиёт борасида сифат жиҳатдан улкан ўзгаришларга эришди ҳамда стратегик режалаштириш ва замонавий иқтисодий бошқарув соҳаларида ўрнак бўладиган мамлакатга айланди.
Бу йилги байрамни Қатар давлати ва унинг фуқаролари "Қатар сизлар билан юксалади ва сизлардан кутади" шиори остида нишонламоқда. Бу шиор ҳам Қатар давлати амирининг сўзларидан олинган. Қатар Миллий 2030 Ривожланиш Стратегияси эса инсонни тараққиёт марказига қўйиб, уни олий мақсад сифатида белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, сал олдинроқ Қатар элчихонаси томонидан Ислом цивилизацияси марказига бир қатор китоблар совға қилинган, ўз навбатида меҳмонларга Марказ томонидан Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси туҳфа этилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати