Бугун, 15 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ватанни севмоқ имондандир” иншолар танлови республика босқичи иштирокчилари билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир анъанага кўра Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов талаба-ёшларни нуфузли танловдаги иштироклари билан қутлаб, юртимизда диний маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликнинг асосий тамойиллари, ёшларнинг маънавияти, илмини ошириш бўйича қилинаётган ишлар, соҳадаги сўнгги янгиликлар бўйича маълумот берди.
Музаффар Комилов ўз сўзида давом этиб, буюк алломаларимиз Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли кўплаб асарларини юрт номи билан боғлаганлари, буюк аждодларимиз Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди ва Нодирабегимлар сиймосида ватанга муҳаббат, унинг ҳимоячиси қандай бўлишига ёрқин мисол эканликлари, ёшларимиз ҳам азиз ватанимизга ана шу аждодларга муносиб бўлиб, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишларини таъкидлади.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари сўзга чиқиб, талаба-ёшларни нуфузли танловда иштироки ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташрифи билан қутлаб, юртимизда жуда катта ислоҳотлар бўлаётгани, айниқса, диний соҳада кечаётган ўзгаришларни ҳар қанча гапириш мумкинлигини таъкидлади.
Муфтий ҳазратлари нутқлари давомида “Исломда Ватанга бўлган муҳаббат” мавзусида сўзлаб, аслида Ватан она каби муқаддас, деб бежиз айтилмагани, ҳар бир мўмин ва муслима қайси соҳада бўлмасин ўзи туғилиб ўсган юрти равнақига ҳисса қўшишга бел боғласа, инша Аллоҳ унинг икки дунёси обод бўлиши, Ватанга муҳаббати йўқ инсондан эса яхшилик кутиб бўлмаслигини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, Муфтий ҳазратлари Ислом манбаларида Ватанга муҳаббат тўғрисида келган воқеа-ҳодисаларни сўзлаб бердилар.
Учрашув давомида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов ҳам сўзга чиқиб, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний таълим муассасалари ҳақида гапирди. Шунингдек, талабалик даврини ғанимат билиш, кўпроқ ўқиб-ўрганиб, устозлардан илм олиш пайида бўлиш ҳақида ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.
Диний соҳа раҳбарлари билан учрашув давомида талаба-ёшлар ҳам сўз олиб, ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди, ана шундай учрашувлар ташкил этилгани учун миннатдорчилик билдирдилар ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Жаннатдаги “Райён” эшиги муборак бўлсин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир эшик бор, уни “Райён” деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
2. Дўзахдан узоқ бўлиш муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутар экан, Аллоҳ таоло унинг юзини шу туфайли етмиш куз (етмиш йиллик масофага) дўзахдан узоқ қилади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
3. Рўзанинг шафоати муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади", деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
4. Аллоҳ таолога рўбарў бўлгандаги хурсандчилик муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “... Роббисига йўлиққанда, рўзаси ила хурсанд бўлади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
5. Дўзахдан омонлик муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
6. Ўтган гуноҳларингиз кечирилгани муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Насоий ривояти).
7. Қабул бўлган дуолар муборак бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзадорнинг дуоси рад этилмайди”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
8. Аллоҳнинг мукофоти муборак бўлсин!Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “...фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Ўзи муваффақ этиб тутган рўзаларимизни Ўзининг розилиги билан мукофотласин!
Даврон НУРМУҲАММАД