Бугун эрта тонгда Тошкент халқаро аэропортидан Мадина шаҳрига йўл олган ўзбекистонлик зиёратчилар эсон-омон муборак заминга етиб бордилар.
Ҳамюртларимизни саудиялик ташкилотчилар томонидан муносиб кутиб олдилар ва уларга юқори даражада хизмат кўрсатмоқдалар.
Айни дамда зиёратчиларимиз меҳмоналарга жойлашиб бўлганларидан сўнг ихлосу имон билан ибодатларни адо этишга киришдилар.
Аллоҳ таоло юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилиб, ибодату дуоларини ижобат айлаб, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Уйимиздаги уч ойлик қўзичоқнинг оёғи синиб, юролмай қолди. Шуни сўйиб, гўштини есак бўладими? Ёки ейишга яроқсиз ҳисобланадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимизда ҳалол бўлган ҳайвонларни, жонзотларни ейиш учун маълум ёш белгиланмаган. Ҳатто янги туғилган ҳайвоннинг гўштини ҳам ейиш мумкин.
Ватандошимиз, буюк муҳаддис имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Бухорий” асарларида Хандақ ғазоти бобида қуйидаги ҳадисни келтирганлар: Жобир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни очликдан силласи қуриган ҳолатда кўриб, уйига келиб, аёлига бирор нарса пиширишни тайинлайди. Аёли бир улоқчани сўйиб, пиширади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва саҳобалар ундан тановул қиладилар.
Ҳадиси шарифда арабча “Аноқ” сўзи билан келтирилган улоқчани муҳаддис уламолар тўрт ойга тўлган, онасидан ажратилган ва ўтлашга қодир бўлган эчки боласи, деганлар.
Демак, ҳалол ҳайвон гўштини ейишнинг муайян ёши белгиланмаган. Асосийси, сўйишни шариат талабига мувофиқ тарзда бажарилишидир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази