Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Ҳожиларимиз Мадинаи мунавварада муборак жойларни зиёрат қилишмоқда

Хабар берганимиздек, шу кунларда ўзбекистонлик зиёратчилар Мадинаи мунавварада ибодатларини адо этиш билан бирга ушбу шаҳардаги минглаб саҳобалар абадий қўним топган “Бақи” қабристони, “Қубо” ва “Қиблатайн” масжидлари ва Ухуд тоғини ҳам зиёрат қилишмоқда.

Ҳожиларимиз зиёратларни малакали ишчи гуруҳи ва элликбошилар ҳамроҳлигида амалга оширишиб, ушбу муборак жойлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишмоқда.

Зиёрат асносида муборак жойларни кўриш насиб қилгани учун Ҳақ таолога ҳамдлар айтишиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилишмоқда.

Ҳожиларимиз зиёрат қилган муборак жойлар: “Бақи” қабристони, “Қубо”, “Қиблатайн” масжидлари ва Ухуд тоғи ҳақида қуйида қисқача маълумот бериб ўтамиз:

Бақиъ қабристони Мадинаи мунавварада жойлашган энг қадимги ва энг машҳур катта қабристон бўлиб, у ерга минглаб саҳобийлар, тобеъинлар ва авлиёлар дафн этилган. У Масжиди Набавийнинг жануби-шарқ томонида жойлашган.

Бақиъ қабристони шарафли жой ҳисобланиб, у дунёдаги қабристонларнинг энг афзалидир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким Мадинада вафот эта олса, шундай қилсин. Чунки мен бу ерда вафот этган кишини шафоат қиламан”, дедилар” (Имом Термизий ривояти). Баъзи ривоятларга кўра, Бақиъ қабристонига дафн этилганлар қабр азобидан эминда бўладилар, деб таъкидланган.


***


“Қубо” масжиди эса Исломда биринчи қурилган масжид ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб ўтаётган пайтларида Мадина йўлида Қубо деб номланган жойга етиб, ўша бир неча кун турганлар. У ерда биринчи бўлиб “Қубо” масжидига асос солганлар ва илк маротаба ўша масжидда жамоат намозини ўқиганлар. Масжид жойлашган ўрни эътибори билан “Қубо” деб номланган. У Мадинадан тахминан уч мил[1] узоқликда жойлашган.


***


“Қиблатайн” масжиди икки қибласи бор маъносини англатади. Мадинаи мунавваранинг ғарб томонида, Бани Салмо туманидаги “Бахрату вабра” деб номланган тепаликда жойлашган. Мазкур масжид ранги ўта оқлиги билан машҳур.
Масжид ҳижратнинг иккинчи йилида қуриб битқазилган. Масжидни Савод бин Ғанам бин Каъб зурриётлари хурмо шохлари ва баргларидан қуришган. “Қиблатайн масжиди”нинг араб ва Ислом тарихидаги аҳамияти катта. Пайғамбар алайҳиссалом даврида мусулмонлар масжид ал-Ақсога қараб намоз ўқишаётган эдилар. Жарчи келиб, Расулуллоҳ алайҳи саломга ваҳий нозил бўлгани ҳамда қибла Ҳарамга ўзгаргани ҳақида хабар берди. Бақара сурасининг 144-ояти нозил бўлиб, саҳобалар таналари билан Маккадаги Ҳарами шарифга юзландилар. Шундан буён бу масжид икки қиблали масжид деб атала бошлади.


***


Уҳуд тоғи Мадинанинг шимолий тарафида жойлашган муборак бир тоғдир. Тоғнинг узунлиги 7 километр, кенглиги 2-3 километр, баландлиги эса 350 метрга яқин. Тоғ Мадинаи Мунавварадан тахминан 4-5 километр узоқликда жойлашган. Уҳуд тоғида бир неча ғор ва даралар мавжуд бўлиб, баъзи ғорларнинг баландлиги бир ярим метрни, узунлиги эса ўн метрни ташкил этади.

Ушбу тоғ ва унинг атрофида кўплаб тарихий воқеалар бўлиб ўтган. Ана шулардан бири Уҳуд ғазотидир. Бу ғазот Бадр ғазотидан кейин, ҳижрий 3-йилда, мусулмонлар билан Қурайш қабиласи ўртасида бўлиб ўтган. Ушбу жангда минг нафар мусулмонлар уч минг сонли Қурайш қўшинига қарши курашдилар.

Аллоҳ таоло юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилиб, ибодату дуоларини ижобат айлаб, муборак жойларда дуо қилишни барчамизга насиб этсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1087 марта ўқилди