Бугун, 20 июнь куни Маккаи мукаррамага ҳаж амалларини адо этиш учун етиб келган зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳи “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида тантанали равишда катта эҳтиром ва юксак илтифотлар ила кутиб олинди.
Зиёратчиларимиз муҳташам меҳмонхонага яқинлашиб келганларида нашидлар-салавотлар айтилди, ширинликлар улашилиб, муқаддас зам-зам сувлари ила икром қилинди.
“Ҳаж – 2022” мавсуми ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар ва меҳмонхона мутасаддилари юртдошларимизга табассум билан пешвоз чиқдилар. `
Ҳашаматли меҳмонхонадан жойлари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерда мамлакатимиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, катта ҳозирликлар кўриб қўйган ишчи гуруҳ аъзолари эҳтироми ва моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомлари ҳамда ширинликларидан баҳраманд бўлдилар.








Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Наманган вилоятида “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси битирувчиларини ишга тақсимлаш бўйича учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов, Наманган вилояти бош имом хaтиби Абдуллоҳ Самадов ҳамда таълим муассасаси директори Қобилжон Мирзабоев битирувчиларни ишга тақсимлашга доир масалаларга тўхталишди.
Маълумот учун, "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасасининг бу йилги битирувчилари сони 35 нафар бўлиб, юртимиздаги масжидларга имом-хатиб ва имом ноиби вазифаларига тайинланади. Таълимни давом эттирмоқчи бўлганлар эса Тошкент ислом институти ва бошқа олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишлари мумкин.
Шунингдек, таълим муассасасида “Ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш куни” муносабати билан тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов сўзга чиқиб, ёш авлод қалбида Ватанга бўлган муҳаббат, миллий ғурур ва фидойилик туйғуларини сайқал топтириш ҳамма даврлар учун муҳим вазифа саналиб келишини таъкидлади.
Тадбирлар сўнгида талабаларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилиб, хайрли дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати