Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Декабр, 2025   |   17 Жумадул сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:11
Қуёш
07:36
Пешин
12:20
Аср
15:13
Шом
16:58
Хуфтон
18:16
Bismillah
08 Декабр, 2025, 17 Жумадул сони, 1447

«Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми натижалари Италия оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида

23.06.2022   1079   2 min.
«Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми натижалари Италия оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида

Италиянинг «Askanews» ахборот агентлигида шу йил 16 - 20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилган «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумига бағишланган ахборот материали эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясида мустаҳкамлаб қўйилган қоидалар республикада ҳаётга изчил тадбиқ этилаётгани, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий стратегия мақсадларига эришиш йўлида илдам қадамлар ташланаётгани қайд этилган.


2019 йилда биринчи марта Тошкентда ташкил этилган «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми бугун жаҳон ҳамжамиятига ўзбек халқининг бой маданий, тарихий, илмий ва маънавий мероси, шунингдек, Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий, динлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, жамиятда дўстлик ва ўзаро тушуниш муҳитини қўллаб-қувватлаш борасидаги тажрибаси билан танишиш имкониятини берувчи муҳим платформага айланди.


Мақолада таъкидланганидек, ушбу форум 2019 йилда бўлгани каби Европа, Осиё, Яқин Шарқ, Африка ва АҚШдан таниқли диний уламолар, илоҳиётчилар, ҳуқуқшунослар, давлат ва жамоат арбобларини бир жойга тўплади. Ўзбекистон томонидан турли конфессиялар вакиллари, илоҳиётчилар, диний уламолар, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари иштирок этди.


Форум 19 май куни Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган конференция билан якунланди. Унда форум доирасида ўтказилган илмий-амалий семинарлар якунлари сарҳисоб қилинди, диний ва динлараро эркинликни таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашилди ва истиқболдаги ҳамкорлик билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар келишиб олинди.


«Халқаро форум якунида «Бухоро декларацияси» қабул қилинди. Ушбу ҳужжат аввал қабул қилинган Марокаш (2016), Жакарта (2017), Потомаке (2018), Пунто-дель-Эсте (2018) ва Макка (2019) декларацияларнинг мантиқий давоми бўлди», деб ёзади «Askanews».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шавкат Мирзиёев Конституция байрами арафасида 615 кишини афв этди

07.12.2025   4048   1 min.
Шавкат Мирзиёев Конституция байрами арафасида 615 кишини афв этди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига шарҳ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 615 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 220 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 123 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 97 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 175 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 9 нафарини чет эл фуқаролари, 29 нафарини аёл, 23 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 264 нафарини ёшлар (шулардан, 2 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 9 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Манба

МАҚОЛА