Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

Дуогўйлар ҳажга тайёрланмоқда

3.08.2017   5362   2 min.
Дуогўйлар ҳажга тайёрланмоқда

 

2017 йилнинг 4 апрелида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонни имзолаган эди. Ушбу фармон ижроси юзасидан юртимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг муборак ҳаж зиёратига бориш бўйича билдирган истаклари ҳамда “Нуроний” жамғармасининг таклифи инобатга олиниб, илгари ҳаж зиёратига боролмаган ёки бунга имкони бўлмаган уруш қатнашчилари Президент ажратган маблағ ҳисобидан ҳаж зиёратига юбориладиган бўлди. Бу фармон юртимизда истиқомат қилувчи табаррук ёшдаги отахонларни беҳад хурсанд қилди.

Айни кунларда ана шу фармон асосида юртимиздан 73 нафар нуронийлар ҳаж сафарига бориш тараддудини кўрмоқдалар.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг эсон-омон ҳаж ибодатларини адо этиб қайтишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кўп ишлар қилдилар. Жумладан, уруш фахрийларининг оила аъзолари ёки яқин қариндошларидан бир нафарига навбатсиз ҳаж зиёратига боришга рухсат берилди. Ҳар бир гуруҳга бир нафар гуруҳ раҳбари ва яна бир нафар гуруҳ раҳбарининг ёрдамчилари тайинланди ҳамда икки нафар малакали шифокор ажратилди.

Айни пайтда отахонларнинг қувончига шерик бўлиш ва улар билан дилдан суҳбатлашиш мақсадида гуруҳ раҳбарлари ҳар бир отахонларнинг хонадонида бўлмоқда. Айниқса, Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи йигирма бир нафар отахон билан танишиш ва ҳаж сафарига тайёргарликларни кўриш мақсадида дилдан суҳбат қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ҳар бир зиёратчига эҳром тақдим қилгани нур устига аъло нур бўлди. Бу ташрифдан отахонларимиз беҳад хурсанд бўлдилар. Бундай улуғ ишларнинг бошида турган муҳтарам юртбошимиз ҳақларига дуолар қилдилар.

Искандар ХАЛИЛОВ

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Аввал бурчингизни адо қилинг

19.09.2024   3335   2 min.
Аввал бурчингизни адо қилинг

Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.

Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?

Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.

Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.

Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.

Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.

Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.

Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.

Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ