www.muslimuz

www.muslimuz

2016 йилда Франция медицина академияси, “Авиценна – Франсе” (Ибн Сино – Франция) жамияти ва МЕД21 дастури томонидан таъсис этилган Халқаро Ибн Сино мукофоти 2021 йилда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваровга топширилди.
Бу ҳақда халқаро ҳайъат қарори эълон қилинди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дирекцияси қароргоҳи Францияда жойлашган “Ибн Сино – Франция” жамияти раҳбари, профессор Боннел ва у орқали халқаро ҳайъат аъзоларига миннатдорлик мактуби йўллади. Унда, жумладан, ушбу қарор сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўрта асрлар алломаларининг бебаҳо меросини сақлаш ва ўрганиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг эътирофи сифатида қабул қилингани баён этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Шоазим Миноваровни ушбу нуфузли мукофот билан муборакбод этади.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўтган йили 27 апрелда Бухоро вилоятида бўлган кучли тўфонда Олот туманидаги “Халифа” жоме масжиди ҳам катта талафот кўрган эди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси, маҳаллий ҳокимлик ташаббуси ва саъй-ҳаракати, соҳоватпеша инсонлар кўмаги билан ушбу масжид обод қилинди.

Хонақоҳ устидаги 13 метрли қайта таъмирланган гумбаз жомега ўзача маҳобат ва кўрк бағишлаб турибди. Катта хонақоҳнинг ўзида 1000 дан зиёд намозхон ибодат қилиши мумкин.

Замонавий усулдаги исситиш тизими ва совутгичлар ўрнатилди. Шунингдек, таҳоратхона, кутубхона, маъмурият хоналари, автомобил қўйиш майдони қурилди, ҳовлига манзарли дарахт ва гуллар экилди.

Маълумот учун, “Халифа” жоме масжиди 1912-1914 йилларда маҳаллий аҳоли ҳашари билан қурилган. Собиқ совет иттифоқи даврида омборхонага айлантирилган. 1991 йилдан “Халифа” қишлоғининг марака-маросимлари ўтказиб келинган. Масжид 2003 йили давлат руйхатидан ўтказилди. Шундан сўнг жомеда кундалик жамоат, “жума”, “ҳайит” намозлари адо этиб келинмоқда.

Қуръони каримда масжидларни обод қилувчилар бундай васф қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят). Алҳамдулиллаҳ, ҳалқимиз орасида бундай кишилар кўпчиликни ташкил этади.

Аллоҳни яхши кўрадиган саҳоватпеша инсонлардан Ўзи рози бўлсин, ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган барчага ажру мукофотини кўпайтириб берсин.

К.Мавлонов,
масжид имом-хатиби

Пятница, 26 Февраль 2021 00:00

Қуръон илмлари: ХУЛОСАЛАР

Икки мазҳаб эгалари ҳам – салаф ҳам, халаф ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони шубҳадан, таътил – сифатларни инкор қилишдан, муташобиҳнинг У Зотга тўғри келмайдиган сиртқи маъноларидан поклаш кераклигига иттифоқ қиладилар. Таъвил қилишда ихтилоф бор: салаф уни ман қилади, халаф эса рухсат беради.

Икки мазҳаб ҳам саҳобаи киромлардан накд қилинган. Алий ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум таъвил қилувчи саҳобалар гуруҳидандирлар. Саҳобаларнинг даврида таъвилни ман қилиш кўп тарқалган.

Имом Абу Ҳанифа ва имом Абулҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳимонинг муташобиҳ сифатлар борасида тутган йўллари ўрта босқич ҳисобланади.

Ушбулардан кўриниб турибдики, бошқа нарсалар қатори, бу ўта муҳим масалада ҳам мусулмонларнинг эҳтиёжини ҳисобга олиш, улардан хатарни даф қилиш аввалги ўринга қўйилган.

Салафлар таъвилни ман қилган бўлсалар, ўша вақтда унга эҳтиёж йўқлигидан ва агар бу иш қилинса, фитна чиқиши эътиборидан ман қилганлар. Халафлар таъвилни йўлга қўйган бўлсалар, уларнинг замонида бунга ҳожат тушгани учун мажбур бўлиб қилганлар. Чунки замон ўзгариши билан одамлар брасида турли фикрлар, мазҳаблар, оқимлар ва фалсафалар кўпайиб, шундай қилмаса бўлмайдиган ҳолга келиб қолган эди. Бунга имом Ибн Қутайба ўзининг «Таъвилу мушкилил-Қуръан» номли китобининг муқаддимасида ёзган қуйидаги гаплар ёрқин далил бўла олади:

«Батаҳқиқ, худосизлар Аллоҳнинг Китобига таъна етказдилар. Улар уни ўйин қилиб олдилар ва ундан муташобиҳ бўлган нарсаларга эргашиб, калта фаҳмлари, хаста назарлари ва жинни каллалари ила таъвил қилишга ўтдилар. Натижада каломни ўз ўрнидан ўзгартирдилар ва ўз йўлидан бошқа тарафга бурдилар. Сўнгра унинг ҳақида «Унда қарама-қаршилик бор, ақл кўтармайдиган нарсалар бор, беҳуда нарсалар бор, назми бузуқ, ихтилофи бор», дея ҳукм чиқардилар. Бу билан улар қалбларга шубҳа ва кўнгилларга шак солдилар.

Бас, мен Аллоҳнинг Китобини баён қилишни, одамларни чалкашликка солган нарсаларга қарши очиқ ҳужжатлар ва ёрқин далиллар келтиришни қасд қилдим. Ушбу китобни Қуръон мушкилотлари таъвилини жамловчи қилиб ёздим».

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, салаф ҳам, халаф ҳам етук исломий фикрдан иборатдир. Икковлари ҳам мусулмонларнинг ҳожатларини қондирган, уларга насиҳат қилиб, ақийдаларини ҳимоя этгандир.

МУТАШОБИҲ СИФАТЛАРГА ОИД ОЯТЛАРДАН НАМУНАЛАР

Келаси сатрларда муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар келтириб, Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолимизда улар ҳақида батафсилроқ сўз юритишга ҳаракат қиламиз.

Маълумки, «истиво» сўзи, хусусан Қуръони Каримда келган «истиво» лафзи ҳақида жуда кўп тортишувлар, тушунмовчиликлар мавжуд. Лекин диққат билан, атрофлича ўрганиб чиқилса, бу нарсани англаб олишнинг имкони бор. Хусусан, истиво тўғрисидаги гап-сўзлар, ёзув-чизувларнинг ҳаммаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Аршга истиво қилиши ҳақидаги масалага боғлиқ бўлади. Аллоҳ таолонинг Аршга истиво қилиши масаласи Қуръони Каримда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келгандир.

Албатта, бу мавзунинг ҳақиқатини билиш учун аввало араб тилига мурожаат қилишимиз лозим.

Араб тилида истиво сўзи бир неча маъноларни англатади.

  1. «Тугал бўлиш», «охирига етиш», «бенуқсон бўлиш».

Мисол учун, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қосос сурасининг 14-оятида марҳамат қилиб айтади:

﴿وَلَمَّا بَلَغَ أَشُدَّهُۥ وَٱسۡتَوَىٰٓ ءَاتَيۡنَٰهُ حُكۡمٗا وَعِلۡمٗاۚ وَكَذَٰلِكَ نَجۡزِي ٱلۡمُحۡسِنِينَ١٤

«У вояга етганида ва камол топганида, унга ҳикмат ва илм бердик. Яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлармиз».

Яъни ёшлиги бенуқсон бўлиб, охирига етиб, тугал бўлганда.

Яна Аллоҳ таоло Фатҳ сурасининг 29-оятида айтади:

كَزَرۡعٍ أَخۡرَجَ شَطۡ‍َٔهُۥ فَ‍َٔازَرَهُۥ فَٱسۡتَغۡلَظَ فَٱسۡتَوَىٰ عَلَىٰ سُوقِهِۦ يُعۡجِبُ ٱلزُّرَّاعَ

«Бу худди уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар».

Яъни ўсимлик тик турди – кучланди, ўзининг юқори нуқтасига етди, батамом бўлди.

  1. «Эътидол» – «тўғриланиш».

Уламолар бу борада Бану Тамим қабиласининг бу маънода айтган бир жумласини мисол қиладилар:

«Қабиланинг золими ва мазлуми (истиво қилдилар) тўғриландилар», яъни эътидол – мўътадиллик йўлига кирдилар, ўртача бўлдилар».

  1. «Бир нарсани қасд қилиш», «бир нарсага юзланиш».

Бу маъно Бақара сурасининг 29-оятида ўз ифодасини топган:

﴿هُوَ ٱلَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي ٱلۡأَرۡضِ جَمِيعٗا ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰٓ إِلَى ٱلسَّمَآءِ فَسَوَّىٰهُنَّ سَبۡعَ سَمَٰوَٰتٖۚ وَهُوَ بِكُلِّ شَيۡءٍ عَلِيمٞ٢٩

«У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган, сўнгра осмонга юзланиб, уларни етти осмон қилиб тўғ-рилаган Зотдир. Ва У ҳар бир нарсани ўта билувчидир».

  1. «Истийло» – «бир нарсани эгаллаб олиш».

Бунга уламолар араб шоирларининг шеъридан бир байтни мисол қилиб келтиришади. Бу байтда шундай дейилади:

«Қачонки бир қавмга ғазот қилса, аёлларини мубоҳ билади ва улар аларга мулк бўлган нарсани эгаллаб оладилар».

Бу ерда «истиво» сўзи «истийло», яъни «эгаллаб олиш» деган маънони ифодаламоқда.

  1. «Истиқрор» – «қарор топиш», «жойлашиш».

Муъминун сурасининг 28-оятида келган «истиво» лафзи мана шу маънони англатган:

﴿فَإِذَا ٱسۡتَوَيۡتَ أَنتَ وَمَن مَّعَكَ عَلَى ٱلۡفُلۡكِ فَقُلِ ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ ٱلَّذِي نَجَّىٰنَا مِنَ ٱلۡقَوۡمِ ٱلظَّٰلِمِينَ٢٨

«Бас, сен ўзинг билан бирга бўлганлар ила кемага жойлашиб олгач: «Бизни золим қавмлардан қутқарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дегин».

Яъни «жойлашиб олиш» – «истиқрор топиш» деганидир.

Зухруф сурасининг 13-14-оятларида ҳам худди шу маънода келган:

﴿لِتَسۡتَوُۥاْ عَلَىٰ ظُهُورِهِۦ ثُمَّ تَذۡكُرُواْ نِعۡمَةَ رَبِّكُمۡ إِذَا ٱسۡتَوَيۡتُمۡ عَلَيۡهِ وَتَقُولُواْ سُبۡحَٰنَ ٱلَّذِي سَخَّرَ لَنَا هَٰذَا وَمَا كُنَّا لَهُۥ مُقۡرِنِينَ١٣ وَإِنَّآ إِلَىٰ رَبِّنَا لَمُنقَلِبُونَ١٤

«Токи сиз уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра, уларйинг устига ўрнашиб олгач, Роббингизнинг неъматини эслаб, дейсиз: «Бизга буни хизматкор қилиб қўйган Зот покдир. Бунга қодир эмас эдик. Ва албатта, биз Роббимизга қайтувчилардирмиз».

Яъни бунда маркабнинг устига ўрнашиш – истиқрор топиш маъноси бор.

  1. «Истиво» лафзининг араб тилидаги маъноларининг олтинчиси – «боғланиш», «тўлиш», «бир-бирига ўхшаш» маъноларидир.

Бу маънолар Саълаб қабиласи адабиётидан олинган бўлиб, уларда бу сўз «иставал-важҳу» шаклида келган. «Важҳ истиво қилди», яъни «иттасала» – «боғланди» деган маънода қўлланган экан.

Яна бу сўз тўлин ойга нисбатан «иставал-қамару», яъни «ой тўлишди» деган маънода ҳам ишлатилар экан.

Шунингдек, «Истава фуланун ва фуланун», дейилса, «Фалончи билан фалончи бир-бирларига ўхшашди» деган маънони англатар экан.

  1. «Истиво» сўзининг араб тилида ифодаланадиган маъноларидан еттинчиси – «иқбол» («юзиш»), «суъуд» («юқорига кўтарилиш») ва «амд» («қасд қилиш») маъноларидир.

Араб тилидаги «истава ила самааи» ибораси «осмонга чиқди» ёки «осмонни қасд қилди», ёхуд «осмонга юзланди», ёки «унга эга бўлди» деган маъноларни билдиради.

Луғат илми уламолари: «Арабларда ушбу маъноларни бир-бирининг ўрнига ишлатиш мумкин», дейдилар.

«Истава ъалал-арш» бирикмаси Қуръони Каримнинг еттита оятида келган.

Шулардан биринчиси – Аъроф сурасининг 54-ояти:

﴿إِنَّ رَبَّكُمُ ٱللَّهُ ٱلَّذِي خَلَقَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٖ ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰ عَلَى ٱلۡعَرۡشِۖ

«Албатта, Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнгра Аршга истиво қилган... Аллоҳдир».

Иккинчиси – Юнус сурасида:

﴿إِنَّ رَبَّكُمُ ٱللَّهُ ٱلَّذِي خَلَقَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٖ ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰ عَلَى ٱلۡعَرۡشِۖ

«Албатта, Роббингиз осмоелару ерни олти кунда яратган, сўнг Аршга истиво қилган Аллоҳдир» (3-оят).

Учинчиси – Тоҳо сурасида:

﴿ٱلرَّحۡمَٰنُ عَلَى ٱلۡعَرۡشِ ٱسۡتَوَىٰ٥

«Роҳман Аршга истиво қилди» (5-оят).

Тўртинчиси – Фурқон сурасида:

﴿ٱلَّذِي خَلَقَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَ وَمَا بَيۡنَهُمَا فِي سِتَّةِ أَيَّامٖ ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰ عَلَى ٱلۡعَرۡشِۖ ٱلرَّحۡمَٰنُ فَسۡ‍َٔلۡ بِهِۦ خَبِيرٗا٥٩

«(У) осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни олти кунда яратган, сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир. У Роҳмандир. Бас, ўша ўта хабардордан сўра» (59-оят).

Бешинчиси – Сажда сурасида:

ٱللَّهُ ٱلَّذِي خَلَقَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَ وَمَا بَيۡنَهُمَا فِي سِتَّةِ أَيَّامٖ ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰ عَلَى ٱلۡعَرۡشِۖ مَا لَكُم مِّن دُونِهِۦ مِن وَلِيّٖ وَلَا شَفِيعٍۚ أَفَلَا تَتَذَكَّرُونَ٤

«Аллоҳ осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир. Сиз учун Ундан ўзга валий ҳам, шафоатчи хам йўқдир. Эслатма олмайсизларми?!» (4-оят).

Олтинчиси – Ҳадид сурасида:

هُوَ ٱلَّذِي خَلَقَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٖ ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰ عَلَى ٱلۡعَرۡشِۖ

«У осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир» (4-оят).

Еттинчиси – Раъд сурасида:

ٱللَّهُ ٱلَّذِي رَفَعَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ بِغَيۡرِ عَمَدٖ تَرَوۡنَهَاۖ ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰ عَلَى ٱلۡعَرۡشِۖ وَسَخَّرَ ٱلشَّمۡسَ وَٱلۡقَمَرَۖ

«Аллоҳ сиз кўриб турган осмонларни устунсиз кўтарган, сўнгра Аршга истиво қилган, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйган Зотдир» (2-оят).

Ушбу етти оятга диққат билан назар солган киши қуйидагиларни мулоҳаза қилади:

- Аршга истиво ушбу оятларнинг олтитасида осмонлару ернинг яратилишидан кейин зикр қилинган. Раъд сурасидаги оятда эса осмонларнинг устунсиз кўтарилганидан кейин зикр қилинган.

Бу оятларнинг барчасида «истиво» феъли Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ва У Зотга қайтадиган замирга нисбат берилган. Шу билан бирга, бу оятларда истивони Аллоҳ таолодан бошқага нисбат бериш мутлақо йўқдир.

Ушбу оятларнинг барчасида «истиво» феъли «ъала» (олд кўмакчи) ҳарфи билан келган. Бу феъл ушбу ҳарф билан келганда, устун бўлиш маъносини билдиради.

Бу оятларнинг олтитасида «истиво» феъли олдин «сумма», яъни «сўнгра» боғловчиси билан келган. Ушбу боғловчи аслида «бир оз вақт ўтгандан кейин» деган маънони беради. Тоҳа сурасидаги оятда эса боғловчисиз келган.

Ушбу ояти карималардаги услуб ва тартибда Аршнинг яратилиши Аллоҳ таолонинг махлуқотларининг яратилиши чўққиси бўлганига, уларнинг яратилиши тугал бўлганига ва У Зот уларни иҳота қилиб туришига ишора бордир. Шунга биноан, Арш Аллоҳ таолонинг қудрати ҳар нарсага етишига ва хоҳиши жорий бўлишига энг ойдин далилдир.

Бас, шундай экан, «Аршга истиво қилиш»ни махлуқотлардаги маълум ҳиссий маънолар – «ўтириш», «қарор топиш», «макон олиш», «жойлашиш» кабиларга буриш мутлақо мумкин эмас. Зотан, Аршнинг маъноларидан бири подшоҳ ўтирадиган тахтни ифода қилади. Тахт подшоҳликнинг аломатларидан бири бўлади. Бу маънони Аллоҳ таолога нисбат бериб бўлмайди.

Ушбу айтилганлардан келиб чиқиб, салафлар айтадилар: «Аллоҳ таолонинг макондан, тарафдан, жойлашишдан, ҳиссий кўтарилишдан олий ва пок эканини қатъий таъкидлаймиз. Бу оятларнинг таъвилига шўнғимаймиз. Муродни билишни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Узига ҳавола қиламиз».

Халафларнинг кўплари эса: «Аршга истиводан мурод молик бўлиш ва тадбир қилишдир», дейдилар. «Фалончи аршни эгаллади» дегани «мулкка эга бўлди» деганидир. Гарчи тахтга чиқиб, ўтирмаган бўлса ҳам.

Аввал ҳам қайта-қайта таъкидланганидек, уламолар ушбу оятларда келган «истиво» сўзидан мурод нима экани тўғрисида ихтилоф қилганлар. Лекин ихтилоф қилишдан олдин барча уммат уламолар бу масалада қуйидаги нуқталарда иттифоқ қилганлар.

  1. Мусулмон уламолари ушбу масалаларда иттифоқ қилган нарсаларнинг биринчи нуқтаси куйидагича:

Албатта, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқа ҳамма нарса янги пайдо бўлгандир. Шу жумладан, Арш ҳам янги пайдо бўлган нарса, яъни азалий нарса эмас.

Имом Байҳақий «Ал-Асмо ва сифат» деган китобда шундай ёзадилар:

«Тафсир аҳлининг қавллари иттифоқ қиладики, албатта, Арш сўрига ўхшаган нарсадир. Албатта, у жисмдир ва уни Аллоҳ таоло яратган ва фаришталарига уни кўтаришни амр қилган, уни улуғлаб, тавоф қилишни ҳам буюргандир.

Шунингдек, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ер юзида ҳам Байтуллоҳни халқ қилган (яратган) ва Бану Одамни уни тавоф қилишга ва намозда унга юзланишга амр қилган. Подшоҳнинг тахти арабларда Исломдан олдин ҳам, Исломдан кейин ҳам арш деб аталгани маълум ва машҳур-дир. Аллоҳ таоло Юсуф сурасида марҳамат қилади:

وَرَفَعَ أَبَوَيۡهِ عَلَى ٱلۡعَرۡشِ

«Ота-онасини тахтга кўтарди» (100-оят).

Бу оятдаги биз «тахт» деб таржима қилган сўз оятда «арш» дейилган бўлиб, у подшоҳнинг тахти маъносини англатади.

Оятдаги «кўтарди» лафзи «ўтирғизди» маъносидадир.

Яна Аллоҳ таоло Намл сурасида марҳамат қилади:

قَالَ يَٰٓأَيُّهَا ٱلۡمَلَؤُاْ أَيُّكُمۡ يَأۡتِينِي بِعَرۡشِهَا قَبۡلَ أَن يَأۡتُونِي مُسۡلِمِينَ٣٨

«У (Сулаймон): «Эй аъёнлар! Улар менга таслим бўлиб келишларидан олдин қайсингиз ҳузуримга у(малика)нинг тахтини келтира олади?» деди» (38-оят).

Бу ерда ҳам подшоҳнинг тахтини англатувчи маъно оятнинг аслида «арш» лафзи билан келган.

Таёлисий, имом Аҳмад, имом Термжзий, Ибн Можа, Ибн Жарир, Ибн Мунзир ҳамда Байҳақий «Ал-Асмау вас-сифат» деган бобда Абу Разин Уқайлийдан ривоят қиладилар:

«Биз: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратишдан олдин қаерда эди?» деб сўрадик. Бас, у зот:

«У «аъло» деган жойда эди. Остида ҳам, устида ҳам ҳаво йўқ эди. Сўнг Аршини сув устига халқ қилди», дедилар».

Мана шу айтиб ўтилган матнлар Аршнинг янги яратилган нарса эканига, қадимий, азалий нарса эмаслигига далолат қилади.

  1. Мусулмон умматинингуламолари бу масалада иттифоқ қилган иккинчи нуқта қуйидагича:

Улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қадим эканига иттифоқ қилганлар. Аллоҳнинг мавжуд бўлишининг бошланиши йўқдир. Агар ундай бўладиган бўлса, Аллоҳ таоло «янги пайдо бўлган» нарсага айланиб қолади. У ҳолда Уни пайдо қилувчига муҳтожлик сезилади. Бундай ҳолатда «тасалсул» – занжир, силсила пайдо бўлиши лозим бўлиб қолади. Бу икки нарса ҳам ақлий ижмоъ ила ботил нарса деб эътиқод қилинган.

  1. Мусулмон умматининг уламолари ушбу масалада иттифоқ қилган учинчи нуқта:

Албатта, Аллоҳ таоло янги пайдо бўлган нарсаларга тамоман хилофдир, улардан мутлақо бошқачадир. Аллоҳ таоло Шуро сурасида марҳамат қилади:

لَيۡسَ كَمِثۡلِهِۦ شَيۡءٞۖ

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» (11-оят).

Аллоҳ таоло Марям сурасида марҳамат қилади:

هَلۡ تَعۡلَمُ لَهُۥ سَمِيّٗا٦٥

«Унга тенгдошни билурмисан?» (65-оят).

Аллоҳ таоло Ихлос сурасида марҳамат қилади:

وَلَمۡ يَكُن لَّهُۥ كُفُوًا أَحَدُۢ٤

«Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган» (4-оят).

Бас, шундай экан, Аллоҳ таоло жисм ҳам эмас, жисмдаги ҳолат ҳам эмас, жавҳар ҳам эмас, Арш ҳам эмас ва Арш устида қарор топган ҳам эмас, осмонда ҳам эмас ва бирорта жиҳатда ҳам эмас. Унга замон ҳам таъсир қилмайди. Махлуқларга бериладиган шунга ўхшаш сифатлардан бирортаси Аллоҳ таолога тўғри келмайди. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу нарсаларнинг барчасини Ўзи яратгандир, уларнинг Холиқидир. Уларнинг яралишидан аввал Ўзи мавжуд бўлгандир ва улардан беҳожатдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг барчасининг яратилишидан олдин қандай сифатга эга бўлган бўлса, шундай ҳолидадир.

  1. Мусулмон умматининг уламолари бу масалада иттифоқ қилган тўртинчи нуқта:

Оят ва ҳадисларда Аллоҳга ўхшашликни ифода қиладиган ҳар бир матнни сиртқи маъносидан бошқа тарафга буриш кераклиги. Сиртқи кўринишда Аллоҳга кейин пайдо бўлганлик сифатини берадиган ҳар қандай маънони кесиш кераклиги ва Аллоҳнинг қадим экани, кейин пайдо бўлган мавжудотларга мухолиф, улардан тамоман бошқача эканига иттифоқ қилиш лозимлиги.

«Ундай бўлса, Қуръонда, ҳадисда келган «Аршга истиво қилиш»дан мурод нима?» деган савол пайдо бўлиши мумкин. Агар биз матнларда, оят ва ҳадисларда келган ибораларнинг зоҳирига қараб, сиртқи маънони берадиган бўлсак, «Аллоҳ таоло Аршда қарор топган, унинг устига чиқиб ўтирган» деган маъно келиб чиқади. Чунки ушбу оятлардаги «истиво» сўзининг орқасидан келган ҳарфи жар (кўмакчи) – «ъала» сўзи мана шу маънони ифода қилади. Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:

فَإِذَا ٱسۡتَوَيۡتَ أَنتَ وَمَن مَّعَكَ عَلَى ٱلۡفُلۡكِ

«Бас, сен ўзинг билан бирга бўлганлар ила кемага жойлашиб олгач...» (28-оят).

Бу ерда ҳам кемага чиқиб жойлашиш маъноси «истиво» феъли билан берилган.

Агар мана шу каби «истава аъла» шаклида келган оятларнинг маъносини «чиқди, ўтирди» деб таржима қилсак, Холиқ субҳанаҳу ва таолонинг зотига лойиқ бўлмай қолади. Масалан, «Аллоҳ таоло кейин пайдо бўлган» (Наъузу биллаҳ!) дейишга тўғри келиб қолади ва бундан «кейин пайдо бўлган махлуқотларга боғланади» деган маъно, бундан эса «Арш кейин пайдо бўлган, уни Аллоҳ таолонинг Ўзи халқ қилган, ана шу Ўзи пайдо қилган нарсанинг устига Ўзи чиқиб ўтиради», деган маънолар келиб чиқади.

Шу билан бирга, агар ўтирадиган бўлса, Аллоҳ таоло жисмдан иборат бўлиб қолади, чегараланган бўлиб қолади, бир нарсанинг устида юрадиган, бир нарсанинг устига чиқса, ўша нарса Уни кўтарадиган ҳолга келиб қолади.

Шунинг учун бу каби қуръоний лафзларга сиртдан, зоҳиран маъно беришнинг ҳеч қандай имкони йўқ, акс ҳолда Аллоҳ таолога нисбат бериш мутлақо мумкин бўлмаган маънолар келиб чиқади.

Мусулмон умматининг аввалгию ҳозирги барча уламолари иттифоқ қилиб, «Шунга ўхшаш оятларга сиртидан маъно бермаслик керак», деганлар. Акс ҳолда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотига тўғри келмайдиган гаплар чиқиб қолиши мумкин. Шунинг учун буни қаттиқ кесиб, тўхтатиш лозим бўлади.

Бу оятлар маъноси ҳақида мусулмон уламолар икки мазҳабга бўлинганлар.

Биринчи мазҳаб аввал ўтган, қадимги уламоларнинг мазҳаби бўлиб, ушбу оят ва ҳадисларга қандай келган бўлса, шундай тарзда таслим бўлинади. Ундан нимани мурод қилганини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига тафвийз – ҳавола қилинади ва шу билан бирга, У Зот таолони Ўзига лойиқ бўлмаган барча сифатлардан поклашга ҳаракат қилинади.

«Истиво» тўғрисида мана шу мазҳабни тутиб ўтган уламоларнинг баъзи бир сўзлари ҳам нақл қилинади:

Умму Салама розияллоҳу анҳодан нақл қилинган қавлга кўра, у киши: «Истиво – номаълум эмас, лекин унинг кайфияти маъқул эмас, яъни номаълум, унга ақл етмайди. Аммо истивога иқрор бўлиш иймондир, уни инкор қилиш куфрдир», деган эканлар.

Робиъа ибн Абдурраҳмондан сўрабдилар:

«Аршга истиво қандайдир?»

У киши айтибдилар:

«Истивонинг борлиги мажҳул эмас, унинг кайфи маъқул эмас (яъни қандай кайфиятда экани ақлга сиғмайди). Аллоҳнинг зиммасида пайғамбарни юбориш, пайғамбарнинг зиммасида етказиш, бизнинг зиммамизда таслим бўлишдир».

Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан ривоят қилинади:

«Биз Моликнинг ҳузурида эдик. Бас, бир одам кирди ва қуйидагиларни айтди:

-   Эй Абу Абдуллоҳ, «Роҳман Аршга истиво қилди».
Қандай истиво қилди?

Бас, Молик бошини қуйи солиб турди, уни титроқ босди. Сўнгра бошини кўтариб:

-   Роҳман Аршга истиво қилди. Ўзи уни қандай сифатлаган бўлса, шундай бўлди. «Қандай бўлди?» деб сўралмай ди. Унинг кайфияти маълум эмас. Сени бидъатчидан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман. Олиб чиқинглар буни, деди».

Бошқа бир ривоятда имом Молик шундай деганлар:

«Истиво маълум, кайфияти мажҳул, унга иймон келтирмоқ вожиб, у ҳақда савол сўрамоқ бидъатдир. Мен сени аҳли залолатдан деб биламан», деди ва уни ҳайдаб чиқаришга буйруқ берди.

Имом Моликнинг бу гапларидан истиво – маълум нарса, яъни Қуръонда келган, хабари бор, ҳамма биладиган нарса экани тушунилади.

Имом Шофеъийдан қилинган ривоятда у киши айтган эканлар:

«Истиво зикр қилинган (яъни Қуръонда зикри келган). Лекин унинг кайфияти мажҳул. Унинг кайфияти қандай экани номаълум (яъни биз унинг маъносини билмаймиз, бундай нарсаларнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади)».

Имом Аҳмаддан шу масала хусусида сўралганда, у киши:

«Истиво Аллоҳ қандай хабар берган бўлса, шундайдир. Кишиларнинг хотирасига келган нарса эмасдир», деган эканлар.

Имом Жаъфар Содиқдан бу ҳақда сўралганда, у киши:

«Ким «Аллоҳ таоло бир нарсанинг ичида», деса ёки «бир нарсадандир», деса ёки «бир нарсанинг устидадир», деса, батаҳқиқ ширк келтирган бўлади. Агар Аллоҳ таоло бир нарсанинг устида бўлса, кўтариладиган нарсага айланиб қолар эди. Агар бир нарсанинг ичида бўлса, атрофи ўралган нарсага айланиб қолар эди. Агар бир нарсадан бўлса, янги пайдо бўлган нарса бўлар эди», деганлар.

Зуннун Мисрийдан бу ҳақда сўралганда, у киши:

«Роҳман азалдан бордир, Арш янги яралгандир ва Арш Роҳманга тенглашгандир», деганлар.

Имом Шофеъийдан бу масала ҳақида сўралганда, у киши:

«Мен ўхшатмасдан, иймон келтирдим, мисол келтирмасдан, тасдиқ қилдим, уни идрок этишда ўзимни ожиз билдим ва бу масалага шўнғишдан ўзимни тутдим», деганлар.

Қуръони Каримда келган истиво тўғрисидаги оятларнинг маъноси ҳақида мусулмон уламоларининг иккинчи мазҳаби Халаф мазҳаби дейилади.

Бу кейин ўтган уламоларнинг мазҳаби бўлиб, унда «Ушбу оятлар далолат қиладиган маъноларга, яъни Қуръони Карим араб тилида тушганини эътиборга олиб, таъвил қилиш керак», дейилади. Аввал ўтган уламолар каби, ушбу мазҳабнинг уламолари «Бу маънони Аллоҳ таолонинг Ўзига тафвийз – ҳавола қилайлик», деган фикрни айтишмайди. Уларни бундай йўл тутишга мажбур қилган нарса ўша уламолар яшаб турган замонда йўлдан адашган баъзи бир фирқаларнинг мавжуд бўлганидир. Мисол учун, Аллоҳни Узи яратган махлуқотларига ўхшатувчилар, яъни Мушаббиҳа мазҳаби ва яна Аллоҳга жисм нисбатини берадиган Мужассима деган мазҳаблар бўлган. Ана шу мазҳабдагилар оятларга сиртдан маъно бериб, Аллоҳ таолонинг жисми бор, дейишгача бориб етишган. Улар залолатда бўлганлари учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога Аллоҳнинг жисми бор ёки Унинг макони бор, деган маъноларни бериш мумкин эмаслигини тушуниб етмаганлар.

Чунки ҳар бир макон ҳам янги пайдо бўлган нарсадир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса ёлғиз Ўзи қадимдир, барча мавжудотларни ижод қилганидан олдин ҳам бор бўлгандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўша мавжудотларни яратганидан аввал ҳам ундан олдинги сифатида ўзгармай қолгандир.

«Хўш, таъвилни қандай қиламиз?» деган савол қўйилганда, халаф уламолар, яъни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Аршга истивоси ҳақидаги оятларни таъвил қиламиз, деган уламоларнинг баъзилари бир хил, иккинчилари бошқа хил фикрларни айтишган.

Ана шулардан биттаси: «Истивога «истийло», яъни «Аллоҳ таоло қаҳр билан, ғалаба билан тадбир қилиш учун эгаллади» деган маънони беришимиз керак», дейди. Бу худ ди бир юртга раҳбар бўлган одам ўша юртдаги барча ишлар тадбирининг эгаси бўлиши кабидир, дейишади, яъни истиво сўзи араб тилида «эга бўлиш» маъносидаги истийло деб ишлатиб келинганини далил қилиб келтиришади.

Яна бошқа бир уламолар: «Истийло маъносини эмас, истибно, яъни тугал қилиш маъносини олсак, яхши бўлади», дейишади. Мисол учун, улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кейин Аршни яратиб, охирига етказди, ундан кейин халқ қилинадиган нарса қолмади, деган маънони беришни таклиф қиладилар.

Аҳли сунна ва жамоанинг кўпчилиги истийло маъносини берганларини билиб қўйишимиз лозим бўлади.

 

МУТАШОБИҲ СИФАТЛАРДАН НАМУНАЛАР

(Халаф уламолар мазҳабига кўра)

  1. Аллоҳнинг қўли – қудрати.

«Қўл» сўзи луғатда инсон жисмидаги маълум аъзони англатади. У инсон бармоғининг учидан тортиб, то елкасигача бўлган аъзосидир. Албатта, мазкур аъзони Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбат бериб бўлмайди. Чунки бунда У Зотга жисм нисбати берилган бўлади. Аллоҳ таоло эса бундай нарсалардан покдир.

«Қўл» сўзи бошқа маъноларда ҳам ишлатилган:

– Қудрат.

  • Қувват.
  • Неъмат.

Бир нарсанинг бировнинг тасарруфи ва мулкида бўлиши.

Қуръони Каримнинг баъзи оятларида «қўл» сўзи бирлик, иккилик ва кўплик лафзлари ила Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилган. Мазкур оятлардаги Аллоҳ таолога нисбат берилган «қўл» сўзининг тафсирида уламолар «қудрат» ва «тасарруф имкони» маъноларини ишлатганлар. Чунки инсоннинг урфида бу сўз худди шу маънода ишлатилади. «Фалон нарса фалончининг қўлидан келади», дейилади. Зотан, Қуръони Карим одамларга улар фаҳмлайдиган услубда хитоб қилган.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

بِيَدِكَ ٱلۡخَيۡرُۖ إِنَّكَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٞ٢٦

«Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага ўта қодирсан» (26-оят).

Яъни «Барча яхшиликлар Сенинг қудратинг ила ҳосил бўлур».

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

وَقَالَتِ ٱلۡيَهُودُ يَدُ ٱللَّهِ مَغۡلُولَةٌۚ غُلَّتۡ أَيۡدِيهِمۡ وَلُعِنُواْ بِمَا قَالُواْۘ بَلۡ يَدَاهُ مَبۡسُوطَتَانِ يُنفِقُ كَيۡفَ يَشَآءُۚ

«Яҳудийлар: «Аллоқнинг қўли боғлангандир», дедилар. Қўллари боғлансин уларнинг! Айтганлари учун лаънатга учрасинлар! Аксинча, Аллоҳнинг икки қўли очиқ, хоҳлаганича нафақа қилур» (64-оят).

Бу гаплари билан улар «Аллоҳ бахил», демоқчилар. Уларга раддия сифатида айтилаётган Аллоҳ таолонинг қўли очиқлиги ҳақидаги ran эса У Зотнинг карами ва неъмат бериши кенг эканига ишорадир. Зотан, барча халқларда ҳам сахий ва кўп эҳсон қилувчи одам «қўли очиқ» дея сифатланади.

Аллоҳ таоло Ёсин сурасида марҳамат қилади:

أَوَ لَمۡ يَرَوۡاْ أَنَّا خَلَقۡنَا لَهُم مِّمَّا عَمِلَتۡ أَيۡدِينَآ أَنۡعَٰمٗا فَهُمۡ لَهَا مَٰلِكُونَ٧١

«Ахир Биз улар учун Ўз қўлларимизла қилган нарсалардан чорваларни яратиб қўйганимизни кўрмадилар-ми?! Бас, улap ўшаларга молик(эга)дирлар-ку!» (71-оят).

Яъни «Ўша нарсаларни Ўз қудратимиз ила яратдик».

Салафлар эса бу масалада Аллоҳ таборака ва таолони «қўл» деган аъзо ва жисмдан поклайдилар ва бу сўздан кўзланган муродни тайин қилишни Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиладилар.

Абулҳасан Ашъарий ва у кишига ҳамфикр бўлганлар салафларнинг гапига қуйидаги гапни қўшадилар:

«Аллоҳ таоло Ўзининг бизга маълум бўлган сифатларига зиёда равишда самъий – эшитилган сифатни собит қилади. Ўша зиёда сифатнинг исми «қўл»дир. Биз ушбу сифатни билмаймиз ва уни тайин қилишга шўнғимаймиз».

Ашъарййлар бу масалада салаф билан халафнинг ўртасида турадилар.

  1. Аллоҳнинг юзи – зоти.

Юз жонзотлардаги маълум аъзо бўлиб, у оғиз, бурун ва икки кўзни ўз ичига олгандир. Албатта, Аллоҳ таоло бу каби жисм ва аъзодан покдир. Барча халқларнинг балоғатли ва киноя тарзидаги гапларида «юз» сўзидан «зот» қасд қилинади. Чунки юз жисмнинг энг шарафли қисмидир. Масалан, «Бу ишни фалончининг юзидан қилдим», дейилади.

Баъзи оятларда Аллоҳ таолога «юз» нисбати берилган. Аллоҳ таоло Роҳман сурасида марҳамат қилади:

وَيَبۡقَىٰ وَجۡهُ رَبِّكَ ذُو ٱلۡجَلَٰلِ وَٱلۡإِكۡرَامِ٢٧

«Улуғлик ва икром эгаси Роббингнинг Ўзигина боқийдир» (27-оят).

Бу ерда биз «Ўзи» деб таржима қилган сўз матнда «важҳ» – «юз» деган сўз билан ифодаланган. Яъни Аллоҳ таолонинг Зоти боқий қолади.

  1. Аллоҳнинг кўзи – муҳофазаси ва риояси.

Кўз жонзотлардаги маълум аъзо бўлиб, Аллоҳ таоло бу каби жисм ва аъзодан покдир. Барча халқларнинг бапоғатли ҳамда киноя тарзидаги гапларида «кўз» сўзидан муҳофаза ва риоя қасд қилинади. Баъзи оятларда Аллоҳ таолога «кўз» нисбати берилган.

Аллоҳ таоло Тур сурасида марҳамат қилади:

وَٱصۡبِرۡ لِحُكۡمِ رَبِّكَ فَإِنَّكَ بِأَعۡيُنِنَاۖ

«Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен риоямиздасан» (48-оят).

Яъни муҳофазамиздасан.

Оятдаги «кўз ўнгимиздасан» деган сўзни биз «риоямиздасан» деб таржима қилдик.

Халаф уламолари шу тариқа сиртидан Аллоҳ таолони сифатлаб бўлмайдиган матнларни У Зотнинг жалоли ва жамолига мос келадиган маъноларга таъвил қиладилар. Улар бу борада араб тилидаги мажоз, киноя ва балоғат услубларини ишга соладилар.

Улар жумладан, қуйидаги таъвилларни қиладилар:

Жанбуллоҳ – Аллоҳнинг тоати ва ҳаққи.

Аллоҳнинг устунлиги – маънавий юксаклиги ва қаҳри.

Аллоҳнинг нафси – зоти ёки сири.

Аллоҳнинг келиши – У Зотнинг амрининг ёки аскарининг келиши.

Аллоҳнинг бандаларига яқинлиги – улар ҳақидаги илми ва уларга лутфу марҳамати.

Аллоҳнинг муҳаббати – розилиги ва ҳоказо.

Таъвил йўлини тутган мусулмон уламоларнинг бу борадаги умумий қоидалари – ҳақиқати Аллоҳ таолога тўғри келмайдиган ҳар бир сифатни У Зотнинг жалоли ва жамолига лойиқ равишда тафсир қилинади.

 

УЛАМОЛАРНИНГ МУТАШОБИҲГА МУНОСАБАТЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ ХУЛОСА

Уламоларнинг аввал ўзимиз ўрганиб ўтган муташобиҳнинг таърифи ва унинг қисмлари ҳақидаги гапларидан бу масалада улар икки гуруҳга тақсимланишлари аён бўлди;

Биринчи гуруҳнинг фикрича, муташобиҳ илмини Аллоҳ Ўзига хос қилиб олган ва халойиқнинг бирортасига билдирмаган нарсадир. Шунинг учун у ҳақда баҳс юритишдан ва муташобиҳ оятларга шўнғишдан сақланиш вожиб бўлади.

Иккинчи гуруҳнинг фикрича, муташобиҳни билиш имкони бор ва уни ўрганиш жоиздир. Чунки Аллоҳ таоло томонидан фаҳмлаб бўлмайдиган хитоб бўлиши ҳикматдан эмас. Шунинг учун ҳам улар юқорида кўриб ўтганимиздек, сураларнинг аввалидаги ҳарфларни ва муташобиҳ сифатларни таъвил қиладилар.

Яна таъкидлашимиз лозимки, таъвил қилиш ёки қилмаслик ҳақида ихтилоф қилинаётган муташобиҳ сўзлар – қиёматнинг қоим бўлиш вақти, Дажжол ва Доббанинг чиқиши ва шунга ўхшаш қиёматнинг аломатлари, охиратнинг аҳвол ва кайфияти, шунингдек, сураларнииг бошидаги ҳарфларга боғлиқ нарсаларда, Аллоҳ таолонинг сифатларида ўхшатишнинг юзага келиши каби таъвил қилинганда ҳам ноаниқлиги кетмайдиган нарсалардадир.

Аммо муташобиҳнинг мазкурлардан бошқа турларини билиш имкони борлиги ва таъвил қилиш жоизлигида хилоф йўқ.

Икки тараф ўз тушунчасининг далили сифатида Қуръони Каримнинг битта оятини келтиради ва ўша оятни ўз тушўнчалари асосида тафсир қилади.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

هُوَ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ عَلَيۡكَ ٱلۡكِتَٰبَ مِنۡهُ ءَايَٰتٞ مُّحۡكَمَٰتٌ هُنَّ أُمُّ ٱلۡكِتَٰبِ وَأُخَرُ مُتَشَٰبِهَٰتٞۖ فَأَمَّا ٱلَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمۡ زَيۡغٞ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَٰبَهَ مِنۡهُ ٱبۡتِغَآءَ ٱلۡفِتۡنَةِ وَٱبۡتِغَآءَ تَأۡوِيلِهِۦۖ وَمَا يَعۡلَمُ تَأۡوِيلَهُۥٓ إِلَّا ٱللَّهُۗ وَٱلرَّٰسِخُونَ فِي ٱلۡعِلۡمِ يَقُولُونَ ءَامَنَّا بِهِۦ كُلّٞ مِّنۡ عِندِ رَبِّنَاۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّآ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰبِ٧

«У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унда муҳкам оятлар бор – улар Китобнинг аслидир – ва бошқалари муташобиҳлар. Аммо қалбларида оғиш бор кимсалар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ўндан муташобиҳ бўлганига осилиб оладир. Унинг таъвилини Аллохдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (7-оят).

Биринчи гуруҳ уламолари ушбу оятдаги «Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас» деган жумлада тўхтайдилар. Шунга биноан, «Илмда мустаҳкам бўлганлар эса...» жумласи янги бошланган жумла бўлади. Шунда маъно «Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар ва уни таъвил қилишга ўтмаслар» бўлади.

Демак, Аллоҳ таоло ушбу оятда муташобиҳга эргашганларни ёмонлади ва уларни тойилиш, ҳақдан бурилиш, фитна қўзиш ҳамда динда залолатга кетиш ила сифатлади. Шу билан бирга, бунда илмни Аллоҳга ҳавола қилганларни, муташобиҳга иймон келтириб, таъвилга ўтмаганларни мақтади.

Уларнинг яна бир далиллари ушбу оятнинг Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатларидан келиб чиқадиган маъносидир. У кишининг қироатларига кўра бу оятнииг таржимаси «Унинг таъвили Аллождан бошқа ҳеч кимнинг ҳузурида эмас. Илмда мустаҳкам бўлганлар эса «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар» шаклида бўлади. Шунда биринчи жумлани иккинчиси билан «вов» боғловчи ҳарфи ила боғлаб бўлмайди. Ҳар икки жумла алоҳида бўлади.

Биринчи гуруҳ уламолари ўзларининг муташобиҳ бўйича айтган гапларига ҳадиси шарифлардан ҳам далиллар келтирадилар. Мисол учун, улар қуйидаги ҳадисни айтадилар:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унда мудкам оятлар бор – улар Китобнинг аслидир ва бошқалари муташобиҳлар. Аммо қалбларида оғиш бор юнмсалар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадвда ундан муташобиҳ бўлганига осилиб оладир. Унииг таъвилини Аллождан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар»ни тиловат қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон ундан муташобиҳ, бўлганларига эргашаётганларни кўрсангиз, ана ўшалар Аллоҳ номлаганлардир. Бас, улардан ҳазир бўлинглар», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Бу гуруҳдаги уламоларнинг яна бошқа далиллари ҳам бор.

Иккинчи гуруҳдаги уламолар, муташобиҳни билиш имкони бор, дейдилар ва таъвил эшигини очадилар. Улар бунда ҳеч қандай айб йўқ, дейдилар. Улар юқоридаги оятни ҳам ўзларига хос тафсир қиладилар. Уларнинг тушунишларича, оятдаги «Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билас» жумласига ундан кейинги «Илмда мустаҳкам бўлганлар» жумласи «вов» ҳарфи ила боғланади. Шунда маъно «Унинг таъвилини Аллоҳ ва илмда мустаҳкам бўлганлар билар. Шу билае бирга, улар: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар» бўлади.

Бу гуруҳдаги уламоларнинг далилларидан яна бири Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг «Мен унинг таъвилини биладиганларданман», деган гапларидир. Худди шу гапни у кишининг шогирдлари Мужоҳид ибн Жабр ҳам айтганлар. У киши Аллоҳ таолонинг «Ва илмда мустаҳкам бўлганлар» деган қавли ҳақида: «Унинг таъвилини билурлар ва «Унга иймон келтирдик», дерлар», деган.

Ушбу фикрни кўпчилик қўллайди. Уларнинг ичида кўпчилик тафсирчилар, усул илми аҳллари, имом Ашъарий ва энг асосийси, Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби уламолари бордир.

Таъвилга энг узоқ бўлганлар ҳанбалийлар ва аҳли ҳадислардир. Ривоятларда зикр қилинишича, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи фақат учта ҳадисни таъвил қилганлар.

Таъвил тарафдорлари ўзларининг мухолифлари айтган ran уларнинг ижтиҳодлари экани, ҳамма юриши лозим бўлган йўл эмаслигини таъкидлаш билан бирга, уларнинг айтганларига раддиялар ҳам берадилар. Уларнинг фикрича, мухолифлар таъвилга келтирган ҳадислардаги огоҳлантириш ва ҳазир бўлишга чақириқлар таъвилни фитна ва диндан адаштириш учун кўллаш каби ишлардан сақланиш борасидадир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ТЎРТИНЧИ ҚИСМ

Қироат ва қорилар;

Қироатларнинг манбаси;

 

 

ЖАННАТДА АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШ БАЁНИ

02 – يَرَاهُ الْمُؤْمِنُونَ بِغَيْرِ كَيْفٍ    وَإِدْرَاكٍ وَضَرْبٍ مِنْ مِثَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Мўминлар Уни (бандаларга маълум) қандайдир бир ҳолатсиз ҳамда бирор идрок қилишсиз, ва “зарбул масал”сиз кўрадилар.

 

Назмий баёни:

Мўминлар кўрарлар Уни шаклсиз

Ҳамда идроксизу, “зарбул масал”сиз.

 

Луғатлар изоҳи:

يَرَاهُ – феъл ва мафъул. هُ замир жумлада зикр қилинмаган Аллоҳ лафзига қайтади. Кўзланган маъно аниқ бўлгани учун зикр қилинмаган лафзга ҳам замир қайтарилган. 

الْمُؤْمِنُونَ – жам музаккар солим. Фоилликка кўра раф бўлиб турибди.

بِ – “сабабия” маъносида келган жор ҳарфи.

غَيْرِ – ҳол бўлиб келган. Жор мажрур يَرَاهُ га мутааллиқ.

كَيْفٍ– Бу калима, аслида, ҳолатни сўраш учун ишлатилади. Масалан كَيْفَ رَأَيتَ فُلاَنًا (фалончини қандай ҳолатда кўрдинг?), дейилса, бунга жавобан “фалон жойда кўрдим”, “ўтирганини кўрдим”, “турганини кўрдим” каби жавоблар берилади. Нозим бу ерда бандалар Роббиларини ана шундай бандаларга хос сифатларсиз кўришларини баён қилган. 

وَ – мутлақ жамлаш учун келтирилган атф ҳарфи.

اِدْرَاكٍ – идрок қилиш деганда бирор нарсанинг моҳиятини тўлиқ қамраб олиш тушунилади. Бу билан Нозим кўзлар Аллоҳ таолони идрок эта олмаслиги оятда баён қилинганига ишора қилган. 

مِنْ مِثَالِ ضَرْبٍ – бу жумлада келган مِنْ зоида жор ҳарфидир. “Зарбул масал” деганда ақлан ҳис қилинадиган нарсани тасвирлаб бериш тушунилади. Нозим мўминлар Аллоҳ таолони қандай кўрганларини тасвирлаб бера олмасликларини ушбу калималар билан баён қилган.

 

Матн шарҳи:

Мўминлар жаннатга киргач, уларга кўзлар кўрмаган ва қулоқлар эшитмаган сон-саноқсиз неъматлар ато қилинади. Ўша неъматларнинг энг улуғи Аллоҳ таолога назар солиш ҳисобланади. Бундай улуғ бахтга муяссар бўлган бандалар Аллоҳ таолони кўрадилар. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари қандай бўлиши ҳақида сўз юритиб, Уни шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз кўришларини баён қилган. Шаклсиз ва тимсолсиз кўриш ҳақидаги сўз худди Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганлари кабидир: 

Кўнгулда кечса, кўзга тушса ҳар шай

Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай[1].

Яъни инсоннинг кўнглида Аллоҳ таолонинг қандайлиги тўғрисида қандай фикр ўтса ўтсин, унинг кўзига қандай улуғвор нарса кўринса кўринсин, Аллоҳ таоло барчасидан бошқача бўлган, олий ва буюк Зотдир.     

Идроксиз кўриш деганда эса кўрилган нарсани тасвирлаб бера олмайдиган, унинг қандайлигини тушунтириб бера олмайдиган ҳамда ёдида сақлаб қола олмайдиган даражада кўриш маънолари тушунилади. Шу маънода мўминлар Аллоҳ таолонинг жамолига шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз равишда назар ташлайдилар. Бу ҳақида шундай хабар берилган:

﴿وُجُوهٞ يَوۡمَئِذٖ نَّاضِرَةٌ٢٢ إِلَىٰ رَبِّهَا نَاظِرَةٞ٢٣

“У кунда чиройли юзлар бор. Ўз Роббисига назар солувчилар”[2].

Кофирлар эса ўша кунда Аллоҳ таолони кўришдан тўсиладилар. Бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича хабар берилган: 

﴿كَلَّآ إِنَّهُمۡ عَن رَّبِّهِمۡ يَوۡمَئِذٖ لَّمَحۡجُوبُونَ١٥

“Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар”[3].  

“Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ушбу оятда мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларига далил бор”, – деган. 

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: “Унинг душманлари тўсилган ва Уни кўра олмаганларидан кейин, Ўзининг дўстларига тажаллий (ўзини намоён) қиладики, У зотни кўрадилар”, – деган.

Бошқа бир ояти каримада кўзларнинг Уни идрок эта олмаслиги хабар берилган:

﴿لَّا تُدۡرِكُهُ ٱلۡأَبۡصَٰرُ وَهُوَ يُدۡرِكُ ٱلۡأَبۡصَٰرَۖ

“Кўзлар Уни идрок этмас. Кўзларни У идрок этар”[4]

Бу ояти кариманинг маъноси беш хил таъвил қилинган:

  1. Уни кўзлар иҳота қила олмайди. У кўзларни иҳота қилади;
  2. Кўзлар Уни кўрмайди. У кўзларни кўради; Бу сўзни айтувчилар иккита далил келтирадилар:

а) кўзлар олдиларидаги нарсаларни кўради. Кўзлар билан кўриладиган нарсалар орасида фазо бўлиши керак. Шу боис ўзларига жипс бўлиб турган нарсаларни кўрмайди. Агар кўзлар Уни кўрса, У чегараланиб қолиши лозим бўлиб қолади, шунинг учун кўзлар Уни кўрмайди;

б) эшитиш овозларни идрок этганидек, кўриш рангларни идрок этади. У зотни ранглар билан васф қилиш мумкин бўлмаганидек, кўриш билан ҳам васф қилиш мумкин бўлмайди.

  1. Бу дунёда махлуқларнинг кўзлари Уни идрок эта олмайди. Охиратда эса "Роббисига назар солувчилар" маъносидаги оятнинг тақозосига кўра Уни идрок этадилар. У зот эса дунёю охиратда кўзларни идрок этади;
  2. Дунёю охиратда золимларнинг кўзлари Уни идрок эта олмайди. Мўминларнинг кўзлари Уни идрок этади. Чунки идрок этиш осийлардан ман қилиниб, мўминларга ато этиладиган иззат-икромдир;
  3. Кўзлар Уни дунёю охиратда идрок эта олмайди. Лекин Аллоҳ таоло Ўзининг дўстларига улардаги бешта сезгилардан[5] бошқа олтинчи сезгини яратади, Уни ўша алоҳида сезги билан кўрадилар[6].

Аллоҳ таолони кўришнинг ҳақ экани ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган.

عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ البَجَليِّ قَالَ كُنَّا عِنْدَ النبيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَنَظَرَ إِلَى القَمَرِ لَيْلَةَ البَدْرِ فَقَالَ إنَّكُمْ سَتَرَونَ رَبَّكُمْ كَمَا تَرَوْنَ هَذَا القَمَرَ لا تُضَامُّونَ في رُؤْيَتهِ فَإنِ اسْتَطَعْتُمْ أنْ لاَ تُغْلَبُوا عَلَى صَلاَةٍ قَبْلَ طُلُوعِ الشَّمْسِ وَقَبْلَ غُرُوبِهَا فَافْعَلُوا. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

 Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бизлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, у зот тўлин ой кечасида ойга назар солдилар-да: “Сизлар яқинда Роббиларингизни бу ойни кўргандек кўрасизлар, Уни кўришда қийналмайсизлар, агар қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин намозга куч сарфлашга қодир бўлсаларингиз, албатта, уни адо қилинглар”, – дедилар”. Муттафақун алайҳ.  

Шарҳ: “Уламолар айтадиларки, Аллоҳ таолони кўриш ҳақидаги сўзда бу икки намознинг зикр қилиниш сабаби шуки, намоз тоатнинг афзалидир. Қолаверса, бу икки намоз, (бомдод ва аср) фаришталар жамланиши, амалларнинг кўтарилиши каби фазилатлар билан бошқа намозлардан афзаллиги собит бўлган. Бу икки намоз  намозларнинг энг афзали бўлганидан кейин уларни ўз вақтида адо этувчиларга энг афзал мукофот муносиб бўлади. Энг афзал мукофот эса Аллоҳ таолога назар солишдир”[7].

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Бу ойни кўргандек кўрасизлар” дейишлари кўриладиганни кўриладиганга ўхшатиш эмас, балки кўришни кўришга ўхшатишдир. Аллоҳ таолони кўришни ойни кўришга ўхшатишда икки хил маъно бор:

  1. Тўлин ой кечасида ойни кўриш тўғрисида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмайди;
  2. Ойни кўришда кўрувчилар қанча кўп бўлишларидан қатъи назар ҳеч бир машаққатсиз барчалари баравар кўраверадилар”[8].

                                                    

ЖАННАТДАГИ ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ

 

12 - فَيَنْسَوْنَ النَّعِيمَ اِذَا رَأَوْهُ    فَيَا خُسْرَانَ أَهْلِ الاِعْتِزَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Уни кўрган вақтларида неъматларни унутадилар, бас, эй (одамлар) мўътазилийларнинг адашишлари (дан эҳтиёт бўлинглар).

 

Назмий баёни:

Неъматлар унутилар Уни кўрсалар қачон,

Ҳазир бўлинг, мўътазила аҳлига зиён.

 

Луғатлар изоҳи:

فَ – “таъқийб” маъносида келган атф ҳарфи. Жумлани жумлага атф қилган.

يَنْسَوْنَ – тарк қиладилар, маъносидаги музориъ феъли.  

النَّعِيمَ – мафъулликка кўра насб бўлиб турибди.

اِذَا – “шартия” маъносида келган зарф ҳарфи.

رَأَوْهُ – феъл, фоил ва мафъул. رَأَى феъли кўз билан қарашга нисбатан ҳам, ақлий назарга нисбатан ҳам ишлатилади. Бу ерда кўз билан қараш маъносида ишлатилган.

فَ – “таълилия” (изоҳлаш) маъносида келган.

يَا – яқинга ҳам, узоққа ҳам ишлатиладиган нидо ҳарфи. Мунодоси маҳзуф.

خُسْرَانَ – маҳзуф феълнинг мафъули бўлганига кўра насб бўлиб турибди. Луғатда “зарар кўриш”, “ҳалок бўлиш” ва “адашиш” маъноларини англатувчи масдар исм.

الاِعْتِزَالِ أَهْلِ – музофун илайҳ. Эътизол аҳлидан мўътазилий фирқаси назарда тутилган. إِعْتَزَلَ феъли бировнинг бирор нарсадан воз кечиб, уни ўзи ташлаб кетишига нисбатан ишлатилади. إِنْعَزَلَ феъли эса бировнинг бошқа биров томонидан четлаштирилишига нисбатан ишлатилади.

 

Матн шарҳи:

Жаннатийларга кўзлар кўрмаган, қулоқлар эшитмаган сон-саноқсиз неъматлар ато қилинади. Жаннатдаги  неъматлар шундай васф қилинган:

﴿عَلَىٰ سُرُرٖ مَّوۡضُونَةٖ١٥ مُّتَّكِ‍ِٔينَ عَلَيۡهَا مُتَقَٰبِلِينَ١٦ يَطُوفُ عَلَيۡهِمۡ وِلۡدَٰنٞ مُّخَلَّدُونَ١٧ بِأَكۡوَابٖ وَأَبَارِيقَ وَكَأۡسٖ مِّن مَّعِينٖ١٨ لَّا يُصَدَّعُونَ عَنۡهَا وَلَا يُنزِفُونَ١٩ وَفَٰكِهَةٖ مِّمَّا يَتَخَيَّرُونَ٢٠ وَلَحۡمِ طَيۡرٖ مِّمَّا يَشۡتَهُونَ٢١ وَحُورٌ عِينٞ٢٢ كَأَمۡثَٰلِ ٱللُّؤۡلُوِٕ ٱلۡمَكۡنُونِ٢٣ جَزَآءَۢ بِمَا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ٢٤

(Улар олтиндан) ясалган сўриларда, ястанган ҳолларида бир-бирларига юзма-юз бўлиб (ўтирурлар). Устиларида эса мангу ёш болалар айланиб (хизматда) юрурлар оқар чашмадан олинган (май тўла) қадаҳлар, кўзалар ва косалар билан. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар. Яна ўзлари танлаб оладиган мева билан, иштаҳалари тортадиган қуш гўштлари билан ҳам (таъминлаб турурлар). Яна (улар учун) оппоқ юзли катта ва чиройли кўзли ҳур қизлар ҳам бўлурки, улар худди (пардага) ўралган дурлар кабидирлар. Бу улар (дунёда) қилиб ўтган амалларининг мукофотидир[9].

Шунчалик ажойиб нозу неъматлар ичида бўлган жаннатийлар Аллоҳ таолонинг жамолини кўрган пайтларида олдиларидаги барча неъматларни унутар эканлар. Шу маънода Ҳишом ибн Ҳассон: “Албатта, Аллоҳ таоло жаннат аҳлига Ўзини намоён қилади. Жаннат аҳли Уни кўрган пайтларида жаннат неъматларини унутадилар”, – деган[10].

Аммо жаннатийлар Аллоҳ таолони кўрганларидан сўнг жаннат неъматлари уларга арзимас бўлиб қолмайди. Балки жаннатийлар Аллоҳ таолони кўрган вақтларида, Унинг тасвирлаб бўлмайдиган даражада улуғлигидан бошқа неъматларни унутиб, унга маҳлиё бўлиб қоладилар. У зот жамолини тўсгандан кейин эса кўрилган нарсани тасвирлаб, тушунтириб бера олмасликлари, ёдда сақлаб қола олмасликлари, қандай эканини идрок эта олмасликлари сабабли яна жаннат неъматларидан роҳатланиб яшайверадилар.

Мулла Али Қори байтдаги فَيَا خُسْرَانَ маъносидаги сўзни грамматик жиҳатдан шарҳлаб, ҳарфи нидонинг мунодоси маҳзуф деганлар ва бу сўзларига имом Шотибийнинг[11] сўзларидан далил келтирган:

وَلَوْ أَنَّ عَيْناً سَاعَدتْ لتَوَكَّفَتْ سَحَائِبُهَا بِالدَّمْعِ دِيماً وَهُطّلاَ

وَلكِنَّها عَنْ قَسْوَةِ الْقَلْبِ قَحْطُهاَ فَيَا ضَيْعَةَ الأَعْمَارِ تَمْشِى سَبَهْلَلاَ

Агар кўз ёрдам берса, булутлари қуярди,

Давомли ёш ёмғирларин киприклардан бетиним.

Лекин қалб қаттиқлиги уларни қуруқ қилди.

Эй (халойиқ, сақланинглар) умрларнинг  зое ўтишидан[12].

Яъни ушбу فَيَا ضَيْعَةَ الْأَعْمَارِ  ҳам нидо ҳарфидан сўнг “халойиқ” деган мунодо ҳазф қилинган. 

Мулла Али Қори “Ҳазир бўлинг мўътазила аҳлига зиён” деган байтда мўътазилий фирқасидагилар борди-ю жаннатга кирсалар ҳам, Аллоҳни кўришни инкор қилганликлари сабабли ушбу улуғ  неъматдан маҳрум бўлишларига ишора бор, – деган. Чунки банда Аллоҳ таоло тўғрисида қандай ўйласа, унга бериладиган жазо ё мукофотнинг ўша ўйга мувофиқ бўлиши хабарларда келган:

 عَنْ حِبَّانَ بْنِ أَبِي النَّضْرِ قَالَ خَرَجْتُ عَائِدًا لِيَزِيدَ بْنِ الأَسْوَدِ فَلَقِيتُ وَاثِلَةَ بْنَ الأَسْقَعِ وَهُوَ يُرِيدُ عِيَادَتَهُ فَدَخَلْنَا عَلَيْهِ فَلَمَّا رَأَى وَاثِلَةَ بَسَطَ يَدَهُ وَجَعَلَ يُشِيرُ إِلَيْهِ فَأَقْبَلَ وَاثِلَةُ حَتَّى جَلَسَ فَأَخَذَ يَزِيدُ بِكَفَّيْ وَاثِلَةَ فَجَعَلَهُمَا عَلَى وَجْهِهِ  فَقَالَ وَاثِلَةُ  كَيْفَ ظَنُّكَ بِاللهِ قَالَ ظَنِّي بِاللهِ وَاللهِ حَسَنٌ  قَالَ فَأَبْشِرْ فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ قَالَ اللَّهُ  عَزَّ وَجَلَّ  أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي إِنْ ظَنَّ خَيْرًا فَلَهُ وَإِنْ ظَنَّ شَرًّا فَلَهُ.  رَوَاهُ  أَحْمَدُ بْنُ حَنْبَلٍ

 Ҳиббон ибн Аби Назрдан ривоят қилинади: “Язид ибн Асвадни (бемор бўлиб ётган эди) кўргани чиқдим. Йўлда Восила ибн Асқоъга йўлиқдим, у ҳам Язид ибн Асвадни кўргани кетаётган экан. Иккаламиз унинг ёнига кирдик. У Восилани кўргач, унга қўлларини чўзиб, ёнига ишора қилди. Восила унинг ёнига бориб ўтирди. Язид Восиланинг иккала кафтларини ушлаб, ўз юзига босди. Восила унга: “Аллоҳ тўғрисида қандай ўйдасан”, – деди. У: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ тўғрисидаги ўйим яхшидир”, – деди. Восила унга: “Хурсанд бўлавер, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ азза ва жалла айтдики: “Мен бандамнинг мен тўғримда қилган ўйидаман, агар яхши  ўйлаган бўлса, ўзига яхши, агар ёмон ўйлаган бўлса, ўзига ёмон”, деганларини эшитганман”, – деди”.  Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган.  

Шунинг учун ҳар бир мўмин киши, иншааллоҳ, Аллоҳ мени кечиради, жаннатига киритади ва у ерда Унинг жамолини кўраман, деган ўйда бўлиб, шу ўйига яраша ҳаракат қилиб бориши керак.

 

АЛЛОҲ АДОЛАТЛИ ВА РАҲМАТЛИ ЗОТДИР

 

22 – وَمَا إِنْ فِعْلُ أَصْلَحَ ذُو افْتِرَاضٍ  عَلَى الْهَادِي الْمُقَدَّسِ ذِي التَّعَالِي

 

Маънолар таржимаси:

Олийлик соҳиби муқаддас (махлуқларнинг сифатларидан холи) Ҳодийга “аслаҳ иши” асло фарз бўлмайди.

 

Назмий баёни:

“Аслаҳ  иши” фарз эмас улуғ Ҳодийга,

Нуқсонлардан холи Мутаолийга.

 

Луғатлар изоҳи:

مَا – нафий ҳарфи. Нафийни таъкидловчи зоида إِنْ билан бирга келгани сабабли لَيْسَ нинг амалини қила олмайди[13].

إِنْ – нафийни таъкидлаб келган зоида ҳарф.

فِعْلُ – мубтадо. Музоф бўлгани учун танвинли бўлмайди.

أَصْلَحَ – музофун илайҳ, ғойру мунсориф бўлгани учун фатҳа билан мажрур бўлиб турибди.

ذُو – хабар бўлгани учун марфуъ бўлиб турибди. Таҳқиқларга кўра ушбу таркиб мўътабар ҳисобланади.

افْتِرَاضٍ – музофун илайҳ. Луғатда “зиммага юклаш” маъносидаги масдар.

عَلَى – “истеъло” (устун бўлиш) маъносида келган жор ҳарфи.

الْهَادِي – Ҳодий Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, луғавий жиҳатдан икки хил маънони ифодалайди:

  1. Тўғри йўлни кўрсатувчи;
  2. Ҳидоятни яратувчи.

الْمُقَدَّسِ – луғатда “нолойиқ сифатлардан холи” маъносини англатади. Нозим бу сўз билан Аллоҳ таолонинг اَلْقُدُّوسُ исмига ишора қилган.

 التَّعَالِي ذِي – луғатда “олийлик соҳиби” маъносини англатади. ذِي “асмои ситта”дан бири бўлиб, “соҳиб” маъносини англатади. الْهَادِي га сифат бўлгани учун мажрур бўлиб турибди. Бу сифат билан Аллоҳ таолонинг اَلْمُتَعَالِي исмига ишора қилинган.

 

Матн шарҳи:

Ушбу байт ҳам мўътазилий фирқасига раддия тарзида ёзилган байтлардан биридир.  Ўзларини “Адолат ва тавҳид тарафдорлари” деб аташган бу фирқа “Аллоҳ адолатли зот, шунинг учун Унга бандаларга яхши бўлган ишни ихтиёр қилиш вожиб бўлади”, деган даъвони қилишгани учун уларга раддия маъносида мазкур баҳслар қилинган. Уларнинг ўзлари ҳам бу масалада ўзаро ихтилоф қилишган. Уларнинг асосий даъволари шуки, “Солаҳ” (яхшилик қилиш) ва “Аслаҳ” (ҳиммат кўрсатиш) Аллоҳ таолонинг зиммасига вожиб бўлади. “Солаҳ” деганда  куфрнинг муқобилидаги иймон, касалликнинг муқобилидаги соғлик каби, фасод ишнинг муқобилидаги яхши ишлар тушунилади. Агар бандага икки ишдан бири – ё унинг жаннатга кириши, ё дўзахга кириши каби иш рўбарў бўладиган бўлса, Аллоҳ таолонинг зиммасига банда учун “солаҳ” бўлган ишни қилиши ва шунга кўра, уни жаннатга киритиши вожиб бўлади. “Аслаҳ” (ҳиммат кўрсатиш) деганда эса банданинг қилган амалига яраша савоб бериш муқобилидаги амалидан кўпроқ савоб бериш каби ишлар тушунилади. Агар банда учун “солаҳ” бўлган жаннатда бўлиши ё “аслаҳ” бўлган” ундаги олий мақомда бўлиши каби икки иш кўндаланг келиб қолса, Аллоҳ таолонинг зиммасига “аслаҳ” вожиб бўлгани учун уни жаннатдаги олий мартабага кўтариши лозим бўлади”. 

Мўътазилийларнинг ушбу даъвоси Имом Ашъарийнинг уларнинг йўллари хато эканини англаб етишига сабаб бўлган масала ҳисобланади. Ушбу масала ҳақида имом Ашъарий ва мўътазилий етакчиси Абу Али Жуббоий ўртасида қуйидаги баҳс-мунозара бўлиб ўтган:

Имом Ашъарий: “Уч киши ҳақида нима дейсиз, улардан бири мўмин ҳолида, иккинчиси кофир ҳолида, учинчиси ёш бола ҳолида дунёдан ўтган бўлса, уларнинг оқибати нима бўлади”, – деди.

Жуббоий: “Мўмин жаннат билан мукофотланади, кофир дўзах билан жазоланади, ёш бола эса мукофотланмайди ҳам, жазоланмайди ҳам”, – деб жавоб берди.

Имом Ашъарий: “Агар ёш бола жаннатга киришни хоҳласа, унинг жаннатга кириши мумкин эмасми”, – деди.

Жуббоий: “Йўқ, унга: “Жаннатга солиҳ амал қилган мўмин киради, сенинг эса солиҳ амалинг йўқ” деб жавоб берилади”, – деди.

Имом Ашъарий: “Агар ёш бола: “Айб менда эмас-ку, агар мен улғайганимда албатта солиҳ амалларни қилиб жаннатга кирган бўлар эдим”, деса унга нима дейилади”,  – деди.

Жуббоий: “Аллоҳ таоло унга: “Агар сен улғайганингда исён қилиб жазога гирифтор бўлишингни билган эдим. Шунинг учун сенга “солаҳ” (яхши бўлган иш)ни ихтиёр қилиб ёшлигингда вафот эттирдим, – дейди” – деб жавоб берди.

Имом Ашъарий: “Ундай бўлса дўзахга гирифтор бўлган кофир: “Унинг ҳолатини билганингдек меникини ҳам билгансан-ку, нима учун менга “солаҳ” (яхши бўлган иш)ни ихтиёр қилмадинг”, деса унга нима жавоб бўлади”, – деди.

Жуббоий нима дейишни билмай жим қолди. 

  Ана шундан кейин Имом Ашъарий мўътазилий фирқасининг қарашларини чуқур таҳлил қилиб уларнинг хато эканини англаб етган ва омма халққа тўғри йўлни кўрсатишга киришган.

Мўътазилий фирқасининг даъволарига қатъи далиллар асосида кескин раддиялар берилган. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақида Аҳли сунна вал-жамоанинг қарашларини қисқа ва лўнда қилиб:    

“Аслаҳ  иши” фарз эмас улуғ Ҳодийга,

Бирор бир нуқсонсиз Мутаолийга.

дея баён қилиб қўя қолган. Ҳа, махлуқотларнинг сифатларига ўхшашдан олий бўлган Аллоҳ таолога ҳеч қачон бирор нарсани қилиш фарз бўлиб қолмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳеч қачон бирор нарсани мажбур бўлиб қилмайди, мажбур бўлиб бажариш бандаларга хосдир.

Мўътазилийларнинг қилган даъволари ботил эканига кўплаб далиллар келтирилган: 

﴿وَلَوۡ شَآءَ ٱللَّهُ لَجَعَلَكُمۡ أُمَّةٗ وَٰحِدَةٗ وَلَٰكِن يُضِلُّ مَن يَشَآءُ وَيَهۡدِي مَن يَشَآءُۚ وَلَتُسۡ‍َٔلُنَّ عَمَّا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ٩٣

“Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта, сизларни бир уммат қилган бўлур эди. Лекин У, ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва ўзи хоҳлаган кишиларни (Тўғри йўлга) ҳидоят қилур. Албатта, (сизлар бу дунёда) қилиб ўтган ишларингиздан сўралурсиз”[14].

Яъни агар Аллоҳ хоҳлаганида бутун инсониятни бир-бирлари билан ихтилоф қилмайдиган, фирқаларга бўлинмайдиган бир миллат вакиллари қилиб қўйган бўларди. Лекин У зотнинг ҳикмати уларни ўз ихтиёрларига қўйиб қўймоқни тақозо қилди. Баъзи инсонлар залолатни ихтиёр қилдилар, баъзи инсонлар ҳидоятни ихтиёр қилдилар. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани ёрдамсиз қолдириши билан залолатга кетказди, хоҳлаганини эса фазлу марҳамати билан ҳидоятга муваффақ қилди. 

 Ушбу оятда банда учун энг яхши ва энг манфаатли бўлган ҳидоятнинг Аллоҳ таолога вожиб эмаслиги, балки хоҳлаганини залолатга кетказиши ва хоҳлаганини ҳидоят қилиши баён қилинмоқда. Бундан бировни залолатга кетказиши Унинг адолати, ҳидоятга йўллаши  эса Унинг фазлу марҳамати экани, асло ва асло Унга ҳеч нарса вожиб бўлиб қолмаслиги тушунилади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ “Ҳикамул Атоия”да шундай деган: “Барча нарслар Аллоҳ таолонинг хоҳишига суянади. Унинг хоҳиши эса ҳеч нарсага суянмайди”.

Шарҳ: борлиқдаги барча нарсалар Аллоҳ таоло хоҳлагани сабабли вужудга келган бўлади. Аллоҳ таолога эса уларни хоҳлашини вожиб қиладиган бирор сабаб бўлмайди. Чунки У зотнинг хоҳиши сабаблар билан чегараланган эмасдир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ПАЙҒАМБАРЛАР ВА ФАРИШТАЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ БАЁНИ:

Қуръонда зикр қилинган пайғамбарлар;

Пайғамбарларга иймон келтириш тушунчаси;

Пайғамбарларнинг умумий адади ҳақида эътиқодимиз;

Фаришталарга иймон келтириш тушунчаси;

Фаришталарга иймон келтиришнинг мўмин ҳаётидаги таъсири;

Фаришталар қачон яратилган?

Фаришталарни асл қиёфаларида кўриш мумкинми?

Фаришталарнинг ададлари қанча?

Фаришталар ухлайдиларми?

Фаришталар гўзал суратда бўладиларми?

 

[1] Сўфи Оллоҳёр. Саботул ожизин. – Тошкент: “Чўлпон нашриёти”, 1991. – Б. 9.

[2] Қиёмат сураси, 22, 23-оятлар.

[3] Мутаффифун сураси, 15-оят. 

[4] Анъом сураси, 103-оят.

[5] Инсондаги сезгилар: 1. Эшитиш; 2. Кўриш; 3. Ҳидлаш; 4. Там билиш; 5. Теккизиб билиш.

[6] Али ибн Муҳаммад. Нукату вал Уъюн. “Мактабатуш шомила”. – Б. 151.

[7] Файсол ибн Абдулазиз. Татрийзу Риёзис солиҳийн. “Мактабатуш шомила”. – Б. 99.

[8] Ибн Ражаб. Фатҳул Борий.  “Мактабатуш шомила”. – Б. 134. 

[9] Воқеа сураси, 15, 24-оятлар.

[10] Ибн Батто. Ибонатул Кубро 6-жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 96. 

[11] Имом Шотибий қироат имомларидан бири бўлиб, ҳижрий 590 йилда вафот этган. Қироат илмига бағишлаб ёзилган “Ҳирзул аманий” асари 1173 байтдан иборатдир. Имом Шотибий қироат илми имоми бўлиши билан бир қаторда луғат ва грамматика илмининг ҳам билимдони бўлган. У зот шу қадар иқтидорли бўлганки, мазкур 1173 байтдан иборат бўлган шеърий асарининг ҳар бир қаторини لا ҳарфи билан тугаллаб ёзган. 

Уламолар араб тили билимдони сифатида машҳур бўлган зотларнинг сўзларини наҳв сарф қоидаларидан бирортасини исботлаш учун келтирадилар. Шу маънода Мулла Али Қори ҳам бу зотнинг сўзларини далил қилиб келтирган.  

[12] Имом Шотибий “Ҳирзул аманий” 82-83-байтлар. “Мактабатуш шомила”.

[13] Бу ҳақидаги маълумот 11-байтнинг изоҳида баён қилинди.

[14] Наҳл сураси, 93-оят.

Страница 1 из 412

Янгиликлар

Top