Дангасаликнинг яна бир номи ишёқмасликдир. Яъни, ишламасдан ейиш ва кўпроқ ўз нафсига ором бериш. Табобат аҳлининг ёзишларича, бу ҳолат тана фаолиятининг бузилишини ва аъзоларининг вазифасини бажаришда мушкулликни юзага келтиради. Асаб тизимининг заифлашиши, мушакларнинг бўшашуви, тана ҳаракати аъзоларининг сустлашиши ва қувватнинг кескин пасайишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида зеҳннинг пасайиши, яхши фикрлай олмаслик пайдо бўла бошлайди. Совуқ тез таъсир қилади, чунки аъзолар ҳаракати заифлигидан қон айланиши пасайиб, баданнинг ҳарорати пасаяди. Аъзоларнинг ҳаракатланиш жараёни қоннинг бутун тана бўйлаб ҳаракатидаги фаоллашув ёки пасайиш қувватига боғлиқ бўлади. Чунки айни ҳаракат қуввати кислородни икки қон томирдан организмнинг барча қисмига етказиб беради ва зарур озуқа билан таъминлаб туради; тўқималардан аъзоларга барча кераксиз зарарли моддаларни кўчириб беради ва бу аъзолар уларни танадан ажратиб чиқаради. Дангасалик, яъни камҳаракатлилик бу каби муҳим фаолият жараёни сустлашувга омил бўлади. Бу муҳим жараённинг фаоллашуви аъзоларнинг ҳаётий жараёнда бажариши лозим бўлган ҳаракатларини юқори даражага олиб чиқади. Юқорида айтиб ўтилганидек, аъзолар ҳаракатининг заифлиги кишининг ҳаётдаги ўрни заифлашувига олиб боради. Энг муҳими, нафас олиш ҳаракати ҳам сусайиб, нам ҳаводан тортиб олинадиган модда миқдори камаяди. Булардан асосан қуйидаги салбий оқибатлар келиб чиқади:
Биринчидан, аъзолар ҳаракатининг сустлиги натижасида қондан келадиган уйғотувчи қувват пасаяди, бадан ҳарорати тушади ва умумий озиқланиш фаолияти бузилиши келиб чиқади. Бу ҳолат қоннинг совиши ва ҳаётий қувват пасайишига сабаб бўлади.
Иккинчидан, қоннинг нотоза бўлиши оқибатида қизил қон таначалари карбонат ангидрид гази билан бузилади. Чунки нафас олиш ҳаракатининг қуввати заиф бўлиши боис, бу газ миқдори қонда кўпаяди ва қизил қон таначалари унга ёпишади. Шу тахлит қоннинг кислород сўриши сусаяди ва шунинг сабабидан қоннинг ҳаётий хусусиятлари заифлашади.
Учинчидан, аъзоларнинг суст ҳаракати сабабидан ва мушак тўқималарида қизиш камлигидан ортиқча нарсалар бадандан чиқиб кетолмай, тўсилиб қолади. Чунки қонда кислороднинг етарли миқдорда бўлмаслиги мушак тўқималарини уйғотувчи қувватни заиф қилади. Танадаги барча мушак тўқималарида етарли ҳарорат ҳосил бўлмаслиги натижасида жамики аъзолар ҳаракати сустлашиб қолади.
Тўртинчидан, қоннинг заиф ҳаракати боис карбонат ангидрид гази қизил қон таначаларига қўшилиб кетади ва асаб, мушак толаларида заифлик ҳосил бўлади. Бундан юрак уриши сусайиб, қоннинг оқиши сустлашади. Мия сезги органлари ва доимий ҳаракатланувчи асаб тизимида оғирлик кузатилади.
Бу салбий ҳолатлар сабаб барча аъзолар фаолияти пасайиб, натижада жисмоний ва ақлий қувват бутунлай сустлашади.
Уммат бирлиги йўлида:
Ўзбекистон тажрибаси халқаро анжуманда эътироф этилди
Туркияда «Уммат бирлиги ва глобал муаммолар қаршисида фатво кенгашлари» мавзусида халқаро маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам иштирок этди.
Дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакати, жумладан, БАА, Қатар, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Индонезия, Малайзия, Мавритания, Босния ва Герцеговина, Черногория, Хорватия, Болгария, Ирландия ҳамда МДҲ давлатларидан ташриф буюрган давлат ва дин арбоблари, муфтийлар, етук исломшунос олимлар қатнашгани анжуманнинг юксак мавқеидан далолат берди.
Йиғинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам маъруза қилди. Нутқда Ватанимиз мусулмонларининг яқин ўтмишдаги оғир синовли даврлари билан бугунги фаровон кунлари қиёсий таҳлил этилди. Халқимиз ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам ислом динига муҳаббатини сақлаб қолгани, уламоларимиз диний илмларни яширин тарзда бўлса-да, авлодларга бекаму кўст етказиб келгани таъкидланди.
Шунингдек, бугунги кунда Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юртимизда янги диний ва илмий уйғониш даври бошлангани, унинг амалий меваси сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Фатво маркази томонидан олиб борилаётган ишлар, қиса вақт ичида бир ярим миллиондан зиёд саволларга жавоблар берилгани ҳақида мухтасар айтиб ўтилди.
Маъруза равон, лўнда баён этилгани иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Дарҳақиқат, ҳикматли ва гўзал калом инсонлар орасини яқинлаштиради. Айниқса, уммат бирлиги йўлида сўзланса. Зеро, Муфтий ҳазратлари бугунги уммат олдида турган энг долзарб масалалар, уларнинг оқилона ечимлари юзасидан муҳим таклифларни ўртага ташлади. Ўзбекистон муфтийсининг халқаро йиғилишдаги фаол иштироки ва сермазмун нутқи учун алоҳида миннатдорлик изҳор этилгани ҳам шунга далолат қилади.
Ушбу чиқиш юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги юксак нуфузини яна бир бор намоён этиб, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби улуғ аждодларимизнинг муносиб издошлари бугун ҳам борлигини кўрсатди. Уламолар юрти бўлган муқаддас заминимиздан бундай забардаст олимлар етишиб чиқиши, иншааллоҳ, бардавом бўлажак.
Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари