Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
РАМАЗОНДАН СЎНГ ШАВВОЛ ОЙИДА 6 КУН РЎЗА ТУТИШ ЙИЛ БЎЙИ РЎЗА ТУТГАННИНГ САВОБИГА НОИЛ ЭТАДИ.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом сураси, 160-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.