Инсоннинг оиласи тинч, яшаб турган манзил-макони осойишта экан унга оиланинг равнақи, фарзандларининг таълим-тарбияси, келажаги ва истиқболига олиб борувчи барча омилларга муяссар бўлажак. Бундан ташқари жамиятда ҳаёт кечираётган одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, мехр-мурувватларининг самимий бўлиши асосан хотиржам бўлишликка боғлиқдир. Шу маънода Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайхи ва саллам) ҳадисларининг бирида тинчлик хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб: "Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар, у-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир"-деганлар. Демак инсонлар учун хаводек зарур сиҳат-саломатлик ва тинчлик-осойишталик неъматларнинг қадр-қимматига ўта аҳамият бериш керак эканлигини хадиси шарифда таъкидланмокда.
Аммо, беш панжа бир бўлмагандай, одамларнинг баъзилари қалб хасталигига учраб, Юртимиз равнақини кўра олмаслик иллатига чалинганларни борлиги кишининг афсуслантиради. Улар хар хил кўринишда бўлиши, хусусан диний окимларга мансуб бўлиши кишини хавотирга солади. Вахолангки, Аллоҳ таоло ўзининг каломида, "Оли Имрон" сурасининг 103-оятида "(Эй мусулмонлар), Аллоҳнинг арқонига (динига) боғланингиз ва бўлинмангиз!" деб хитоб қилади. Демак, барча мўмин-мусулмонлар соф ақида ва эътиқодга ишониб бизларгача жорий бўлиб келган тўғри йўлдан адашмаслигимизни таъкидламоқда.
Зеро, динда адашиш, нотўғри ақидаларга эргашиш мукаддас динимизни кўрсатмаларини инкор қилишлик бўлиб, натижада инсоннинг ўзига ва ўзгаларга зулм қилишлигига сабаб бўлади. Оли Имрон сураси, 108-оятда "Аллоҳ оламда ҳеч қандай зулмни бўлишини хоҳламайди" –дейилган.
Юқоридаги илоҳий далиллардан зулм ва ёмонлик Аллоҳ қайтарган ва қилиниши мумкин бўлмаган тубан амал экани кўриниб турибди.
Ҳақиқатда ислом дини хар қандай шароитда экстремистик харакатларнинг зулм келтирувчи харакатларни амалга оширишига мутлако қарши. Пурмаъно инсонпарварлик таьлимотлари ўзида ифода қилган динимиз бўла туриб афсуски, Аллоҳ таолони улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан хамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки дунёни турли бурчакларида қон тукилишлар содир бўлмокда. Бу хунрезликларни дунё бўйлаб амалга оширилиши террористик кучларнинг мукаддас ислом дини ниқоби остида содир этиши сир эмас.
Бундай бузғунчиликдан Куръони каримда: "...Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни бузадиган ва ер юзида бузғинчилик килиб юрадиган кимсалар хам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаханнам) бордир"- деб қайтарилган. (Раъд сураси, 25 оят)
Ачинарли томони шундаки, улар динни ниқоб килиб олган, унинг моҳиятини ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин қилаётган жиноятчи, қаллоб, адоват ва низо уруғини сочаётган кимсаларнинг буйруқларини ижро қилаётганларини ўзлари хам билмайдилар. Аллоҳ бўлинманглар деса, нега мусулмонлар бўлиниб кетяпти деган ташвишли савол маърифатли мусулмон кишисида пайдо бўлиши табиийдир. Шундан келиб чикиб хар бир мўмин мусулмон киши бўлиниш ёмонлигини англаб етиши лозим. Зеро, бўлинмаслик аҳли сунна вал жамоа йўлини танлаш ва унга эргашиш имон амридир. Маълумки, кейинги даврда, пайдо бўлаётган Ислом номи билан боғлиқлиги айтиладиган, лекин аслида мусулмонларнинг ораларига тафриқа соладиган тоифалар бизнинг юртимизга бегонадир.
Хозирги кунда юртимизга узоқ ва яқин айрим мамлакатларда бўлаётган нотинчликларни қоралаймиз, тез кунларда тинчлик хотиржамлик ва офият неъматидан бахраманд бўлишликларини Аллох таолодан сўраймиз.
Юртимиздаги омонлик ва офият неъматлари бардавом бўлсин.
Абдумалик Жўраев,
Уйчи тумани “Худойберди эшон” жоме
масжиди имом-ноиби
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД