Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Ноябр, 2026   |   8 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:52
Қуёш
07:09
Пешин
12:13
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:20
Bismillah
18 Ноябр, 2026, 8 Жумадул сони, 1448

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ ВОЖИБ

04.07.2024   6530   3 min.
МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ ВОЖИБ

Сарлавҳадан маълум бўлганидек, сиз ва бизга бир мазҳабга эргашиш вожиб. Мазҳабни ушламаслик охири динсизликка олиб боради. Гапимниг тасдиқи ўлароқ Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳи алайҳ “Мазҳабсизлик динсизликка кўприкдир” китобида “Биз бу каби ҳолатга тушган жуда кўп инсонларни кўрдик. Ўзларича бир нечта ҳадисни маъносини билиб олиб: “Мен ўзим Қуръон ва ҳадисдан ҳукм оламан, мен мазҳабга эргашмайман, мен ҳадисга амал қиламан”,-деб, бориб бориб беқарор инсонларга айланишди. Бир иш борасида ўзининг фойдасига нима далил келса ўшани ушлаб олаверади. Ҳатто энг чеккадаги заиф қавлларни ҳам ушлаб, нафси хоҳлаган нарсани қилиб кетадиган бўлиб қолишди. Алкаш бўлиб кетганлари қанча. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Малфузот” китобларида Ҳиндистонда мазҳабсизликни тарғиб қилган бир муҳаддисни “Мен 25 йиллик тажрибам асосида шуни билдимки, ҳозирги даврда бирор мазҳабни тутмаслик охир оқибат динсизликка олиб борар экан” деган гапларини иқтибос келтирган.

Дин душманлари бу умматни тўғридан-тўғри диндан олиб чиқиб кетишни уддасини қилолмагач, охири мазҳабсизлик ғояларини тарғиботини бошлашди. Бунинг учун баъзи саноқли масалалардагина ўз мазҳабидан четга чиққан ҳанбалий мазҳабидаги Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳни асос қилиб олишди. У киши ҳанбалий мазҳабида бўлиб, бир юз олтитагина ақоид ва ибодатга тегишли баъзи масалаларда мазҳабдан ташқарига чиққанлар. Бошқа ҳаммасида ҳанбалий мазҳабини маҳкам ушлаганлар. Лекин У киши ҳам ўзларидан аввалги уламоларни кофирга чиқарган эмаслар. Ҳатто Боязид Бистомий, Абдулқодир Жилоний каби тасаввуф машойихларини ҳам мақтов билан зикр қилганлар. Мазҳабдан чиққан ўринларда уммат уламоларининг қаттиқ раддияларига учраганлар. Демак, хатоларининг асосий сабаби- улар мазҳаб асосчилари қанақа мартабадаги зотлар эканини билмаслигидадир.Уламолар мазҳабларга эргашиш – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилоф ни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, риояти).

Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид) мужтаҳид олимга тақлид қилиши лозимлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “…Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят). Уламолар оят Китоб ва суннатга қайтиш шаклида эмас, балки аҳли зикрларга эргашишликка буюриш кўринишида нозил бўлганига эътибор қаратадилар.

Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Бемазҳаблар омма, мусулмонлар орсида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар аҳли сунна вал жамоа олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.

 Алҳамдулиллаҳ! Бизнинг диёрнинг аксар қисми ҳанафийлардан ташкил топган. Имом Шаъроний раҳимаҳуллоҳ шофеьий мазҳабида бўлсалар ҳам: “Ҳанафий мазҳабини текшириб чиқдим ва саҳиҳ ҳадисларга бино қилинган ҳолатда топдим”.

Мазҳаб имомларимиздан ҳам, бу мазҳабни бизга етказган буюк мужтаҳид алломаларимиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин.

Шарифжон Юнусов
Чортоқ тумани “Ҳазрати ибн Аббос” жоме
 масжиди имом хатиби

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Самарқандда Имом Мотуридий меросига бағишланган инновацион музей ташкил этилмоқда

18.11.2026   5663   7 min.
Самарқандда Имом Мотуридий меросига бағишланган инновацион музей ташкил этилмоқда

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк аждодларимиз илмий-маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ва инновацион музейи ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.

Айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг жаҳондаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилиши мамлакатимизнинг бой тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда намоён этиш борасидаги ишларининг эътирофи.

Бу йўналишдаги ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида Самарқанд шаҳрида Имом Мотуридий инновацион музейи ташкил этилмоқда.

Музей концепцияси, экспозицияларнинг мазмун-моҳияти ва ташриф буюрувчилар учун яратиладиган имкониятлар ҳақида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ихтиёр Абдураҳмонов билан суҳбатлашдик.

Аввало, Имом Мотуридий инновацион музейини ташкил этиш ташаббусининг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Нима  учун бугун ушбу алломага бағишланган алоҳида музейга эҳтиёж  бор?

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш, уни замонавий усулларда тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий инновацион музейи каби йирик лойиҳалар бу борадаги ишлар кўламини яққол намоён этади. 

Ана шу эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида Самарқандда Имом Мотуридий инновацион музейи ташкил этилмоқда.

Имом Мотуридий нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун Ислом оламида катта эътибор ва эътирофга сазовор бўлган мутафаккирдир. У зотнинг “Ҳидоят имоми” деган юксак унвон билан улуғланиши ҳам бунинг ёрқин далилидир.

Шу боис алломанинг ҳаёти ва илмий меросини алоҳида музей орқали намоён этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда ташриф буюрувчилар нафақат Имом Мотуридий шахсияти, балки у асос солган илмий мактаб, унинг давомчилари ва мотуридийлик таълимотининг тарихий тараққиёти билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўладилар. 

Музей экспозицияси қандай концепция асосида шакллантирилмоқда? Унда нечта бўлим бўлади? 

Музей олти асосий бўлимдан иборат бўлиши режалаштирилган. Ҳар бир бўлим муайян тарихий давр ёки илмий йўналишни қамраб олади. Асосий мақсад — ташриф буюрувчини мотуридийлик таълимотининг илк илдизларидан бошлаб, бугунги кунгача бўлган тарихий ва илмий жараёнлар билан изчил таништириш.

Биринчи бўлим “Ақида илмининг шаклланиши” деб номланади. Унда Имом Мотуридий яшаган давргача бўлган диний-илмий муҳит, Самарқанддаги маърифий ҳаёт ва мотуридийлик таълимотининг тарихий асослари ёритилади.

Бу орқали ташриф буюрувчилар мазкур таълимотнинг тасодифан пайдо бўлмагани, балки Пайғамбаримиз (с.а.в) давридан бошланган илмий-эътиқодий силсила билан боғлиқлигини англайдилар.

Иккинчи  бўлим  бевосита Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланади. Бу ерда алломанинг устозлари, шогирдлари, асарлари, яшаган давридаги илмий муҳит, ҳикматли фикрлари ва турли адашган оқимларга қарши билдирган раддиялари ҳақида маълумотлар жойлаштирилади.

Мотуридийлик таълимотининг давомчилари ва жаҳон бўйлаб тарқалишига ҳам эътибор қаратилганми? Сабаби мотуридийлик таълимоти Имом Мотуридий вафотидан кейин ҳам тўхтаб қолмаган, шундайми? Унинг шогирдлари, кейинги авлод алломалари томонидан ривожлантирилиб, асрлар давомида Ислом оламида кенг тарқалган...

Учинчи  бўлим  айнан шу жараённи қамраб олади. Унда Абу-л-Муин ан-Насафий, Абу Ҳафс Умар ан-Насафий, Нуриддин ас-Собуний, Саффор Бухорий, Алоуддин Усмандий, Усмон Ўший, Убайдуллоҳ ибн Масъуд ва Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида маълумотлар тақдим этилади.

Шунингдек, Мовароуннаҳр илмий мактаблари, мотуридийлик таълимотининг асослари, ўзига хос хусусиятлари ва унинг дунёга тарқалиш географияси акс эттирилади.

Бу  бўлимда яна бир қизиқарли инновацион ечим — электрон рамзий кутубхона ташкил этилади. Унда мотуридийлик таълимотига оид асарлар замонавий рақамли технологиялар орқали намойиш этилади. Бу ташриф буюрувчиларга мазкур илмий мерос билан интерактив шаклда танишиш имконини беради.

Имом Мотуридий дафн этилган маскан Чокардиза мажмуаси тарихи ҳам алоҳида эътиборга молик. Бундан ташқари Мовароуннаҳр илм-фани ва диний тафаккури тарихида айни шу ҳудуд ҳам муҳим ўрин эгаллаган. Бу маскан ҳақида ҳам экспозиция яратиладими?

Чокардиза Самарқанднинг энг қадимий ва тарихий аҳамиятга эга масканларидан бири ҳисобланади. Асрлар давомида бу ерда кўплаб алломалар, муфтийлар ва илм-маърифат аҳли дафн этилган.

944 йилда Имом Мотуридий шу ерга дафн этилганидан кейин Чокардизанинг маънавий ва тарихий аҳамияти янада ортган. Мазкур маскан Мовароуннаҳр илм-фани ва диний тафаккури тарихида муҳим ўрин эгаллайди.

Афсуски, собиқ совет даврида қабристоннинг катта қисми бузилиб, унинг ўрнида турли бинолар қурилган. Кейинчалик мустақиллик йилларида Имом Мотуридий мақбараси барпо этилди. Бугунги кунда эса мажмуада кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, мақбара реконструкция қилинди, Бурҳониддин Марғиноний мақбараси қайта барпо этилди, масжид ва музей ташкил этилмоқда.

Тўртинчи  бўлимда Чокардиза тарихига оид маълумотлар, бу ерда дафн этилган машҳур алломалар, шунингдек, археологик тадқиқотлар давомида аниқланган тарихий артефактлар намойиш этилади. Айниқса, минг йиллик тарихга эга қабртошлар алоҳида аҳамиятга эга. Ташриф буюрувчилар улардаги ёзувлар, хаттотлик услублари ва тарихий маълумотлар билан танишишлари мумкин бўлади.

Музейда мультимедиа имкониятлари қандай қўлланилган?

Бешинчи  бўлим  Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган видеофильм намойиши учун мўлжалланган. Унда тахминан 10–15 дақиқалик махсус фильм орқали алломанинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ёритилади.

Олтинчи  бўлим  эса «Янги Ўзбекистонда Имом Мотуридий меросига эътибор» деб номланади. Унда мамлакатимизда аллома меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз аксини топади.

Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши, аллома таваллудининг 1150 йиллиги муносабати билан амалга оширилган ишлар, халқаро конференциялар, хорижий олимлар билан ҳамкорлик ва марказ томонидан нашр этилган илмий адабиётлар ҳақида маълумотлар тақдим этилади.

Шунингдек, ёшлар учун мўлжалланган интерактив ўйинлар ҳам ташкил этилади. Улар орқали болалар илм-фан, маънавият ва тарбияга оид саволларга жавоб топишлари, ўз билимларини синаб кўришлари мумкин бўлади.

Демак, музей фақат тарихий экспозициялар билан чекланмайди?

Албатта, музейнинг асосий хусусиятларидан бири — тарихий маълумотларни замонавий технологиялар билан уйғунлаштирган ҳолда тақдим этишдир. Бу эса турли ёшдаги ташриф буюрувчилар учун қулай имконият яратади.

Масалан, илмий адабиётларни ўрганишга қизиққан тадқиқотчи электрон кутубхона орқали керакли маълумотлар билан танишиши, ёшлар интерактив ўйинлар ва савол-жавоблар орқали билимларини бойитиши, хорижий меҳмонлар эса мультимедиа материаллари воситасида Имом Мотуридий мероси ҳақида кенг тасаввурга эга бўлиши мумкин.

Энг муҳими, бу ерга келган инсон нафақат буюк алломанинг қадамжосини зиёрат қилади, балки у зотнинг илмий қарашлари, мотуридийлик таълимотининг асослари ва Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам муҳим маълумотларни олади.

Ишонамизки, Имом Мотуридий инновацион музейи келгусида нафақат юртимиз аҳолиси, балки бутун дунё мусулмонлари, олимлар ва тадқиқотчилар эътиборини тортадиган муҳим илмий-маърифий масканга айланади.

Дурдона Расулова суҳбатлашди, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари