Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бор.[1]”- деган сўзларига кўра рўза тутгувчи нимадир танаввул қилиб саҳарлик қилиши мустаҳабдир. Саҳарлик вақтида таомланиш рўза ибодатини адо этиш учун рўзадорга ёрдам беради. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарликдаги таомдан кундузги рўзаларингга ёрдам олинглар.[2]” - деганлар.
Саҳарлик қилиш рўза тутишни ҳоҳловчи учун ўзига муяссар бўлган таом ва ичимликдан бирон нарсани саҳарлик вақтида танаввул қилиш билан бўлади. Саҳарлик вақти кечанинг олтидан бирининг охирги қисмидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарликнинг ҳамма вақти баракадир. Сизлар унда бир қултум сув бўлса ҳам ичишни тарк қилманг. Чунки, Аллоҳ таоло ва фаришталар саҳарлик қилувчига саловот айтади.”- дедилар.[3] Яна бошқа бир ҳадисларида: “Хурмо мўминнинг қандай ҳам яхши саҳарлигидир.”-деганлар.[4]
Агар кеча ҳали чиқиб кетмаганига шубҳа қилмаса, саҳарликни субҳдан сал олдинроқ қилиш мустаҳабдир. Агар кеча чиқиб кетди, деб гумон қилинганда, овқатланиш макруҳ бўлади. Имом Муслим ўз саҳиҳларида Абу Атийядан келтирган ҳадисда саҳарликни субҳга яқин қилиш мустаҳаб эканлигига далил. Абу Атийя разияллоҳу анҳу айтдилар: “Мен ва Масруқ Оиша разияллоҳу анҳо онамиз олдиларига кириб, Ё, Уммул мўминийн, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан икки киши, бири ифторни ва намозни шошилтиради, бошқаси эса ифторни ва намозни кечиктиради.”- деб сўрадик. Оиша разияллоҳу анҳо: “ Улардан қайси бири ифторни ва намозни шошилтиради?”-деб сўрадилар. Биз: “Абдуллоҳ ибн Масъуд”- дедик. Оиша разияллоҳу анҳу: “ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилар эдилар.”- деди[5].
Саҳарликдан кейин ухлаш яхши эмас. Чунки бу ҳолатда ошқозондаги таом хазм бўлиши қийин бўлади. Бу муборак вақтда ибодат ва истиғфор билан машғул бўлиб, субҳ намозини жамоат билан ўқиш учун масжидга бориш лозим. Бу вақт Аллоҳга тоат ибодат қилишнинг энг афзал вақтларидандир.
Ифторликни тезда қилиш.
Рўзадор қуёш ботиши билан ифторликни қилиши мустаҳабдир. Уни қуёш ботгандан кейин ҳам тахир қилиш макруҳдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонлар (кун ботиши билан) тезда ифторлик қилишса доим яхшиликда бўлади.”[6] - деганлар.
Лекин рўзадор ифторликда узоқ ўтириб, шом намозини мустаҳаб вақтидан кечиктирмасин. Шомнинг мустаҳаб вақти кун ботгандан кейин қоронғулик тушиб, юлдузлар кўрингунгачадир. Энг афзали, таҳорати йўқ киши ёки таҳорат олмоқчи бўлган киши ифторликдан аввал таҳорат олиб, кун ботиши билан ифторликни тезлатиб, овқат емоғидир. Ундан сўнг шом намозини жамоат билан адо этаверади. Бу ҳолат таом тайёр бўлганда, аммо таом ҳозирланмаган бўлса ёки масжид рўзадорнинг уйидан узоқроқ бўлса, афзали рўзадор кун ботиши билан ўзининг олдидаги егуликдан нимадир еб ва ичимликдан бир қултум бўлса ҳам ичиб сўнг шом намозини вақтида жамоат билан ўқиб, ундан сўнг яна таомланаверишидир.
Шу ҳолатларда ифторни шошилтириш ва шом намозини мустаҳаб вақтида ўқиш каби суннатлар ҳосил бўлади. Таом тайёр бўлганда намоз ўқиш каби кароҳият содир бўлмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таом ҳозирланганда ва икки хабис[7] нарса чақириб турганда намоз ўқиш йўқ.”[8]-дедилар. Яна бир бошқа ҳадисларида: “Кечки таом тайёрланганда намозга такбир айтилса, кечки таомдан бошланглар.”[9] -деганлар.
Ифтор вақтидаги дуо
Рўзадор ифторлик пайтида дуо қилиши мустаҳабдир. Чунки унинг дуоси ижобат бўлади, хоссатан мана шу пайтда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди. Ифторлик қилаётган рўзадорнинг, одил имомнинг, мазлумнинг дуоси. Булутлар устидан кўтарилиб, унга осмон эшиклари очилади. Аллоҳ таоло: “Иззатим ва жалолимга қасамки, агар озгина замондан кейин бўлса ҳам сенга ёрдам бераман.”-дейди.”-дедилар.[10]
Ҳадисларда келгани каби дуо қилиш афзалдир. (Аллоҳумма лака сумту ва бика а’манту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқийка афтарту. Заҳабаз зомау ва ибталатил уъруқу ва сабатал ажру инша Аллоҳу) Маъноси: “Аллоҳим сен учун рўза тутдим, сенга иймон келтирдим, сенга таваккал қилдим ва сен берган ризқинг билан ифторлик қилдим. Чанқоқ кетди, томирлар намланди ва Аллоҳ хоҳласа ажрлар собит бўлди”.
Суннани Абу Довудда Абдуллоҳ ибн Умарнинг: “ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон ифторлик қилсалар: “Заҳабаз зомау ва ибталатил уъруқу ва сабатал ажру инша Аллоҳу” -дер эдилар.”-деган ҳадисларида келади. Яна Муоз ибн Заҳранинг: “Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ифторлик қилаётганида:“Аллоҳумма лака сумту ва аъла ризқика афтарту.”-дейишлари хабари етди.”- деган ҳадислари ҳам келади.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, рўзадор учун қайтарилмайдиган дуоси бор.”-дедилар. Абдуллоҳ ифторлик қилаётганида: “Аллоҳумма инний ас’алука бироҳматикаллатий васиаът кулла шай’ин ан тағфиро лий. (Аллоҳим, мен сенинг ҳамма нарсани ўраб олгувчи раҳматинг билан гуноҳларимни кечиришингни сўрайман.)” – деганини эшитдим.”
Дуонинг аввалида, ўртасида ва охирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш дуонинг одобларидандир.
Хурмо билан оғиз очиш мустаҳабдир
Рўзадор оғзини хурмо билан очиши мустаҳабдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Ким бир дона хурмо топса, у билан оғзини очсин. Агар топа олмаса сув билан очсин. Чунки сув поклагувчидир.[11]”-деганлар. Ёки рўзадор олов ўзгартирмаган бирор бир мева билан оғзини очсин. Абу Яъло разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учта хурмо билан ёки бирорта олов тегмаган нарса билан ифторлик қилишни яхши кўрардилар.”-дейилган.
Рўзадорга ифторлик қилиб бериш фазилати
Рўзадорни икром қилиб, рўза ибодатини тақдирлаб, ифторлик қилиб бериш мустаҳабдир. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир рўзадорни таомлантирса, унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ажр ёзилади.[12]”- деганлар.
Ҳадисда рўзадор умумий келгани учун фақир ёки бой рўзадорга ҳам ифторлик қилса бўлаверади. Лекин фақир рўзадорга ифторлик қилиб бериш садақа маъноси борлиги учун бой рўзадорга ифторлик қилиб беришдан афзал.
Ифторлик қилиб берувчи қилаётган зиёфатида ҳаддан ошиб кетмасин. Бундай ишларда ҳаддан ошиш динимизда қайтарилгандир. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Биз такаллуф (амалда ҳаддан ошиш)дан қайтарилганмиз.”[13]-деган. Ифторликда турли овқатларни кўп қўйишда риё ва сумъа[14]га ўхшаш амаллар билан бу ибодатга путур етиб қолиши мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, гуноҳлари кечирилиб, бўйни дўзахдан озод бўлади. Рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмасдан ажр унга ҳам ёзилади”- деганларида саҳобийлар: “Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизлардан ҳар биримиз рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз?”-дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агарча биргина хурмо ёки бир қултум сув ёки озгина сут билан бўлса ҳам, ифторлик қилиб берса, Аллоҳ таоло бу ажрни мислича унга ҳам бераверади.[15]”-дедилар.
Абдулҳамид Маҳмуд Теҳмазнинг “Ал-фиқҳул ҳанафий фий савбиҳил жадид” асари асосида тайёрланди.
Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси Б.Исақов
[1] Муттафақун алайҳ ривояти
[2] Ибн Можа ривояти
[3] Имом Аҳмад муснадда ривоят қилган. Аллоҳнинг саловат айтиши раҳматидир. Фаришталарнинг саловат айтиши истиғфордир.
[4] Абу Довуд ривояти
[5] Имом Насоий, Абу Довуд ва Термизийлар ҳам ривоят қилган.
[6] Саҳл ибн Саъд р.а дан Муттафақун алайҳ ҳадис.
[7] Икки хабис нарса бавл билан ғоитдир. Бу ҳадис вақт кенг бўлган маҳалда бу ҳолатлар содир бўлиб туриб намоз ўқиш макруҳлигига далолат қилади.
[8] Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган.
[9] Имом Бухорий ривоят қилган.
[10] Имом Термизий, Аҳмад ва ибн Можа ривояти. Фақат Ибн Можадан ривоят қилинган ҳадис лафзи “рўзадор ифторлик қилгунча” кўринишида келган.
[11] Абу Давуд ва Имом Термизий Анас р.а дан ривоят қилганлар.
[12] Имом Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти.
[13] Имом Бухорий ривояти
[14] Эшитиб қўйсин деган маънода.
[15] Ибн Ҳузайма ўз саҳиҳида ривоят қилган. Бу ҳадисни Салмон р.а. ривоят қилган, Расулуллоҳ с.а.в.нинг шаъбон ойининг охиридаги хутбаларидан бир жуъздир.
Бутун дунёда илмий жамоатчиликнинг олдида турган долзарб масалалардан бири – бу экологик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ тадқиқотларни янада кенг кўламда олиб боришдан иборат. Зеро, бугунги кунда барқарор экологик вазиятни, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг муҳим субъектив омили бўлган экологик онгни шакллантириш, ривожлантириш ва юксалтириш, шунингдек “экология соҳасидаги ишларнинг аҳволини яхшилаш” [1:20-21] долзарб аҳамият касб этмоқда. Фуқаролар айниқса, ёшларнинг экологик онги ва маданиятини юксалтириш билан боғлиқ масалаларни тадқиқ қилиш орқали уларнинг атроф муҳит софлигини таъминлашдаги масъулиятини янада ошириб бориш бугунги куннинг асосий вазифасига айланди.
Тарихий тараққиётдан маълумки, инсон табиатнинг бир бўлаги сифатида Аллоҳ инъом этган неъматлардан ўз эҳтиёжини доимий равишда қондириб келган. Аммо бугунги кунда бу эҳтиёжларнинг ошиб бориши ва исрофгарчиликка йўл қўйилиши кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди. Айниқса, табиат мувозанатининг бузилишида антропоген таъсирнинг ошиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, инсоният тараққиётининг бугунги босқичида илм-фан, техника шу даражада ривожландики, бу ядро энергияси, қуёш энергияси, кимё саноатининг ривожлангани, ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилгани, ахборот технологияларининг ривожлантирилгани ва фан-техниканинг бошқа янада мураккаб соҳаларининг ўзлаштирилгани билан характерланади. Шу билан бирга табиатнинг ер ости ва ер усти бойликларидан соф иқтисодий утилитар-меркантил манфаатлар йўлида фойдаланиш “табиат-жамият-инсон” тизимидаги муносабатларнинг кун сайин бузилишига, бу эса ўз навбатида, ақл бовар қилмас янги экологик муаммоларнинг юзага келишига олиб келмоқда. Бу муаммоларни бартараф этиш бугунги кунда инсониятнинг олдидаги энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Бу борада Ўзбекистоннинг биринчи президенти И.А.Каримов ҳақли равишда: “Экология ҳозирги замоннинг кенг миқёсдаги кескин ижтимоий муаммоларидан биридир, уни ҳал этиш барча халқларнинг манфаатларига мос бўлиб, цивилизациянинг ҳозирги куни ва келажаги кўп жиҳатдан ана шу муаммонинг ҳал қилинишига боғлиқдир” [2:110], деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, бугун барча халқ, миллат ва элатларнинг вазифаси – бу атроф-муҳитга зиён етказмаган ҳолда табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишдан иборат. Бу вазифани бажаришда жамият аъзоларининг, айниқса ўсиб келаётган ёш авлоднинг тарбиясида табиийки, эзгулик ғоялари сингдирилган инсонни табиатга муносабатини барқарорлашувига хизмат қилувчи энг муҳим қадриятларимиздан бири бўлган ислом дининг аҳамияти беқиёс.
Бизга маълумки, ислом дини эзгуликка асосланган бўлиб, инсонларни ҳалолликка, покликка, табиатга нисбатан одилона, оқилона муносабатда бўлишга даъват этади. Ҳадисларда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Пок бўлинглар, зеро Ислом пок диндир ва фақат пок кишилар жаннатга кирур” [3:3]. Ислом дини одамларни атроф-муҳитни асрашга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар етказмасликка, неъматлардан ўз эҳтиёжи учун фойдаланганда исроф этмасликка, Аллоҳ яратган табиатдаги мувозанатни ва жипсликни бузмасдан улардан тўғри фойдаланишга, она заминга меҳр-муҳаббатли бўлишга ва табиатдан оқилона фойдаланишга чақиради.
Жумладан, “Бақара” сурасининг 205 оятида ўсимлик ва ҳайвонот олами инсон учун энг зарур нарсалар экани таъкидланган. Ким буларга зарар етказса, инсониятга зарар етказган бўлади. Қуръони Каримда барча жонзотлар инсонлар каби “уммат” экани таъкидланади. Айнан шу таъкид инсонни ўзи каби уммат бўлган барча жонли мавжудотга нисбатан меҳрибон бўлишга ундайди. Бу хусусда Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида бундай дейди: “Ер юзидаги ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир” (38 оят), яъни ҳайвонларнинг ҳар бир тури ёки оиласи алоҳида олинган уммат ҳисобланса, айнан шу ҳукм билан улар бошқа умматлар орасида яшашга, мавжудлик ҳаққига эгадир [4:257].
Ислом динида ҳайвонот оламига алоҳида эътибор берилгани каби наботот оламига ҳам жуда катта урғу берилади. Унга кўра наботот олами Аллоҳнинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса, ер юзида ҳаёт бўлмас эди. Жумладан, Зумар сураси, 21оятда “Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбалардан оқизиб қўйганини кўрмадингизми! Сўнгра у ила турли рангдаги экинларни чиқаради. Кейин у қурийди. Бас, уни сарғайган ҳолида кўрурсан. Сўнгра уни қуруқ чўпга айлантирур. Албатта, бунда ақл эгалари учун эслатма бордир” [5:43], деб айтилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бу оламни инсонга ҳаёт воситаси, унга ва чорвасига ризқ қилиб бергани ҳақида кўп ғоялар илгари сурилган. Кўриниб турибдики, атроф муҳитни тоза сақлаш, табиатни муҳофаза қилиш, Аллоҳ инъом этган ҳайвонот ва наботот олами инсон манфаатларига хизмат қилади. Хусусан, “У қуёш ва ойни муттасил ҳаракатлантириб, сизга беминнат хизматкор қилиб қўйди. Шунингдек, сизга кеча ила кундузни ҳам беминнат хизматкор қилиб қўйди. Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукурдир” (Иброҳим сураси, 33-34-оятлар). “Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни – ҳаммасини Ўз томонидан беминнат хизматкор қилиб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят (белги)лар бордир” (Жосия сураси, 13-оят) [6:30-31], каби мисолларни ҳам келтириб ўтиш мумкин.
Ер юзидаги барча нарсалар инсон учун яратилган, уларга оқилона ёндашган ҳолда, тўғри ва яхши муносабатда бўлиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг “У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган” деб бошланадиган 29-оятида инсон учун, унинг тасарруфи ва фойдаси учун яратган нарсаларга, жумладан, ер ости бойликлари ва конларга ишора қилади [7:48-49].
Биз буни тўғри англаган ҳолда юртимизда янги авлод, янги тафаккур соҳибларини тарбиялашдек масъулиятли вазифани адо этишда биринчи галда маънавий қадриятларимизда илгари сурилган ғояларга таянишимиз керак. Бу ғоялар ёшларнинг табиатга ва ҳайвонот дунёсига бўлган ижобий муносабатини шакллантиришда, умуман “табиат-жамият-инсон” тизими муносабатларини уйғунлаштиришда беқиёс аҳамиятга эга.
Юқорида таъкидлаганимиздек, ислом дини халқимизнинг табиатга муносабатини тўғри шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. У она Ватанимизнинг табиатини асраб-авайлашга бўлган меҳр-муҳаббатни кучайтиради ва уни асраш орқали ўсиб келаётган авлод учун зарур ҳаётий шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, “табиат-жамият-инсон” тизими муносабатларини мувозанатга келтиришда, Аллоҳ инъом этган неъматлардан оқилона фойдаланиш, табиатни асраб-авайлашга оид ислом динидаги ғоялардан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, маънавий қадриятларимиз асосида фарзандларимизнинг онгига атроф-муҳитни озода тутиш, ҳавонинг ифлосланишига йўл қўймаслик, мамлакатимиз табиатини, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраш каби тушунчаларни сингдириб боришимиз керак.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
Ш.М.Мирзиёев. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. – Т.: Ўзбекистон, 2017.
И.А.Каримов. Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари // Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида. Т.6. – Т.: 1998.
М.Нўмонов. Исломда табиатга муносабат. –Т.: Мовароуннаҳр, 2011.
Ш.Отабоев, С.Мирвалиев ва Э.Турсунов – Экологияда маданият ва маънавият муаммолари. –Т.: Нишон ношир нашриёти, 2009 й.
Саййид Мубашшир Тарозий Соф табиат дини / Тарж. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: Hilol-nashr, 2019.
Ҳусан ЖУРАҚУЛОВ,
Фалсафа фанлари бўйича
фалсафа доктори (PhD), доцент