frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Рамазон ойи учун беш маслаҳат

26.04.2020   7748   2 min.
Рамазон ойи учун беш маслаҳат

Рамазон – мусулмонлар учун чинакам шодиёна. Бу ойда савоб амалларни кўпайтириб улуғ ажрларга эга бўлайлик. Сиз азизларга рамазон ойи учун бешта маслаҳатни тавсия қиламиз.

Биринчи

Жуда кўп таом еманг, сувни ҳам камроқ ичинг. Саҳарлик қилаётганда киши кун бўйи оч юришини ўйлаб кўп еб қўяди. Натижада ошқозон фаолияти қийинлашиб, киши дангаса ва беҳафсала бўлиб қолади. Ёдда тутинг, рамазон очлик ойи эмас, балки иймон-эътиқод синаладиган ойдир. Келинг, рамазон ойини пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  тавсия қилганларидек нафсимизни жиловлаб, ошқозонимизнинг учдан бирини овқатга, учдан бирини сувга қолган учдан бирини ҳавога тўлдирайлик.

Иккинчи

Сахийликни  кўпайтиринг. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо сахий бўлганлар. Айниқса, рамазон ойида саховатлари янада ошиб кетган. Бу муқаддас ойда ким саховатпешалик қилса унга улуғ савоблар ёзилади. Иложи борича рамазоннинг ҳар кунида сахийлик қилинг. Биргина Қадр кечасида қилинган хайр-саховатга Аллох жуда кўп савобларни ваъда қилган. Саховатли бўлайлик, иншоаллоҳ  улуғ  ажрлар  эгасига айланайлик.

Учинчи

Беш маҳал намозга қоим бўлинг. Рамазон ойида кечалари таровеҳ намозига одамлар  ёғилиб келади. Аммо кундузлари  намоз ўқувчилар бир оз сийраклашгандек бўлиб қолади. Албатта таровеҳ намозининг ажри улуғ, Бироқ ёдда тутинг, Аллоҳ таоло бизга кунда беш маҳал намоз ўқишни фарз қилган. Фарз амални мукаммал адо этишда сусткашлик қилманг.

Тўртинчи

Рамазон ­ – Қуръон ойи! Бу муқаддас ойда кўпчилик  Қуръонни бир неча бор хатм қилиш пайида бўлади. Баъзиларимиз Қуръонни уч маротаба, баъзиларимиз беш маротаба хатм қиламиз. Бу ажойиб мусобақага ўхшайди. Айниқса, оятлар маъноси тушуниб ўқилганда савоби янада улуғ бўлади. Шу муқаддас ойда  Қуръон ўқиб қалбимизни нурга тўлдирайлик.

Бешинчи

Тақводор бўлайлик. Аллоҳ таоло бандаларига тақво қилишни буюриб, Бақара сурасининг 183-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби* сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”.

Оятда айтилганидек  рўзадорлик  ортидан тақводор бўлишга чақирилмоқда. Тақводор одам ўз  нафсини  жиловлайди. Шубҳали нарсалардан узоқ бўлади. Тақво сўзи кўп тилларда мавжуд эмас. Унинг асл маъноси “Аллохдан қўрқиш, У белгилаган ҳадлардан ошмаслик ва охиратни ўйлаб яшашдир”. Тақво фақат Аллоҳдан қўрққанимиз баробарида унга бўлган чексиз муҳаббатимиз сабаб бўлса янада яхши.

 

   

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Малайзиялик талабалар Ўзбекистон ҳақида медиаконтент яратди

04.09.2026   114   2 min.
Малайзиялик талабалар Ўзбекистон ҳақида медиаконтент яратди

Малайзиянинг Universiti Teknologi MARA университети санъат, дизайн ва медиа факультети талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат гуруҳ Ўзбекистон бўйлаб ижодий сафарини якунлаб, ўз юртига қайтди. Малакали сураткаш ва дизайнерлардан иборат 18 кишилик гуруҳ 17–31 август кунлари мамлакатнинг бой тарихий мероси ва замонавий қиёфасини акс эттирувчи “storytelling” услубидаги профессионал фото ва видео контент тайёрлади.

Сафарнинг якуний ва энг кенг кўламли қисми Тошкентда ўтди. Гуруҳ фаолиятининг марказида Ислом цивилизацияси маркази турди: меҳмонлар бу ерда махсус таълим дастури, медиа-фестиваль, "Музейдаги тун" экскурсияси ва мультимедиали маппинг-шоу дастурларида иштирок этиб, бой фото ва видео материал тайёрлади.

Пойтахтда талабалар Ҳазрати Имом мажмуаси — Бароқхон мадрасаси ва Қаффол Шоший мақбарасида ҳамда Зарқайнар ҳунармандчилик кўчасида бўлиб, миллий ҳунармандчилик ва анъаналарни ўз контентларида акс эттирди.

Гуруҳ, шунингдек, Амалий санъат музейи, Амир Темур музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва Замонавий санъат музейига ташриф буюрди; Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри, "Наврўз" этнографик боғи ҳамда "Magic City" ва "Tashkent City" каби замонавий мажмуаларни суратга олиб, Тошкентнинг тарихий ва замонавий қиёфасини яхлит тарзда тақдим этди.

Маълумот ўрнида, меҳмонлар сафарини Хивадан бошлаб, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ҳам бўлди. Улар “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси, Пойи Калон, Регистон майдони, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси ҳамда “Конигил” сайёҳлик қишлоғи каби масканларни суратга олди.

Сафар доирасида тайёрланган материаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok” ва “YouTube” ижтимоий тармоқларига жойлаштирилиб, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси ва туристик салоҳиятини хорижий аудиторияга замонавий медиа форматларда таништиришга хизмат қилади.

Лойиҳа, айни вақтда, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари