Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Август, 2026   |   23 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:51
Қуёш
05:20
Пешин
12:34
Аср
17:28
Шом
19:39
Хуфтон
21:09
Bismillah
06 Август, 2026, 23 Сафар, 1448

15.11.2019 й. Исломда бағрикенглик

12.11.2019   9600   15 min.
15.11.2019 й. Исломда бағрикенглик

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي تَكَرَّمَ عَلَى الْعَالَمِيْنَ بِدِيْنِ الْإِسْلاَمْ، وَجَعَلَ السَّمَاحَةَ فِيْهِ مَنْهَجًا لِلْأَنَامْ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي بَيَّنَ الْأَحْكَامْ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК

Муҳтарам жамоат! Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. Аллоҳ таоло бандаларини урушишга, бир-бирларининг қонини тўкишга, можаролар чиқаришга эмас, қандай дин ва эътиқодда бўлишдан қатъий назар аҳилликда, бир-бирларига бағрикенгликда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаган ҳолда яшашга буюрган.

Халқимиз қон-қонига сингиб кетган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мустақиллик йилларида янада ривожланди ва унинг ҳуқуқий асослари яратилиб, миллий сиёсатда мустаҳкам ўрнини топди. Бу сиёсатга ҳамда миллий ғоя негизига бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган 130 дан зиёд турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ҳамда 16 конфессияда мужассам бўлган эътиқод аҳллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг мустаҳкам пойдевори асос қилиб олинган.

Ўтган қисқа давр мобайнида ҳар бир миллат вакили ўз истеъдоди ва салоҳиятини тўла намоён этиши, ўзини Ватан равнақи, Юрт тинчлиги, Халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар сари сафарбар қилиши учун имкониятлар яратилди.

 “Бағрикенг” дегани – “тоқатли”, “мурувватли”, “ҳимматли”, “турли дин вакилларининг ўзгача қараш ва эътиқодларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш” каби маъноларни англатади.

Исломда бағрикенг бўлишни бир қанча кўринишлари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзилари баён қилинади:

  1. Ислом динимиз мусулмон киши бошқа дин вакиллари билан яхши муомала ва муносабатда бўлишга чақиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ

وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

яъни: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана сураси 8-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида аҳли китоб (насроний ва яҳудий)ларга зулм қилмасликка ва уларнинг ҳаққига риоя қилишга чорлаганлар. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

"أَلاَ مَنْ ظَلَمَ مُعَاهِدًا أَوِ انْتَقَصَهُ أَوْ كَلَّفَهُ فَوْقَ طَاقَتِهِ أَوْ أَخَذَ مِنْهُ شَيْئًا بِغَيْرِ طِيبِ نَفْسٍ فَأَنَا حَجِيجُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ"

(رواه الإمام أبو داود عن صفوان بن سليم رضي الله عنه)

яъни: “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса, ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага буюрса, ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, Қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Бошқа дин вакиллари бемор бўлганида, мусулмон киши уларни кўргани бориши жоиздир. Бу ҳақда Анас Ибн Молик разияллоҳу анҳудан шундай ривоят келади:

" أَنَّ غُلَامًا مِنَ اليَهُودِ كَانَ يَخدُمُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَمَرِضَ، فَأَتَاهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَعُودُهُ، فَقَعَدَ عِندَ رَأسِهِ، فَقَالَ: "أَسْلِمْ". فَنَظَرَ إِلَى أَبِيهِ وَهُوَ عِندَ رَأسِهِ، فَقَالَ لَه: أَطِعْ أَبَا القَاسِمِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ. فَأَسلَمَ، فَخَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَقُولُ: "الحَمدُ لِلَّهِ الذِي أَنقَذَهُ مِنَ النَّارِ" (رواه الإمامُ البخاريُّ).

яъни: яҳудийлардан бўлган бир йигит Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилар эди. У бемор бўлиб қолди. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар ва: “Мусулмон бўлгин”, – дедилар. Шунда йигит олдида турган отасига қаради.  Отаси: “Абул Қосимга итоат қил”, – деди. У мусулмон бўлди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” деб ўринларидан турдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Шунингдек, мусулмон киши бошқа дин вакилларига ҳадя бериши ёки улардан ҳадя қабул қилиши, меҳмон бўлиши ёки уларни меҳмон қилиши, қўни-қўшничилик муомаласини қилиши, улар билан олди-сотти қилиши ва қарз олди-берди каби муомалаларни қилиши дурустдир. Фақат бундай ҳолатларда ҳам мусулмон киши шариат кўрсатмаларига амал қилиши талаб қилинади.

Шуни унутмаслик керакки, ўзга дин вакиллари билан муомала ва муносабатдаги киши улар ҳавас қиладиган даражада гўзал одоб-ахлоқ ва ростгўйлик ҳамда мусулмонларни обрўсини сақлайдиган ҳолатда бўлиши керак. Ажаб эмас, улар ислом дини ва мусулмонларга ҳавас қилсалар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Али разияллоҳу анҳуни Хайбарга юбориш пайтида шундай деганлар:

"وَاللَّهِ لَأَنْ يَهْدِيَ اللَّهُ بِكَ رَجُلًا وَاحِدًا خَيْرٌ لَكَ مِنْ حُمْرِ النَّعَمِ"

(رواه الإمام البخاري)

яъни: “Аллоҳга қасамки, сиз туфайли бир кишининг ҳидоят топиши қизил туяларга эга бўлишингиздан яхшироқдир”  (Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу халифалик пайтларида, совутлари йўқолиб қолади. Уни бир яҳудийнинг қўлида кўриб, қайтариб беришини сўрасалар, бу мени совутим деб бермади. Шунда Ҳазрати Али қўл остиларида қозилик мансабида турган Шурайҳга шикоят қилдилар. Маҳкамага Ҳазрати Али ва яҳудий ҳозир бўлди. Ҳазрати Али: “Мана бу совут меники, уни сотмаганман, ҳадя ҳам қилмаганман”, – дедилар. Қози Шурайҳ яҳудийдан: “Сен нима дейсан?” – деб сўради. Яҳудий: “Совут меники”, – деб жавоб берди. Қози ҳазрати Алидан: “Далил-исботингиз борми?” – деб сўради. Ҳазрати Али: “Йўқ”, – дедилар. Қози совутни яҳудийнинг фойдасига ҳукм қилди. Яҳудий совутни олиб кета туриб, ўзига ўзи айтди: “Мусулмонларнинг бошлиғи менинг устимдан ўзининг қозисига шикоят қилса-ю, қози унинг зиёнига ҳукм чиқарса?!! Аллоҳга қасамки, бу шак-шубҳасиз, пайғамбарлар ахлоқидир!” Кейин у ҳазрат Али ҳузурларига келиб: “Эй мўъминларнинг амири! Совут ҳақиқатан сизники эди, уни мен туянгиздан тушиб қолганида олгандим. Ислом дини шундай гўзал бўлса, мен бу динни қабул қиламан деб, "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ"” – деб гувоҳлик берди. Ҳазрати Али: “Исломга кирган бўлсанг, энди у мендан сенга ҳадя бўлсин!” – дедилар (“Ҳазрати Али” китобидан).

Демак, Ислом дини мусулмонларни ғайридинларга бағрини кенг очиб, яхши муомала ва муносабатда бўлиб яшашга буюрган. Афсуски, ҳозирги кунда ўзларини Исломга нисбат берадиган баъзи тоифалар ўз диндошлари бўлмиш мусулмонларни қандайдир камчилик ва айблари сабабли кофирга чиқармоқда. Бу ўта ачинарли ҳолатдир! Чунки мусулмон киши ўзига ўхшаган мусулмонни бағридан итариб, унга “кофир” деган тамғани босиб, натижада уни ўлдириш, қонини, жонини, молини ҳалол санаш, унга қарши жиҳод эълон қилиш каби даъволарни қилмоқлиги Ислом таълимотига умуман зид ишдир!

Шунинг учун, огоҳ бўлиш керакки, мусулмон мусулмон учун бир ота-онадан туғилгандек ака-ука ҳисобланади. Мусулмонни қони ҳам, жони ҳам, моли ҳам, обрўси ҳам бир-бирига ҳаром бўлади. Мусулмонни кофир дейиш уни айнан шаъни ва обрўсини топташ ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай деганлар:

"أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ"

(رواه الإمامُ مسلمٌ عن ابنِ عمرَ رضي الله عنه)

яъни: “Қайси бир киши ўз биродарига “Эй, кофир!” деса, бу нарсага у икковидан бири албатта дучор бўлади. Агар у (биродари) айтганидек бўлса, хўп-хўп, бордию ундай бўлмаса, бу (сўз, яъни “кофир” сўзи) албатта унинг ўзига қайтади” (Имом Муслим ривоятлари).

  1. Ислом динимиз олди-сотти ва қарз талаб қилишда ҳам бағрикенг бўлишга чорлайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"رَحِمَ اللَّهُ رَجُلاً سَمْحًا، إِذا بَاعَ، وإِذا اشْتَرَى، وَإِذا اقْتَضَى"

(رواهُ الإمامُ البخاريُّ عن جابرٍ بن عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عنه)

яъни: “Сотганда ҳам, олганда ҳам, қарзни талаб қилганда ҳам бағрикенг бўлган кишини Аллоҳ таоло раҳм қилсин!” (Имом Бухорий ривоятлари).

  1. Ислом динимиз қийналган кимсадаги ҳақни кечишда бағрикенг бўлишга тарғиб қилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُنْجِيَهُ اللَّهُ مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ فَلْيُنَفِّسْ عَنْ مُعْسِرٍ أَوْ يَضَعْ عَنْهُ"

(رواهُ الإمامُ مسلمٌ  عَن عَبدِ اللهِ بنِ أبي قَتَادَةَ رَضِيَ اللهُ عنهُ)

яъни: “Аллоҳ таоло Қиёмат кунидаги машаққатлардан қутқариши  кимни хурсанд қилса, камбағал бўлиб қолган қарздордан қарзининг барчасини ёки бир қисмини кечсин!” (Имом Муслим ривоятлари). 

  1. Ислом динимиз ҳатто ёмонлик қилган қариндошга ҳам яхшилик қилишга ва силаи раҳмни узаман деган билан силаи раҳмни боғлаш йўлида бағрикенг бўлишга чақиради. Бу ҳақда шундай ривоят келган:

أَنَّ رَجُلًا قَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ لِي قَرَابَةً أَصِلـُهُمْ وَيَقْطَعُونِي، وَأُحْسِنُ إِلَيْهِمْ وَيُسِيئونَ إِلَىَّ، وَأَحْلُمُ عَنْهُمْ وَيَجْهَلُونَ عَلَىَّ. فَقَالَ:"لَئِنْ كُنْتَ كَمَا قُلْتَ، فَكَأَنَّمَا تُسِفـُّهُمُ الْمَلَّ، وَلاَ يَزَالُ مَعَكَ مِنَ اللَّهِ ظَهِيرٌ عَلَيْهِمْ مَا دُمْتَ عَلَى ذَلِكَ

  (رواهُ الإمامُ مسلمٌ  عَنْ أبي هريرةَ رضِي اللهُ عنه)

яъни: “Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм қиламан, улар уни узадилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қиладилар. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга жоҳиллик қиладилар”, – деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Агар сиз ўзингиз айтганингиздек бўлсангиз, худди уларга иссиқ кулни едираётгандексиз (яъни, яхшилигингизни муқобилига ёмонлик қилишлари билан катта гуноҳ қилаётган бўладилар). Модомики, шу ҳолда бардавом бўлар экансиз, Аллоҳ томонидан сиз билан бирга уларнинг қаршисига бир ёрдамчи бўлади”, – дедилар” (Имом Муслим ривоятлари). 

Бу ҳадиси шарифда қариндошлар ёмонлик қилсалар ҳам, уларга яхшилик қилишда бардавом бўлишга қаттиқ тарғиб бор.

Ҳурматли азизлар! Маълумки, 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси” қабул қилинди. Декларацияда ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъи назар, бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларга ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлар акс этган. Шунинг учун ҳам юртимизда “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинган.

Шу билан бирга, Юртбошимизнинг 2017 йил 9 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ислом дини таълимотлари инсонларни тинчликка, яхшиликка, бағрикенгликни қадрлашга, илму-ирфон олишга даъват этувчи буюк таълимот эканлигини таъкидлаган ҳолда, ушбу халқаро ташкилотнинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" номли махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини билдириши ҳамда уни аъзо давлатлар томонидан қабул қилиниши алоҳида эътиборга молик ишдир.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтиришга қаратилгани ҳақида гапириб берадилар...)

Ўз динининг талабларини тўлиқ англаган аждодларимиз тарихини ўрганадиган бўлсак, юртимизда ҳеч қайси даврда насронийнинг черкови, яҳудийнинг синагоги ёки бошқа ибодатхоналар вайрон этилмаган, ислом ўлкаларида ҳар бир дин вакилига эркинлик таъминланган, бирорта шахс томонидан ўз ақидасининг бошқаларга мажбурлаб сингдирилишига йўл қўйилмаган. Бағрикенглик борасида ўзбек замини азалдан намуна бўлиб келган.

Муҳтарам жамоат! Маърузамизнинг давомида кеч қолиб имомга иқтидо қилган кишига тегишли баъзи масалаларни баён қиламиз.

Намозга кеч қолиб келган киши, имом намознинг қаерига келган бўлса, ўша еридан унга иқтидо қилади. Агар имом товуш чиқариб (жаҳрий) қироат қилаётган бўлса, “Такбири таҳрима”ни айтиб унга эргашади. Сано (“Субҳанакаллоҳумма...”)ни ўқимайди. Имом салом берганидан кейин туриб “Сано”, “Аъузу...” ва “Бисмиллоҳ...”ни айтиб, етаолмаган ракатларини ўқиб олади. Агар имом овозини чиқармай (махфий) қироат қилаётган бўлса, кеч қолиб келган киши санони ўқийди.

Жамоатга кеч қолиб келган киши имомни руку ёки сажда ҳолатида топса,  агар имом билан бирга рукуни ёки саждани адо эта олишига кўзи етса, “Сано”ни тик турган ҳолида ўқийди ва имомга эргашади. Бунга кўзи етмаса, “Сано”ни ўқимай, имомга иқтидо қилади. Имом билан бирга руку қилса, ўша ракатни топган ҳисобланади. Агар имом билан бирга руку қилишга улгура олмаса, ўша ракатдан кеч қолган ҳисобланади.

Масалан, киши тўрт ракатли намознинг учинчи ракатидан имомга эргашса, имом салом бергач, туриб, “Сано”, “Аъузу...”, “Бисмиллоҳ...”ни айтиб, ҳар икки ракатда Фотиҳа билан зам сура ўқиб тугатади.

Масалан, киши тўрт ракатли намознинг тўртинчи ракатидан имомга эргашса, имом салом бергач туриб, “Сано”, “Аъузу...”, “Бисмиллоҳ...”ни айтиб, Фотиҳа ва зам сурани ўқиб, ўтиради. Ташаҳҳудни ўқиганидан кейин туриб, яна икки ракат ўқийди. Биринчи ракатида зам сура ўқийди, иккинчи ракатида ўқимайди (манба: “Фатовои Ҳиндия” ва “Шарҳ муниятил мусоллий” китоблари).

Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларни, миллат ва элатларни, тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин! Омин! 

                         

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Улуғ алломаларнинг муносиб издошлари

06.08.2026   1704   7 min.
Улуғ алломаларнинг муносиб издошлари

Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
 

Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, юртимизда диний таълим сифатини янада ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти
 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти илк магистрлари таҳсилни тамомлади


Донишмандларнинг “Агар сизнинг режангиз бир йиллик бўлса — шоли экинг. Ўн йиллик бўлса — дарахт ўтқазинг. Агар бир асрлик бўлса — фарзандларингизга таълим-тарбия беринг” деган ҳикматли гапи бор.


Жамият равнақига, Ватан тараққиётига, халқ фаровонлигига таълим-тарбиячалик хизмат қиладиган бошқа бирор феномен бўлмаса керак. Ҳар бир даврнинг ўзига яраша сармоядорлари, тужжорлари бўлган. Лекин уларнинг номлари тарих саҳифаларида жуда кам учрайди, айримлари изсиз йўқ бўлиб кетган. Лекин умрини цивилизация­лар тараққиётига бағишлаган мутафаккирлар, қомусий алломалар, маърифат чироғи остида элини буюк орзулар, нурафшон кунлар сари етаклаган миллат ойдинлари, уламоларнинг номлари асрлар оша барҳаётдир.


Президентимиз лавозимига сайланиши биланоқ барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам улкан ислоҳотларни бошлаб берди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу ҳужжатда қатор устувор йўналишлар, хусусан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва бошқа диний таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, диний таълим муассасалари ҳузурида фуқароларга Қуръони каримни ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этиш белгиланган.

 

Сон эмас, сифат муҳим

 

Илм даргоҳининг улуғворлиги унинг бинолари ёки талабалари сони билан эмас, балки у ердан етишиб чиқадиган илмли, одобли, Ватани ва миллатига сидқидилдан хизмат қиладиган етук ва салоҳиятли кадрлар билан ўлчанади. Юзлаб учқунлар биргина қуёшнинг зиёсини тўса олмагани сингари чинакам қадр-қиймат сонда эмас, сифатдадир. Янги Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолиятида ҳам асосий мезон таълим сифати, илмий салоҳият, маънавий тарбия ва жамиятга муносиб хизмат қиладиган мутахассисларни вояга етказишда.


Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси тизимида 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва Тошкент ислом институти фаолият юритган бўлса, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Бухоро шаҳрида Мир Араб олий мад­расаси, 2018 йилда Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби, 2020 йилда Термиз шаҳрида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси, 2024 йилда Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил этилди.


Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 4 та олий, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси (шундан иккитаси аёл-қизларга ихтисослашган) фаолият кўрсатмоқда. Уларда таҳсил олаётган икки ярим мингдан зиёд талабага 500 га яқин профессор-ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда.


Диний соҳа ходимларининг асосий қисмини ташкил этадиган имом-хатибларнинг билим ва малакаларини янада ошириш, ўрта махсус диний маълумотга эга имом-хатибларни олий диний маълумотли кадрлар билан алмаштириш мақсадида 2019 йилда Тошкент ислом инс­титутида модул таълим тизими жорий қилинди. Мазкур таълим тизимида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган имом-хатиблар танлов асосида ўқишга қабул қилиниб, ишдан ажралмаган ҳолда 3 йил давомида таҳсил олади. Бугунги кунга қадар бу таълим йўналиши бўйича 600 дан зиёд имом-хатиб олий маълумотга эга бўлди.


Президентимизнинг 2023 йил июнь ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғи ижроси юзасидан 2024-2025 ўқув йилида таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, тор йўналишлар бўйича етук кадрларни тайёрлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура мутахассислиги ташкил этилган эди.


Жорий йилда илк 10 битирувчи “Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти” ва “Ҳадис илмлари” йўналиши бўйича магистратура мутахассислигини муваффақиятли тамомлади. Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг катта мажлислар залида магистрларга тантанали равишда диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, таниқли уламолар, имом-хатиблар, соҳа фахрийлари, педагог-ўқитувчи ва талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.


Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов илк битирувчиларни самимий қутлаб, тегишли пул мукофоти сертификатларини ҳар бир магистрга тантанали равишда топширди. Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари битирувчиларни ўқишини муваффақиятли тамомлагани билан муборакбод этиб, катта тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади. Муфтий ҳазратлари илк магистрларнинг ойлик иш ҳақига Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб берилишини эълон қилди. Битирувчи магистрлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг марказий аппарати, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ишга тақсимот қилинди.

 

Тарих такрорланиб туради

 

Ўзбекистон қадимдан буюк алломалар, улуғ мутафаккирлар юрти сифатида эъзозланади, қадрланади. Тарихда юртимиз алломалари бутун дунёга устозлик қилган, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган.


2024 йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этган Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ Юртингизнинг ҳар қадамида улуғ алломаларнинг хоки бор. Бу замин илм ва уламолар юртидир. Энди сизларнинг вазифангиз ана шу буюк мерос­ни қайта тирилтириш ва дунёга танитишдир”, деган эди. Ҳақиқатан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида бутун дунё Ўзбекистонга, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийларга қандай талпинган бўлса, бугун ҳам Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган юртимизга дунё афкор оммасининг қизиқиши тобора ортиб боряпти.


Халқимизда “Тарих такрорланиб туради”, “Оққан дарё оқаверади” каби ажойиб мақоллар, нақллар бор. Чиндан ҳам IX-XII ҳамда XIV-XV асрларда юксак ақлу заковати, теран тафаккури, бой маънавий-маърифий салоҳияти билан бутун дунёни забт этган буюк аждодларимиз сингари бугун янги Ўзбекистонда таҳсил олаётган ёшлар ҳам боболаримизнинг муносиб издоши сифатида тарихни такрорлашга астойдил киришган. Улар орасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратура йўналишини тамомлаган ўн нафар иқтидорли битирувчи ҳам бор. Уларни Ўзбекистоннинг етук мутахассислари, Президент кадрлари дея баралла айта оламиз. Келгусидаги фаолиятларига Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.

 

Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи

"Янги Ўзбекистон" газетасининг 2026 йил 6 август сонидан

Мақолалар