Танловга!
Бугунги кунда кўпчилигимиз рўза тутиш деганда ейиш, ичиш ва жинсий эҳтиёждан сақланиш маъносинигина тушуниб қолганмиз. Рўза тутишдаги бор эътиборимиз ҳам ана шу уч нарсага қаратилган. Тўғри, аъзолар ҳам рўза тутиши, гуноҳлардан рўза тутиш ва бошқа рўзалардан ҳам хабаримиз бор, аммо улардан сақланишга бўлган эътиборимиз ҳукмий рўзанинг шартларига нисбатан анчагина камроқ бўлиб қолган. Аслида, биз рўзанинг баданий шартлари билан биргаликда руҳий ҳолатимизни ислоҳ этадиган жиҳатларини ҳам ўрганиб, барчасига бирдай эътибор қаратишимиз лозим. Бунинг учун биз ҳадиси шарифларни диққат билан мутолаа қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир сўзларини юксак маҳорат ва кўп маъноларни ифода этадиган шаклда баён этар эдилар. У зотнинг рўза ҳақидаги ҳадисларини мутолаа қилар эканмиз қуйидаги ҳадис эътиборимизни тортди:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: أنّ النبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ» رواه الترمذي.
Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон сўз ва унга амал қилишни тарк қилмас экан Аллоҳ унинг таоми ва шаробини тарк этишига муҳтож эмас», дедилар. Термизий ривояти.
Ҳадиси шарифда келган “зур” сўзини биз “ёлғон” дея таржима қилдик. Аслида ўзбек тилида бу сўзнинг тўғридан-тўғри маъносини бир сўз билан ифодалаш мушкул. Ушбу сўз барча ёмон – ғийбат, чақимчилик, ёлғон гувоҳлик бериш, умуман олганда, барча гуноҳ бўладиган сўзларни ўз ичига олади.
Ҳадиси шарифнинг лафзларига эътибор қаратсак биз учун керакли маъноларни уқиб олишимиз мумкин бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли хил ҳаром этилган сўзлардан тийилмаган инсоннинг амалини “рўза тутиш” эмас, “таоми ва шаробини тарк этиши” деб атадилар. Бундан тушунишимиз мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тоифадаги амални ҳатто рўза қаторига ҳам қўшмадилар. Бу эса турли хил ёмон сўзларни тарк этиш шарт эканлиги, акс ҳолда тутилган рўзанинг савобига жуда катта салбий таъсир этишини билдиради. Аммо ушбу ҳадис ёлғон гапирган инсон рўзасини бузиши керак деган маънони англатмайди. Ҳофиз Ибн Ҳажар ушбу ҳадис шарҳида Ибн Баттол (р.ҳ)дан қуйидаги маънода берилган шарҳни келтириб ўтганлар: “Ушбу ҳадис рўзани тарк этишга буюриш маъносида эмас, аксинча, ёлғон ва шу каби сўзларнинг оқибатидан огоҳлантиришдир. Ҳадисдан ирода этилган маъно ёлғон сўзлар аралашган рўзанинг қабул бўлмаслиги ва ана шундай нарсалардан саломат бўлган рўза эса қабул бўлишидир”.
Демак, барча гуноҳлар биз тутаётган рўзага ўз таъсирини ўтказади, улар сабаб кун иссиғида, қийналиб қилган амалларимизнинг савоби камаяди, ҳатто гуноҳлар кўпайиб кетса бутунлай савобсиз қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шундай экан, азиз биродарим, рўза билан биргаликда ўз нафсимизни тарбия қилайлик, агар ўзимизда шундай ёмон одатни сезсак, дарҳол тавба қилиб уни йўқотишга қаттиқ ҳаракат қилайлик. Зеро, гуноҳдан ҳақиқий тавба қилган инсон худди гуноҳ қилмаган кишидек бўлиб қолади.
Ийсохон Яҳё тайёрлади
Даъво: Мазҳаб ушлаш фитнага сабаб бўлади.
Раддия: Бу фикр ташқи жиҳатдан бирликка чақириқдек кўринса-да, илмий жиҳатдан масалага соддалаштирилган ва тарихий тажрибага зид ёндашувдир.
Aввало, мазҳаб дегани Қуръон ва суннатдан мустақил дин эмас. Мазҳаб – Қуръон ва суннатни тушуниш методологияси. Хусусан, Aбу Ҳанифа асос солган ҳанафий мактаби Қуръон ва суннат матнларини усулий қоидалар асосида истинбот қилиш тизимидир.
Демак, мазҳаб тафарруқ эмас, балки тартибли фиқҳий тафаккур шаклидир.
Иккинчидан, тарихий тажриба шуни кўрсатадики, мусулмон жамиятларида тўртта фиқҳий мактабнинг мавжудлиги фитна эмас, балки илмий хилма-хиллик сифатида қабул қилинган. Фитна асосан мазҳаблар мавжудлигидан эмас, балки жаҳолат ва мутаассибликдан келиб чиққан. Илмий мактабнинг ўзи эмас, балки уни нотўғри тушуниш муаммо туғдиради.
Учинчидан, “мазҳабсизлик бирлик келтиради” деган ғоя амалиётда аксини кўрсатди. Ҳар ким матнни ўз фаҳмига кўра талқин қила бошлаганда, ягона мезон йўқолади ва натижада кўплаб мустақил, бир-бирини инкор қилувчи қарашлар пайдо бўлади. Бу эса бирлашув эмас, балки парокандаликни кучайтиради. Усулсиз ижтиҳод фитнага яқинроқ.
Aқидавий ва фиқҳий мувозанат нуқтаи назаридан Aбу Мансур Мотуридий анъанаси шуни кўрсатадики, динни тушунишда илмий мезон зарур. Мезонсиз “тўғридан-тўғри Қуръон ва суннатга эргашиш” шиори амалда субъектив талқинларга йўл очади. Тарихда айнан шундай ёндашувлар бир-бирини “Aҳли сунна эмас” деб чиқаришгача олиб борган.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, саҳобалар давридаёқ фиқҳий ихтилоф мавжуд эди. Лекин бу ихтилоф умматни бўлмаган. Чунки у усул асосида эди. Мазҳаблар ана шу саҳоба ва тобеинлар меросининг тизимлаштирилган шаклидир.
Хулоса қилиб айтганда, мазҳабнинг ўзи фитна эмас. Фитна – илмий мезонсизлик, жаҳолат ва такфирий руҳиятдир. Мазҳаб эса асрлар давомида умматни тартибга солган, фиқҳий бирликни сақлаган институтдир. Шунинг учун “мазҳаб ушлаш фитна” деган умумий ҳукм илмий асосга эга эмас ва тарихий тажрибага зид хулосадир.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси