Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Апрел, 2026   |   18 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:35
Қуёш
05:57
Пешин
12:30
Аср
17:00
Шом
18:58
Хуфтон
20:13
Bismillah
07 Апрел, 2026, 18 Шаввол, 1447

Саҳарлик суннатдир

11.05.2019   35681   1 min.
Саҳарлик суннатдир

Саҳар пайти туриб, кундузи рўза тутиш ниятида еб-ичиш саҳарликдир. Саҳарлик қилиш мустаҳабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлик қилишга кўп тарғиб этганлар. Бир ўринда саҳарликнинг баракаси, фазилатини  эслатиб: “Саҳарлик қилинг, саҳарликда барака бор”, деган бўлсалар (Муттафақун алайҳ), бошқа бир ўринда: “Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қилади”, деганлар (Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Ҳатто қорни тўқ, бирор нарса ейишга у қадар эҳтиёжи йўқ киши ҳам ҳеч қурса сув ичиб олиши яхшидир. Бу билан у суннатга эргашган бўлади.

Пайғамбаримиз рўзани саҳарлик қилмай, улаб тутишдан қайтарганлар. Аммо саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунча ҳеч нарса еб-ичмай рўза тутса, рўзаси дуруст бўлаверади.

Саҳарликни тонгга яқин қилиш афзал. Фақат тонг кириб қолгунгача кечиктирмаслик керак. Чунки субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Саҳарликни вақти ўтиб кетганига гумон қилинадиган пайтга қадар кечиктириш тахримий макруҳ саналади (“Фатовои Ҳиндия”).

Саҳарлик қилиб бўлгач: “Навайту ан асума совма шаҳри Рамазона минал фажри илал мағриби, холисан лиллаҳи таъала. Аллоҳу акбар”, деб дуо қилинади.

Маъноси: Рамазон ойининг рўзасини холис Аллоҳ учун субҳдан кун ботгунгача тутишни ният қилдим. Аллоҳ Буюкдир.

Аллоҳ таоло тутаётган рўзаларимизни даргоҳида қабул қилсин!

Ориф ТОЛИБ

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз буюк ва жуда сахий Зот билан муомала қилмоқдасиз

07.04.2026   1030   2 min.
Сиз буюк ва жуда сахий Зот билан муомала қилмоқдасиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Гарчи узун туюлсада бу кунлар,
Учраштирар
бизни ширин дамларда.

Сизга хушхабар бор! У зот сизга улкан савобларни ваъда қилган. У Зот марҳамат қилади:

﴿فَاسْتَجَابَ لَهُمْ رَبُّهُمْ أَنِّي لَا أُضِيعُ عَمَلَ عَامِلٍ مِنْكُمْ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى﴾

“Роббилари уларнинг (дуоларини) истижобат қилиб: “Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмайман” (Оли Имрон сураси, 195-оят).

Аллоҳ таоло эркакларга қандай ваъда қилган бўлса аёлларга ҳам шундай ваъда қилган. Худди шунингдек эркакларни қандай мақтаган бўлса аёлларни ҳам шундай мақтаган.

Аллоҳ таоло айтади:

﴿إِنَّ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتِينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقِينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرِينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعِينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقِينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّائِمِينَ وَالصَّائِمَاتِ وَالْحَافِظِينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا﴾

Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси, 35-оят).

Ушбу оят ҳам сизнинг эркак кишининг туғишган опаси ва улар билан тенг эканингиз ҳамда ажр-савобларингиз Аллоҳнинг ҳузурида эканини билдиради. Шундай экан, сиз уйингизда ва жамиятда сизни Аллоҳнинг розилигига олиб борадиган амалларни қилинг, ушбу уммат фарзандларига энг гўзал намуна ва уларнинг йўлини ёритадиган машъала бўлинг.

Сиз ўз ҳаёт йўлингизда Фиръавннинг хотини Осиёни намуна қилиб олинг. Чунки улар ва улар каби аёллар пок, мўмина, Аллоҳга доимий итоаткор, кундузлари рўзадор ва кечалари намоз ўқийдиган аёллар бўлишган, Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин ва уларни ҳам рози қилсин! Сиз мана шу йўлни маҳкам тутинг. Уларнинг барча учун намуна бўлган ҳаёт йўлларини қайта-қайта мутолаа қилинг, шунда яхшилик, хотиржамлик ва сакинатни топасиз.

Шуъла: Етимнинг кўз ёшини артинг, шунда Раҳмон Зотнинг розилиги ва Унинг жаннатига эришасиз.

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан

Мақолалар