Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Январ, 2026   |   18 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:34
Аср
15:29
Шом
17:14
Хуфтон
18:32
Bismillah
07 Январ, 2026, 18 Ражаб, 1447

Ўзбекистоннинг гастрономик ва зиёрат туризм соҳаларидаги имкониятлари Саудия Арабистони матбуоти нигоҳида

24.07.2023   2239   2 min.
Ўзбекистоннинг гастрономик ва зиёрат туризм соҳаларидаги имкониятлари Саудия Арабистони матбуоти нигоҳида

Жорий йилнинг 12-19 июль кунлари Саудия Арабистони оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистонга инфотур ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Жидда шаҳридаги Бош консулхонамиздан маълум қилишларича,  Ўзбекистондаги “Real Dreams” туркомпанияси орқали ташкил этилган ушбу ижодий сафар доирасида саудиялик журналист ва блогерлар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишганлар. Шунингдек, Саудия ОАВ вакиллари 17-18 июль кунлари пойтахтимизда ўтказилган туризм кўргазмасида ҳам иштирок этишган.

Инфотур доирасида “Swift News” электрон нашрида ва “Snapchat” ижтимоий тармоғида Ўзбекистоннинг гастрономик ва зиёрат туризми соҳаларидаги имкониятларига бағишланган қизиқарли мақолалар ва видеороликлар жойлаштирилди.

“Араб таомлари ва от гўшти билан машҳур бўлган ўзбек ресторани” сарлавҳали мақолада саудиялик газетхонлар эътиборига  Ўзбекистоннинг пазандачилик санъати тўғрисида ҳикоя қилинади.

Самарқандда 2000 йилларда ташкил этилган “Иброҳим Бек ресторани”нинг ўзига хос жиҳати сифатида унинг барча тоифадаги хўрандалар учун мазали ҳамёнбоп таомлар таклиф қилиши айтилади. 

“Ресторанда оилавий ўтириш хоналари билан бирга, очиқ ҳавода жойлашган сўлим боғли гўшалар ҳам мавжуд. Тўловни ўзбек сўмида нақд ёки “Visa card” орқали амалга ошириш мумкин”, деб ёзади  “Swift News” нашри мухбири.

Навбатдаги мақола “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида жорий йилнинг 17 июль куни Ўзбекистон туристик агентликлари ассоциацияси томонидан Тошкент “UzExpo” марказида ташкил этилган “Зиёрат туризм” кўргазмасига бағишланган.

Таъкидланишича, ушбу кўргазмада Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва бошқа араб давлатларидан 100 нафардан ортиқ йирик сайёҳлик компаниялари, авиакомпаниялар ва меҳмонхоналар вакиллари иштирок этишган. Мазкур кўргазма Саудия Арабистони компаниялари учун умра зиёрати бўйича Ўзбекистон компанияларга ўз хизматларини кўрсатиш учун қулай майдон эканлиги урғуланган.

“Swift News” электрон нашри мавзуни давом эттириб, “Ўзбекистон туристик агентликлари ассоциацияси томонидан “UzExpo” марказида ташкил этилган “Зиёрат туризм” кўргазмасини Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раҳбарияти вакили очиб берганини маълум қилган.

Шунингдек, “Saudi Vision 2030” дастури ҳамда ҳаж мавсумида “Подшоҳ меҳмонлари” дастури ижросини таъминлаш доирасида Подшоҳлик тегишли чора-тадбирларни фаол амалга ошираётгани, хусусан, “умра” масумида зиёратчилар сонини 2030 йилга бориб 100 миллионга етказишни мақсад қилгани таъкидланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ким Аллоҳ учун тарк қилса...

11.08.2025   10758   4 min.
Ким Аллоҳ учун тарк қилса...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен бирор нарсани Аллоҳдан тақво қилиб тарк қилсанг, Аллоҳ таоло сенга ундан-да яхшироғини ато қилади” [1], деганлар.

Ким “одамлар нима деркин”ни ташлаб, юзинг-кўзинг қилиб ўтирмасдан Аллоҳ таолодан бошқадан умидини узса, Аллоҳ таоло унга тарк қилганларидан кўра яхшироғини беради. Уни нафснинг иззати, махлуқотдан беҳожат бўлиш билан ризқлантиради. Бу борада Набий алайҳиссалом шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким иффатли бўлиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ унинг иффатини сақлайди. Ким одамларга сарғайиб юришдан қутулиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ таоло уни беҳожат қилиб қўяди. Ким сабрли бўлишга уринса, Аллоҳ таоло уни сабрли бандалардан қилади”[2].

Ким Аллоҳнинг қадарига эътироз қилишни ташласа ва ҳамма ишларини Роббига топширса, Аллоҳ таоло у бандани рози бўлиш ва кучли иймон билан сийлайди ҳамда унинг ишини шу даражада гўзал ниҳояга етказадики, у бу ҳолни етти ухлаб тушида ҳам кўрмайди.

Ким фолбин ва сеҳргарлардан юз ўгирса, Аллоҳ таоло унга сабрни насиб этади, таваккул  ва тавҳиднинг ҳақиқати билан сийлайди.

Ким дунё матоҳларига қиё боқмаса, Аллоҳ унинг ишларини илгари қилади, қалбига сокинлик беради. Ўзи хоҳламаса-да, дунё унга эшикларини очади.

Ким Аллоҳгагина ибодат қилса, фақат ягона Аллоҳдан қўрқса, ваҳималардан қутулади. Аллоҳ таоло уни омонда сақлайди. Қўрқинчли нарсалар ҳам у учун саломатлик, оромбахш бўлиб қолади.

Ким ёлғонни тарк этиб ростгўйликни маҳкам тутса, Аллоҳ уни яхшилик томон йўллаб қўяди ва Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлар сафида бўлади, одамлар орасида ростгўйлик ила танилади ва шу орқали одамлар унинг гапларига қулоқ солади, унинг ҳурматини қиладиган бўлади.

Ҳақ бўлса-да, тортишувни тарк этгани эвазига Аллоҳ таоло жаннатда бир уй насиб қилади. Душманнинг ёмонлигидан асрайди. Қалби мусаффо бўлади. Унинг айбларини очадиганлардан омонда сақлайди.

Олди-сотдида алдовни тарк этганга нисбатан одамларнинг ишончи ортади. Унинг савдосида харидорлари сони кўпайиб боради.

Ким ҳаром нарсаларга қарамаса, Аллоҳ қалбига бир лаззатни ато этади.

Бахилликдан сақланиб, саховатпешаликни устун қўйган кишини одамлар ҳам яхши кўради. Аллоҳга ва жаннатга яқинлашади. Ғам-ташвишлардан енгиллайди. Фазилат бобида мартабаси ортиб боради. «...Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топ­гувчидирлар»[3].

Кибрланишни четга суриб, камтаринликни шиор қилиб олган кишининг қадри ошади. Бу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сўзларидир: “Ким Аллоҳ учун тавозели бўлар экан, Аллоҳ унинг қадрини кўтармай қўймайди” [4].

Ким кўп уйқу ва унинг лаззатидан воз кечиб, вақтини Аллоҳнинг ризоси учун намоз ўқиш билан ўтказса, Аллоҳ таоло унга шодлик, тетикликни ато этади.

Ичиш-чекишнинг барча турларининг яқинига йўламаган кишига Аллоҳ Ўзи мададкор бўлади. Унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат насиб этади. Бу бахт ҳақиқий бахт бўлади, кайф қилгандаги сохта бахт эмас.

Ким қодир бўла туриб, қасос ва ўч олмаса, Аллоҳ унинг кўксини кенг қилиб қўяди. Қалбига сурур беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир бандани афв қилишидан фақат ва фақат унинг иззати ортади”[5], деганлар.

Ёмонлар билан ҳамтовоқ бўлишдан сақланганни Аллоҳ таоло яхши кишиларга йўлиқтиради. Ҳалолдан ризқ топади, дунё ва охират яхшиликларини қўлга киритади. 


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Аҳмад ривояти.
[2]  Имом Бухорий ривояти.
[3]  Ҳашр сураси, 9-оят.
[4]  Имом Муслим ривояти.
[5]  Имом Муслим ривояти.

 

Мақолалар