Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Апрел, 2026   |   20 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:32
Қуёш
05:54
Пешин
12:30
Аср
17:02
Шом
19:00
Хуфтон
20:16
Bismillah
09 Апрел, 2026, 20 Шаввол, 1447

Исломнинг адолати

26.09.2018   13810   3 min.
Исломнинг адолати

Андалус давлатида бир роҳиб бор эди. У ўзи хизмат қиладиган черков томида ноёб бир гул ўстираётган эди. Роҳибнинг бир эчкиси ҳам бор эди. Эчкиси ҳар-ҳар замон черков томига чиқар эди.

Роҳиб бир куни гулга қараш учун томга чиққанида гулнинг узилганини кўрди. Бундан ниҳоятда дарғазаб бўлди. Шу вақтда черков томида эчки кўриниб қолди. Гулни шу эчки еган деб ўйлади. Жаҳл устида эчкини тутиб олиб томдан пастга улоқтирди. Бечора эчки тап этиб ерга тушди-ю тил тортмай ўлиб қолди.

Бу ҳолни кўрган қўшнилар ҳайвонга нисбатан шафқатсизлик қилганликда айблаб, роҳибни қозига олиб бордилар. Қози:

– Ҳайвонлар қилган ишлари учун жавобгар эмасликларини билмайсанми? Ўзи у гулни эчки еганинини қаердан билдинг? Кўзинг билан кўрдингми ёки сенга эчкининг еганини бирор киши айтдими? – деб сўради.

Pоҳиб:
– Йўқ, кўрмадим, кўрган киши ҳам йўқ. Бироқ у томга мендан бошқа ҳеч ким чиқмайди. Эчкини у ерда кўрганим заҳоти у еган деб ўйладим. Унга ғазаб қилдим, жазо беришимда ҳақсизлик йўқ, – деб ўзини ҳимоя қилди.

Қози эса:

– Исломда бароати зиммат асосдир. Бир кишининг жиноят  қилганига  гувоҳ бўлмаса, уни жиноятда айблаб бўлмайди.  Боз устига ҳайвонлар қилган ишларига масъул ҳам эмасдир, Унга бундай жазо беришинг зулмдир, – деди. Сўнгра роҳибга ҳайвонга нисбатан шафқатсизлик қилгани учун таъзир жазосини берди.

Роҳиб қозининг бу ҳукмини ҳақсизлик деб ўйлаб норози бўлиб юрди. Унинг тушунчасига кўра, эчкиси айбдор эди ва уни ўзи истаганидек жазолашга ҳақли эди.  

Орадан қанчадир вақт ўтди. Бир куни роҳиб кимсасиз йўлакдан ёлғиз келаётган эди, қаршисидан гандираклаб келаётган одамнинг йиқилиб тушганини кўрди. Унга ёрдам қиламан деб югуриб борди ва у одамнинг орқасига ханжар санчилганига кўзи тушди. Ханжарни тортиб чиқармоқчи бўлаётган чоқда шаҳар муҳофизлари келиб қолди ва уни одамни ўлдирганликда гумон қилиб, тутиб олдилар.

Маҳкамага чиқардилар ва:

– Тақсир, у ерда роҳибдан бошқа ҳеч ким йўқ эди, шунинг учун у ўлдирган деб ўйлаяпмиз, – дедилар.

Роҳиб бўлган воқеани қандай бўлса, ўшандай  қилиб гапириб берди ва ўзининг айбдор эмаслигини айтди.

– Воқеа содир бўлган жойда сендан бошқа кимса бўлмаса-да, у одамни сен ўлдирганингни кўрган бирорта гувоҳ йўқ. Шу сабабли Ислом таълимотига кўра, сени айблашга ҳаққимиз йўқ, – деди. Сўнг қози унга ўтмишда кўрган бир даъвони хотирлатиб:
– Ўшанда сен эчкининг гулни еганини кўрмасдан туриб, унга жазо берган эдинг. Агар ҳозир мен ҳам сен каби хулоса қилсам, сени қотилликда айблаган бўлар эдим. Аммо Исломда айби исбот этилгунга қадар ҳар қандай инсон айбсиз саналади. Энди Ислом адолатининг тўғри эканини тушундингми? – деди.

Роҳиб бир ғайримуслим бўлишига қарамасдан, уни айблашдан кўра оқлашга мойил бўлиб турган мусулмон қозига:

– Сиз ҳақсиз, сизнинг адолатингиз устундир, – демоқдан бошқа чора топа олмади.

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

"Ҳамишалиғ таъкид этур эдим: хон бўлсанг-да боғ ярат, гадой бўлсанг-да боғ ярат — бир кунмас бир кун мевасини татирсан..."

09.04.2026   1513   3 min.

"Ҳамишалиғ таъкид этур эдим: хон бўлсанг-да боғ ярат, гадой бўлсанг-да боғ ярат — бир кунмас бир кун мевасини татирсан..."
                       Амир Темур. 


Тарих саҳнасида ўзининг ўрнига эга , бутун дунёни ўз адолати билан ларзага келтирган , Александр Македонийский, Юлий Сезар, Меҳмет ИИИ каби дунё забардаст подшоҳлари қаторида тилга олинувчи , ХИлл аср боши ХлВ асрда бошланган низолар шу асрнинг 60- йилларига келиб бутун мамлакатни саросимага солиб турган парокандалик вақтида саркардалик ва қийин вазиятларда тўғри йўлни топа билиш қобилияти билан Эрон, Ироқ , Олтин Ўрда , Туркия , Озарбайжон, Ҳиндистон , ҳаттоки айрим Европа давлавлатлари билан амалда тенг келадиган улкан давлат барпо этган шахснинг ҳаётига яна бир бор назар ташласак...

  Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида яшовчи (ҳозир Яккабоғ тумани ҳудудида) муштипар она- бухоролик Такина хотун, баҳодир ота эса барлос уруғининг ва Чағатой улусининг эътиборли бекларидан бири бўлган Амир Тарағай хонадонининг дунёни хабт этувчи ёш гўдаги бўлмиш  Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Бундан ташқари 12 ёшида Қуръони Каримни йод билганлиги , шатранж ўйинининг устаси бўлганлиги ҳақида маълумотлар ҳам йўқ эмас .
Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.

Ўзининг саркардалик маҳорати билан кўплаб ҳарбий юришларни олиб борган. Тарихда эса фақат жанг-у жадаллар билан банд бўлган ҳукмдор эмас , балки юртнинг ободончилиги, равнақи илм-маърифатини кенг ёйилишида ўз ҳиссасини қўшган ҳукмдордир . Хусусан , Яқин ва Ўрта  Шарқ бўйлаб Мовароуннаҳр савдо-сотиқ, иқтисод ва маданият марказига айланишида, Самарқанд, Тошкент, Термиз, Марв, Дамашқ каби қадимий шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишида, шаҳарларни ободонлаштиришда ҳиссаси ниҳоятда беқиёсдир.

Амир Темур саройида кўплаб илм-маърифат алломалари Мавлоно Абдужаббор Хоразмий, Мавлоно Шамсуддин Мунши, Мавлоно Абдулло Лисон, Мавлоно Бадриддин Аҳмад, Мавлоно Нуъмониддин Хоразмий, Хожа Афзал, Мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокийлар Соҳибқироннинг марҳаматидан баҳраманд бўлиб, унинг хизматида бўлдилар. Амир Темур илм-фаннинг риёзиёт, ҳандаса, меъморчилик, фалакиёт, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига катта эътибор бериб, соҳиби ҳунарлар билан қилган суҳбатлари ҳақида француз олими Лянгле шундай ёзади: “Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч биддирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Чунки Темур бу соҳаларга ғамхўрлик қилишга асосий эътиборини берарди”.

Агар банда Аллоҳ розилиги учун дунёда ўз амалларини бажарар экан , албатта Аллоҳ таоло у амалларининг савобини қиёматга қадар боқий қилиб қўяр экан. Бу сўзларимизга Амир Темур қилган барча ишларни мисол келтирсак бўлади.  

Ҳар қанча фахр этсанг арзийди, ўзбек,
Балқибсан бир зотнинг юксак шонида.
Темурбек юлдузи Олтин қозиқдек
Чарақлар буюклар  каҳкашонида.

Тўрақулова Оиша 
"Жўйбори Калон" таълим муассасаси 1-курс талабаси

МАҚОЛА