1-савол: Қизим учун ақиқа қилмоқчи эдим. Қурбон ҳайити куни ҳам қурбонликка, ҳам ақиқага ният қилиб қўй сўйсам бўладими?
Жавоб: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилинг. Қурбонлик қодир кишиларга вожиб амал, ақиқа қилиш мустаҳаб амал. Қурбонлик қилишда ақиқани қўшиб ният қилиш мумкин. Чунки, бир жинсдаги катта амал ўзининг жинсидаги кичик амални ўз ичига олади.
2-савол: Автомобили бор лекин пули нисобга етмаган инсонга қурбонлик қилиш вожиб бўладими? Машина ҳам нисоб ҳисобланадими?
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Инсон ҳожати учун миниб турган машинаси нисобга кирмайди. Ёлғиз машинаси бўлиб, бошқа нисоб миқдорида маблағи бўлмаса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Эҳтиёждан ортиқ машина олиб қўйилган бўлса, қурбонликнинг нисобига киради ва қурбонлик вожиб бўлади.
3-савол: Мен савдогарчилик қиламан ва нисобдан ошган пулим бор шунга қурбонлик сўйишим керакми? Закотни бу йил чиқарган эдим, лекин қурбонлик ҳакида маълумотга эга эмасман. Илтимос, кимларга фарзлигини ва қандай сўйилишини тушунтириб беринг. Уйда эркак киши бўлмаса акамни чақириб ва қассоб чақириб сўйсам бўладими?
Жавоб: Ҳа, нисобга етадиган миқдордаги маблағга эга киши қурбонлик қилиши вожибдир. Сиз акангизни чақириб қурбонлик қилишингиз жоиз. Қурбонлик учун сўйиладиган жонлиқ айб ва нуқсонлардан саломат бўлиши керак. Қурбонлик гўштидан бир қисмини тарқатиб, бир қисмини сақлаб қўйиб, яна бир қисмини эса қавму-қариндош, қўни-қўшниларга пишириб едириш мустаҳаб амалдир.
4-савол: Мени саволим шуки, Рамазон ҳайити билан Қурбон ҳайити орасидаги фарқ қанча?
Жабов: Рамазон ҳайити шаввол ойининг биринчи куни, Қурбон ҳайити эса зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидир. Шунга кўра буларнинг ўрталарида чамаси етмиш кунга яқин бўлади.
5-савол: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилмоқчи эдик, жумада имом домла оиласи катта бўлса гўштни ярмини ўзига олиб қолса бўлади деди. Шу тўғрими? Умуман оила катта бўлса ҳаммасини олиб қолсаям бўладими?
Жавоб: Қурбонлик қилувчи инсон Аллоҳ таолонинг розилиги учун қурбонликка яроқли ҳайвонни сўйиш билан ибодат ҳосил бўлади. Унинг гўштидан фойдаланиш иккинчи масала ҳисобланади. Шунга кўра, сиз сўрагандек катта оилалар қурбонлик гўштининг ҳаммасини ўз оилалари учун олиб қолиши жоиз. Шунингдек қурбонлик қилувчи ҳайт кунида гўштнинг ҳаммасини муҳтож инсонларга тарқатиши ҳам жоиз. Аммо, мустаҳаб амал яъни, шу ўринда энг афзали қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиб, бир қисмини тарқатиш, бир қисми ўз оиласи учун олиб қолиш ва яна бир қисмини қариндош-уруғ ва яқинлар билан пиширган ҳолда баҳам кўриш бўлади.
6-савол: Мени кўлимда нисобига етган пулим бўлса Қурбонлик хам қиламанми? Мен Россияда ишлайман у ерда насроний қўшниларим ҳам бор. Агар Қурбонлик менгаям вожиб бўлса, ўша насроний қўшниларимга Қурбонликдан берсам бўладими?
Жавоб: Қурбонлик ибодатида қурбонликка яроқли ҳайвонни сўйиш эътиборли. Ҳайвоннинг қони ерга тушиши билан ибодат ҳосил бўлади. Қўшниларларга бериш эҳсон. Бошқа диндаги қўшниларга берса ҳам бўлади.
7-савол: Қурбонликка мол олдик. 4та одам бўлиб бўладими ё тоқ бўлиши керакми?
Жавоб: Қурбонликка сўйиладиган молда етти кишигача шерик бўлиш мумкин. Бунда шериклар сони тоқ ёки жуфт бўлиши шарт эмас. Муҳими шерикларнинг барчаси қурбонликни ният қилиши керак. Агар уларнинг бирортаси гўшт ниятида шерик бўлса қолганларнинг ҳам қурбонлиги қабул бўлмайди.
ЎМИ фатво ҳайъати
Савол: Биз томонларда ўғил фарзанд учун қилинадиган суннат (хатна) тўйига келиннинг отаси ёки ака-укалари сўқим (сўйиладиган қорамол) олиб боришлари шартдек бўлиб қолган. Ҳатто бу нарса келин тарафдагиларнинг бурчи деган тушунча ҳам бор. Шунинг учун айрим ҳолларда баъзи оталар неварасини суннат тўйига ерини сотиш ёки катта қарзларни олишгача мажбур бўлаяпти. Шу ишлар динимизда борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хатнани бор эканлиги барчага маълум ва бу учун зиёфат қилиб бериш ҳам бор. Аммо бу нарса фарз ёки вожиб, ҳатто суннат ҳам эмас, балки у айрим саҳобийларнинг шунчаки одати бўлган. Лекин у ҳозирги кунда авж олгандек бемаъни дабдабозлик билан эмас, балки тор доирада камтарона дастурхон ёзиб ўтказилган.
Демак, аслида суннат ҳам бўлмаган ушбу “тўй”га сўқим олиб келиш қиз томоннинг бурчи дейиш мантиқсиз экани кўриниб турибди. Буни жоҳилона ҳою ҳавас ортидан пайдо бўлган хурофот десак, тўғрироқ бўлади. Айнан мана шунақа тайини йўқ “мажбурият”лар туфайли қанчадан-қанча оилалар жабр кўряпти ва ҳатто айрим оилалар “сўқим қилинмагани ёки олиб келинган сўқимнинг кичкиналиги” сабабидан бузилиб кетишгача ҳам бормоқда.
Динимизда ҳадя улашишга тарғиб қилинган. Аммо бу чин юракдан ҳамда берувчига малол келмасдан амалга оширилиши керак.
Шундай экан, куёв томонга юбориладиган новвосларни ҳадя деб бўлмайди. Чунки бу нарса ошкора ёки зимдан қилинган талаб ёки келин томоннинг одамлардан уялиб ёхуд “қизим хижолат бўлмасин”, деб қиладиган “совғаси” бўлади. Куёв томоннинг келин томонга бундай талаблар қўйиши катта хато ва гуноҳ саналади. Қолаверса, чин кўнгилдан берилмаган нарсани ейиш ҳам шубҳали ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه رواه احمد
“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Шундай экан, бундай ишга чек қўйиш лозим. Агар қилмоқчи бўлсалар, куёв томон имкони даражасида ўзлари қилсинлар. Агар имконлари бўлмаса, қайнотани зиммасига юкламасликлари лозим. Имкон бўлмагани учун бу каби эҳсонни қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.