Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Январ, 2026   |   28 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:46
Пешин
12:38
Аср
15:39
Шом
17:25
Хуфтон
18:42
Bismillah
17 Январ, 2026, 28 Ражаб, 1447

Савоб

07.08.2018   10653   2 min.
Савоб

Хонамга бир йигит кириб келди. Нимадан­дир жуда хижолат, ийманибгина:

– Сиздан бир нарсани сўрасам майлими? Хо­тиним билан бир иш қилмоқдамизки, кўнг­ли­мизда хотиржамлик йўқ! Бу қилаётган ишимиз учун Аллоҳ жазоламасмикан, шундан ташвиш­дамиз, – деди ерга қараб. Хаёлимга бу инсон кат­та бир гуноҳга қўл урдимикан, шу даражада хи­жо­лат чекмоқда, деган фикр келди.

– Қандай иш эканки, сизларни бунчалик ташвишга солибди? – дедим.

– Мен кўп қаватли уйда яшайман. Қўшним кекса рус кампир, фарзандлари Россияга кетиб қолишган, ҳеч ҳолидан хабар олишмайди. Шу кам­пир бетоб, фарзандларига оналари касал­ли­ги тўғрисида бир неча бор хабар жўнатдим, улар келишмади. Хотиним иккаламиз кампирга ов­қат берамиз, уйини тозалаймиз, хотиним кирла­ри­ни ювади. Бу кампир бошқа диндан бўлса, унга  хизмат қилаётганимиз тўғрими, шуни бил­моқ­чи эдим, – деб гапини якунлади.

– Бу хизматни уй-жойига эга чиқиш ёки би­рор дунёвий нарса илинжида қилмоқдасизлар­ми? – дедим.

– Худо асрасин! Уйимиз ўзимизга етарли, унинг уйига ҳеч эҳтиёжимиз йўқ. Қолаверса, бу ёр­дам­ни астойдил, кампирнинг қийинчиликла­ри­ни енгиллатиш учун қиляпмиз, тама учун қилма­япмиз, шу ишимиз тўғрими ёки йўқми? Ғайридин­га хизмат қилиб, гуноҳ қилмаяпмиз­ми? – деб са­волини яна қайтарди.

– Бечора, ғариб, касал, кекса кампирнинг фарзандлари туққан онасига хизмат қилишдан қочишса, сиздек етти ёт бегоналар, улуғ савоб ишга қўл уриб, гуноҳ иш қилмаяпмизми, де­йишингизнинг ўзи улкан савоб. Сизлар энг олижаноб, ҳақиқий одамийлик бурчингизни адо қиляпсизлар, бунинг учун эса мукофот ва ажр бор, деб қўшни ва бошқа диндагиларга яхшилик қилиш, ёрдам бериш тўғрисидаги ҳадислардан тушунтирдим.

Йигит: “Худога шукр!” деб қилаётган савоб ишларидан мамнун бўлиб, ташаккур айтиб кетди.

Азиз қардошларим! Бизнинг халқимиз мана шундай ажойиб халқ. Иккинчи жаҳон урушида ота-боболаримиз миллионлаб етимлар, уй-жойидан жудо бўлган турли миллат халқларига ёрдам берган. Уларнинг ичида рус, немис, япон, корейс, месхети турк, татар, доғистонлик, чеченлар ва бошқа кўплаб миллатлар бўлган. Бизнинг оталаримиз уларга ўзлари еб турган бир бўлак нонини ярмини беришган. Уларнинг бошини си­лашган. Биз авлодлар ҳам уларнинг гўзал амалларини давом эттираётганимизга юқоридаги ҳикоямиз яққол далилдур.

“Қасамини бузган қиз” китобидан

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Исро ва Меърож мўъжизасидан олишимиз керак бўлган кўп ҳикматлар бор

16.01.2026   4586   2 min.
Исро ва Меърож мўъжизасидан олишимиз керак бўлган кўп ҳикматлар бор

#xabar #muftiy #juma

 Бугун, 16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги "Абу Сахий" жоме масжидида адо этдилар.

 Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Исро ва меърож воқеаси ҳикматлари” мавзусида маъруза қилиб бердилар.

Ислом тарихидан маълумки, пайғамбарликнинг ўнинчи йилида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бир кечада Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдириб, у ердан осмонларга кўтарди. Бу ҳақда Исро сурасининг 1-оятида бундай хабар берилган: “Ўз бандаси (Муҳаммад)ни бир кечада Масжидул Ҳаромдан атрофини баракотли қилганимиз Масжидул Ақсога олиб борган Зот (Аллоҳ) барча нуқсонлардан покдир. Биз унга оятларимиздан (мўъжизаларимизни) кўрсатиш учун (шу ишни қилдик). Албатта, У эшитувчи ва кўрувчидир”.

 Маърузада айтилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонларга жисмлари билан кўтарилганлар. Ҳар осмонда пайғамбарлар ва кўплаб фаришталар билан кўришганлар. У зотга жаннат ва жаҳаннам аҳлининг ҳоли қандай бўлиши кўрсатилган. Сидратул-мунтаҳо – яратилган мавжудотлар илми ва ҳаракати тугайдиган жойга етиб, Аллоҳнинг ғайб оламида кўпгина ажойиботларни кўрганлар. Ўшанда баъзи оятлар нозил бўлган, беш вақт намоз фарз қилинган.

 Муфтий ҳазратлари ушбу буюк мўъжизадан олишимиз зарур бўлган айрим ҳикматларга тўхталиб ўтдилар. Жумладан, Аллоҳнинг қудрати мутлақо чексизлиги, Пайғамбар алайҳиссаломнинг мақомлари нақадар улуғлиги, намоз – энг олий мақомда амр қилинган улуғ ибодат экани, имон – ғойибга ишониш экани кабиларни оят ва ҳадислар билан шарҳлаб бердилар.

 Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу буюк мўъжизадан муносиб ибрат олиб, имон-эътиқодда собитқадам, ҳаёт синовларида сабрли, Ўзидан умидини узмайдиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Исро ва Меърож мўъжизасидан олишимиз керак бўлган кўп ҳикматлар бор Исро ва Меърож мўъжизасидан олишимиз керак бўлган кўп ҳикматлар бор Исро ва Меърож мўъжизасидан олишимиз керак бўлган кўп ҳикматлар бор Исро ва Меърож мўъжизасидан олишимиз керак бўлган кўп ҳикматлар бор Исро ва Меърож мўъжизасидан олишимиз керак бўлган кўп ҳикматлар бор Исро ва Меърож мўъжизасидан олишимиз керак бўлган кўп ҳикматлар бор Исро ва Меърож мўъжизасидан олишимиз керак бўлган кўп ҳикматлар бор Исро ва Меърож мўъжизасидан олишимиз керак бўлган кўп ҳикматлар бор Исро ва Меърож мўъжизасидан олишимиз керак бўлган кўп ҳикматлар бор
Ўзбекистон янгиликлари