Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Муҳаммад алайҳиссалом – пок ва тоза насаб соҳиби

02.05.2018   11923   5 min.
Муҳаммад алайҳиссалом – пок ва тоза насаб соҳиби

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Набий алайҳиссалом: «Менинг зоту насабимга жоҳилият бузуқликлари аралашмаган. Ота-боболаримнинг ҳаммалари айнан Исломдаги никоҳ қоидаларига мувофиқ ҳолда дунёга келишимга сабабчи бўлишган», деганлар».

Ҳишом ибн Муҳаммад Калбий отасидан шундай ривоят қилади: «Мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг оналарига қадар яна жуда кўп момоларининг ҳаётини ўрганиб чиқишга муваффақ бўлдим. Уларнинг орасида бирор зинокорни ҳам, жоҳилиятнинг ёмон одатлари билан машғул бўлган бирор кимсани ҳам учратмадим».

Али каррамаллоҳу важҳаҳудан келтирилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен никоҳдан дунёга келганман, зинодан эмас. Одам алайҳиссаломдан бошлаб, то ота-онамдан туғилгунимга қадар жоҳилият бузуқликлари менга етмаган», деганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Ота-онам ҳеч қачон зинога яқинлашмаганлар. Аллоҳ таоло мени пок сулбдан (яъни ота-боболаримнинг пушти камаридан) покиза раҳмларига (яъни она-момоларимнинг вужудига) кўчирган. Улар икки шохобчага бўлинган, мен уларнинг энг яхшисидаман».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Лақод жаа-акум расулуммин анфусикум», яъни «Дарҳақиқат, сизларга ўзларингиздан (чиққан) Расул келган»  оятини қироат қилиб, «анфусикум»нинг «фо»сини фатҳали أَنْفَسِكُمْ (яъни «анфасикум») қилиб ўқидилар-да,  «Мен ичингизда насабда, қариндош-уруғчиликда ҳамда аслзодаликда намуна ва ибрат олишга энг лойиқроғингизман. Одам алайҳиссаломдан буён келаётган ота-боболарим ичида бирорта хулқи бузуқ бўлмаган», деб марҳамат қилдилар».

Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳиссаломдан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: «Ер юзининг машриқу мағрибини кўриб чиқдим. Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан афзалроқ кишини ҳамда Ҳошим авлодидан афзалроқ ота авлодини кўрмадим».

«Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл этилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен Одам алайҳиссалом зурриётларининг энг яхши наслидан пайғамбар қилиб юборилдим. Бу ҳолат то энг яқин ота-боболаримга қадар наслма-насл давом этиб келган», деганлар.

«Саҳиҳи Муслим»да Восила ибн Асқоъ розияллоҳу анҳу нақл қилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло Исмоил зурриётидан Кинонани танлади. Кинонадан Қурайшни, Қурайшдан Бану Ҳошимни, Бану Ҳошимдан эса мени танлаб олди», дедилар.

Аббос розияллоҳу анҳу келтирган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Аллоҳ таоло махлуқотларни яратиб, мени барча фирқа(гуруҳ)лар ичида ҳам энг яхшиси, икки фирқа(гуруҳ)нинг ҳам энг яхшиси қилди. Сўнгра қабилаларни ихтиёр этиб, мени энг яхши қабилага мансуб этди. Сўнгра оилани ихтиёр этиб, менинг ана шу оилаларнинг энг яхшисида дунёга келишимни тақдир этди. Мен уларнинг нафси (яъни жони, зоти) жиҳатидан ҳам, оила жиҳатидан ҳам энг яхшисиман» .

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо нақл қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ таоло махлуқот яратишни ирода қилиб, улар орасидан Одам наслини танлади. Сўнгра Одам авлодлари орасидан арабларни танлади. Сўнгра ана шу араблардан мени танлади. Мен шу арабларнинг яхшиларидан сараланиб келганман. Ким арабларни яхши кўрса, мен яхши кўрганим учун яхши кўради. Ким уларни ёмон кўрса, мен ёмон кўрганим учун ёмон кўради».

Шуни яхши билишимиз лозимки, Пайғамбар алай­ҳис­саломнинг на ака-ука, на опа-сингиллари бўлган. У зот ёлғиз фарзанд бўлганлар. Бу билан ота-оналари наслининг софлиги ва яхшилик хислатлари фақат у зотгагина ўтиши ҳамда насаблари ҳам ёлғиз ўзлари билан чекланиши кўзланган. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликка муносиб бўлишлари ва энг юқори шарафга мувофиқ танланган насаб билан хосланишлари ирода қилинган. Агар сиз Пайғамбар алайҳиссаломнинг насабларини синчиклаб ўрганиб, у зотнинг нақадар пок наслдан дунёга келганларини билишга киришсангиз, охир-оқибат улуғ ва олижаноб сулолага мансуб эканларига ишонч ҳосил қиласиз. Пайғамбар алайҳиссалом араб миллатига мансуб бўлиб, абтоҳий,  ҳарамий,  ҳошимий  ва қурайшийдирлар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қисқача таъриф берадиган бўлсак, у зот арабларнинг энг яхшиларидан танланган бўлиб, уларнинг ичида энг тоза наслу насаб эгаси, аслзодаликда энг шарафлиси, агар арабларни дарахтга ўхшатсак, у зот уларнинг энг гуллагани, ўзаги ва илдизи энг бақуввати, агар устунларга ўхшатилса, энг баланди, арабларнинг зоти жиҳатидан энг покизаси, тили энг фасоҳатлиси, баёни энг равшанроғи, агар шараф тарозисида ўлчаниши мумкин бўлса, шарафи энг оғир келадигани, энг тўғри йўл тутадигани, ота-она тарафидан энг азизи ва энг мукаррами бўлганлар.

Шунингдек, у зотнинг Аллоҳ таоло учун энг азиз ўлка бўлмиш Маккаи Мукаррамада дунёга келишлари ҳам бежиз эмас. Зеро, араб саҳросида (ўша вақтда) Макка шаҳрининг нуфузига тенг келадиган бошқа ўлка йўқ.

Бу хусусда буюк муҳаддис Шамсиддин ибн Носириддин Димашқий нақадар гўзал сўзлар айтганлар:

Асрамиш Аллоҳ таоло Муҳаммад ҳурматидан,

Барча боболарини жоҳилият иллатидан.

Одам Атодан тортиб ота-онасигача

Зинога юрмадилар Аллоҳнинг раҳматидан.

Ғиёсиддин Баратов

«Кўкалдош» ўрта махсус

Ислом билим юрти ўқитувчиси

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Кеч ухлаш умрни қисқартиради

25.08.2026   2395   1 min.
Кеч ухлаш умрни қисқартиради

Тадқиқотларга кўра, дунё аҳолисининг 58 фоизи уйқусизликдан азият чекмоқда. Бунинг биринчи сабаби гаджетлар доимий томоша қилиш оқибатида кечки соат 23:00 дан кейин ухлашга одатланишдир. 
 

Кеч ухлаш соғлиққа бир қанча хавф туғдиради.


Жигар ва бошқа аъзолар ўзини тиклай олмайди. Инсон организмидаги барча аъзолар тунда, айниқса, соат 22:00–02:00 оралиғида фаол тикланиш жараёнига киришади. Хусусан, жигар соат 23:00 дан кейин танани фаол тозалаш (детоксикация) вазифасини бажаради. Агар инсон у пайтда ухламаган бўлса, вазифа тўлиқ бажарилмайди. Бу эса чарчоқ, безовталик, тушкунликка олиб келади.


Гормонлар мувозанати бузилади. Уйқу вақтида, айниқса, соат 22:00–01:00 орасида ўсиш гормони (мелатонин ва соматотропин) ишлаб чиқарилади. Бу гормонлар иммунитетни кўтариш, тери ва ҳужайраларни тик лаш, стрессни камайтиришга хизмат қилади. Агар ухлаш кечикса, бу гормонлар кама йиб боради.


Ақлий фаолият сусаяди. Эътиборни жамлаш, эслаб қолиш қобилиятининг пасайиши айнан ўз вақтида ухламаслик билан боғлиқ. Оқибатда иш унумдорлиги ёмонлашиб, сифатли ўқишга ҳам салбий таъсир қилади.


Руҳий мувозанат бузилади. Соат 23:00 дан кейин ухлайдиган инсонларда депрессия, қўрқув, руҳий заифликлар кўп кузатилади.


Юрак уриш мувозанати ёмонлашади.


Сўнгги йилларда юракқон томир касалликлари ҳам кўпайиб, ҳам “ёшариб бормоқда”. Кам ва ўз вақтида ухламаслик юракни зўриқтириб, умрнинг қисқаришига сабаб бўлмоқда. Юракни даволаш учун ўз вақтида ухлаш керак.


Энг фойдали уйқу эса соат 22:00 дан 05:00 гача бўлади. Чунки айнан шу соатларда уйқу фазалари мукаммал кечади.


Интернет манбалари асосида тайёрланди.

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 8-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Ўзбекистон янгиликлари