Абдурроҳман ибн Мусъаб айтади: “Куфада бир киши бор эди. Унинг исми Асад ибн Солҳаб бўлиб, обидлардан эди. Бир куни у Фурот дарёси бўйида турганида, ўша ердаги бир кишининг
إِنَّ الْمُجْرِمِينَ فِي عَذَابِ جَهَنَّمَ خَالِدُونَ
“Албатта, жиноятчилар жаҳаннам азобида абадий қолурлар”.
لَا يُفَتَّرُ عَنْهُمْ وَهُمْ فِيهِ مُبْلِسُونَ
“У улардан енгиллатилмас ва улар у (азоб)да ноумид ҳолда қолурлар” (Зухруф сураси, 74-75-оятлар). (Яъни, азоб аҳли жаҳаннамдан ҳеч енгиллатилмайди. Улар ўша азоб ичида ноумид бўлган ҳолларида абадий қолиб кетадилар.) деб тиловат қилганини эшитидию, сувга йиқилиб, вафот этди. Аллоҳ раҳматига олсин!”
Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли
асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ассалому алайкум. Мен кўпинча жамоат транспортларидан фойдаланаман. Шундай ҳолатга кўп гувоҳ бўлиб қолмоқдаман: мактаб ёшидаги айрим болалар, ҳатто баъзи катталар ҳам пластик картасини тўлов ускунасига тутади, лекин пул ечилмайди. Ё картаси ишламайди ёки пули йўқ. Шу ҳолатда кира ҳақини тўлмай, тушиб кетмоқдалар. Шу иш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу иш жоиз эмас. Чунки бу ҳақдорга ҳақини бермаслик ва ўзгалар ҳаққини ноҳақ ейишдир.
Аллоҳ таоло ўз Каломида бизларни огоҳлантириб, бундай деган: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).
Шунинг учун болани ёшликдан бировнинг ҳақидан ҳазар қилишга ўргатиш лозим. Арзимаган пулку, дейиш гуноҳни кичик санашдир. Бунинг устига ўзганинг ҳаққининг катта ё кичиги бўлмайди. Ҳақ эгаси кечмагунича, Аллоҳ таоло ҳам бундай гуноҳни кечирмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.