Сафарни ихтиёр қилиб йўлга ҳозирлик кўрган кишини йўлдан қайтармоқ кейинчалик ўша одамнинг маломатларига дуч бўлмоқ демакдир. Зотан, динимизда ҳам ўз маконида иши юришмаган кишиларнинг сафарга чиқиши тавсия этилган. Бизнинг ватандошларимиз мусофирчиликка асосан ризқ-насиба талабида чиқаётир. Уларнинг баъзилари мусофирчилик заҳматини тортгани бесамар кетмай уч-тўрт сўм орттириб келяпти, баъзилари эса қуруқ қўл билан қайтиб келаётир.
“Бисмиллаҳ” деб юртидан чиққан одамнинг Худодан бошқа ёри йўқ. Шундай экан, ундай одам Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлишни истаса, аввало хулқини гўзал тутмоғи даркор. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади:
“Мусофирнинг зоди роҳиласи ҳалол, покиза бўлиши, сафар мобайнида (ён-атрофдагиларга) ширинсуханлиги, сафардошларига хушмуомалалиги, еб-ичиш ва харажатларда қўлидан келганича уларга ёрдам бериши улуғ инсон эканининг аломатидир”.
Ана шу фазилатлари мусофирчиликда уни бошқаларнинг кўзига яхши кўрсатади. Албатта, танимаган-билмаган жойларига бориш кишини бир оз ҳаяжонлантиради, уйида қолаётган фарзандларидан хавотир олишига ҳам сабаб бўлади.
عن عثمان بن عفان، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : "مَنْ خَرَجَ مِنْ بَيْتِهِ يُرِيدُ سَفَرًا فَقَالَ حِيْنَ يَخْرُجُ: بِسْمِ اللهِ وَ اعْتَصَمْتُ بِاللهِ تَوَكَّلْتُ عَلَى اللهِ لا حَوْلَ وَ لا قُوَّةَ إَلا بِاللهِ رُزِقَ خَيرَ ذَلِكَ المَخرَجِ وَصُرِفَ عَنهُ شَرَّ ذَلِكَ المَخرَجِ".
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки сафарни ирода қилиб уйидан чиқса ва чиқаётган пайтида: “Бисмиллаҳи ваътасомту биллаҳи таваккалту алаллоҳи ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” (Аллоҳнинг номи билан сафар қилишни бошлайман. Аллоҳнинг ёрдамига боғландим, Аллоҳга таваккул қилдим ва тоатга қувват ҳам, гуноҳдан сақланишга бўлган қувват ҳам ёлғиз Аллоҳдандир) деса, ўша чиқишлигида яхшилик билан ризқланиб, ўша чиқишлигининг ёмонлиги ундан дафъ қилинади”, дедилар”.
Мусофирчиликнинг тўрли кўринишлари ва шартлари ҳақида муфассир олимларимиз кўп ва хўб ёзган. Уларнинг асарлари билан ҳам вақти билан таништириб борамиз. Ҳозирги мақоламизда эса муҳожирликнинг, замонавий ифодада айтганда, мигрантлик ёки гастарбайтерликнинг инсоннинг руҳиятига қанчалик таъсир кўрсатишига биргина мисол келтирмоқчимиз.
Қўлида дипломи бор, кўп йиллар шифохонада ишлаган врач аёл озгина пул топайлик, уйимизнинг кам-кўстини бутлайлик, болаларни ўқитайлик, тўйлар қилайлик деган ниятда Уммон Орти давлатига ишлагани кетибди. У ерда бир инсофли оилага учраб қолибди. Кекса кампирга қарай бошлабди. Хонадон эгалари унга чиройли муомала қилар, яхшигина ойлик маош ҳам тўлар экан. Кўп йил ишлабди. Бу ердан ният қилиб чиққанларининг деярли ҳаммасини ҳал қилишга ўша ёқда ишлаган дастмояси асқатибди.
Ниҳоят энг кенжа қизини чиқарадиган бўлишибди. Уйнинг эгаларидан рухсат олиб йўлга шайланибди. Кейин яна бунча жойга бориб-келишга озгина пул керакми, яхшиси, яна бир йил сабр қилсам, биратўла кета қоламан, деб ўйлабди. Йўлларига кўз тикиб ўтирган фарзандларига қўнғироқ қилиб шу қарорини айтибди. Ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлибди. Лекин тўйни тўхтатиб бўлмайди-ку!
Ҳосили калом, яна бир йил ишлаб энди қайтмоқчиман деб қўнғирогқ қилса, эри ҳам, болалари ҳам ишингиз яхши бўлса, ишлайверганингиз маъқулми, яна бундай яхши хонадон топиладими, йўқми, деятган эмиш...
Бу гапларни эшитиб унинг бошидан совуқ сув қўйгандек бўлибди. Мусофирчиликда ўтган йиллари кўз ўнгида бирма-бир ўтаверибди. Деярли ҳар куни боғланиб “Сизни соғиндик, ойижон”, “Қачон қайтасиз, ойижон” дея мўлтираган фарзандлари наҳотки усиз яшашга ўрганиб қолган бўлса! Унинг ўзичи? Ўзи эрисиз, фарзандларисиз яшашга кўникмадими?.. Қайтиб борганда уларга эл бўлиб кетармикан!..
Дамин ЖУМАҚУЛ
ЎМИ Матбуот хизмати
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зот алайҳиссалом менга: “Эй, Абу Мусо, Сени жаннат хазинасидан бўлган калимага далолат қилайми?!” дедилар”.
Мен: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дедим. Шунда Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридан”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”нинг маъноси ҳақида бундай деганлар: “Гуноҳдан фақатгина Аллоҳнинг ёрдами ила тийилиш мумкин. Аллоҳга итоат этиш ҳам ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билан бўлади”.
Банда Аллоҳнинг ёрдамисиз ўзини ўзгартира олмайди, гуноҳдан қутила олмайди, тўғри йўлни тополмайди, бирор савобли ишга қўл уролмайди. Чунки куч-қувват фақат Аллоҳдандир.
Ким мусибатга йўлиқиб, қийин аҳволга тушиб қолса, қарздор бўлса, моддий ҳолати оғирлашса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп такрорласин. Шунда Аллоҳ унга нажот беради ҳамда уни турли қийинчилик ва ташвишлардан халос этади.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?” дедилар.
Мен: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади”, дедилар”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир”, (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).
Шунинг учун уламолар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин”, деганлар.
Ким “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” зикрини айтишга одатланса ғам-ташвишлардан халос бўлиш билан бирга, камбағаллик ҳам кўрмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас”, деганлар (Ибн Абу Дунё ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом қачон муаззин “Ҳайя ъалас-сола” ва “Ҳайя ъалал-фалаҳ”ни айтганида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” дейишни ўргатганлар.
Муаззиннинг намозга, нажотга шошилинг деган чақириқига “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” яъни Аллоҳнинг хоҳишисиз бизда ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ, деб жавоб қайтарилади. Чунки агар Роббимиз ибодат қилишимизга куч-қувват бермаса, биз ўзимиз адо этишга қодир эмасмиз.
Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Қайси бир фаришта осмонга чиқмоқчи бўлса, албатта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айтиб, ердан кўтарилади. Чунки фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиқаётиб: “Бисмиллаҳи, таваккалту ъалаллоҳ. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, дер эдилар.
Ким ушбу зикрларни айтиб уйидан чиқса у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади, шайтон унга яқинлаша олмайди.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” зикри сабабли қанча қийинчиликлар енгил бўлди, ғам-ғуссалар ариди, дангасаликлар кетди, ибодатга завқ ортди, қайғулар ҳурсандчиликка айланди, ҳаётда эзгу мақсадлар сари илдам қадам босишга илҳом, ишонч пайдо бўлди.
Шундай экан, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” деб айтишни ўзингизга кунлик вазифа қилиб олинг. Ҳар куни имкон қадар кўп айтишга одатланинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД