Қалбни поклашда биз учун асосий манба Қуръони каримдир. Қуръон қалбимизга аниқ ташхис қўяди, қалбни иллатлардан халос этади, асл фитратига мос ҳолда яшашга ундайди. Қуръон эшитган одамнинг дили ором олади. Қуръон тиловати орқали дилдаги шубҳа-гумонлар арийди.
Маълум бўлишича, Қуръон ўқиш ва эшитиш турли ёмон ўй-хаёлларни миядан чиқариб ташлайди, хотира пасайишининг олдини олади, инсонни мушоҳада юритишга ўргатади, фикрини тиниқлаштиради, ақл-заковатни ўстиради. Бу мўъжизавий Калом эътиқодимизни тўғрилайди, қалбимизни нурга тўлдиради, дилимизни равшан қилади, тасаввуримизни бойитади, дунёқарашимизни кенгайтиради.
Мана шундай Қуръони каримнинг беқиёс сифатларини юрагидан ҳис этган мўмин-мусулмонларимиз шу кунларда қорилар мусобақаси қаерда бўлса, ўша ерда ҳозир бўлишга интилишмоқда. Ҳеч бўлмаса сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали Аллоҳнинг каломи қироатидан баҳраманд бўлишмоқда.
Бугун Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида давом этаётган қорилар мусобақасига ҳам қалбларини илоҳий файзга лиммо-лим қилишни истаган кишиларимиз эрта тонгдан жамул-жам бўлиб, жон қулоқлари билан хушхон ҳофизи Каломуллоҳнинг тиловатларини тинглашмоқда. Сиз ҳам фаришталар жам бўладиган Қуръон мажлисига қўшилинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Дўзах Роббига шикоят қилиб, «Роббим, ич-этим бир-бирини еб юборяпти», деди. Шунда У Зот унга икки нафасга – қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга изн берди. Сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана шундандир» (Ибн Можа ривояти).
Қуёш қиздирган, жазирама иссиқ кунда қайта тирилиш кунини эсла ва Аллоҳдан Аршининг соясини, шифти остидаги мақомни сўра!
Аллоҳим! Кундузлари соим, кечалари қоим бўлишда, кўзни тийиш, тилни сақлашда бизга Ўзинг ёрдамчи бўл!
Иссиқ ҳавога сабр қилсанг, ёмонликларинг ўчирилади.
– Агар иссиққа сабр қилиб, савоб умид қилсанг, Аллоҳ яхшилигингни зиёда қилиб беради.
– Агар Аллоҳ иссиқни тақдирингга битган эканига рози бўлсанг, У Зот ҳам сендан рози бўлади.
– Агар иссиқда рўза тутсанг, машаққатингга яраша рўзангни ҳам савоби ошади.
– Агар иссиқда масжидга борсанг, салқин ҳавода боргандан кўра кўпроқ савобга эришасан.
Энди ўйлаб кўргин, шундай улкан савоблари бор экан, нега бу иссиқдан бунча диққинафас бўласан?