Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло раҳмли инсонларга раҳм қилади. Ер юзидагиларга меҳрли, шафқатли бўлинг, осмондагилар сизларга раҳм қилишади. Раҳм (қариндошлик алоқалари) Раҳмонга яқиндир. Ким қариндошликни боғласа, Аллоҳ таоло у билан (раҳмат риштасини) боғлайди. Ким уни узса, Аллоҳ таоло ҳам ундан (раҳмат риштасини) узади” (Абуд Довуд ва Термизий ривояти).
Шарҳ: Ушбу ҳадисда кимга нисбатан раҳм кўрсатиш аниқ айтилмаган. Яъни, “одамларга”, “мўминларга” “солиҳларга” ёки “фақирларга” деган қайд йўқ. Шундай экан, бу ҳадисдан бутун махлуқотга нисбатан раҳм-шафқат кўрсатиш лозимлиги келиб чиқади. Яъни, ер юзидаги яхши-ёмон барча инсонларга, хонаки-ваҳший бутун ҳайвонларга кўрсатиладиган марҳамат Раҳмон – раҳмати чексиз Аллоҳ таоло рози бўладиган амаллардандир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳмдил бўлмагунча (комил) мусулмон бўлолмайсиз”, деб марҳамат қилганларида саҳобийлари: “Эй Аллоҳнинг расули, ҳаммамиз раҳмлимиз”, деб жавоб бердилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бу ўринда бирингизнинг дўстига кўрсатадиган раҳм-шафқат эмас, барча инсонларга ва ҳайвонларга кўрсатиладиган марҳаматни кўзда тутяпман”, дедилар».
Марҳаматлиларга Аллоҳ таолонинг ҳам раҳм қилиши дейилганида, уларга эҳсонини мўл-кўл қилиб бериши ва кўпгина неъматлар ато этиши тушунилади. Аммо кўрсатиладиган раҳм-шафқат Қуръон ва суннат асосида бўлиши зарурлигини ҳам билиб қўйиш керак. Зеро, Аллоҳ таоло розилигига терс тушадиган, суннатга тўғри келмайдиган марҳамат ва шафқат бу ерда мақталган сифатга кирмайди.
“Осмондагилар”дан мақсад фаришталардир. Чунки улар мўминларга истиғфор сўраб турадилар. “Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришта)лар Парвардигорларига ҳамду-сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга имон келтирурлар, ҳамда имон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин” (Ғофир, 7). Бу муборак оятдан маълум бўлишича, фаришталарнинг раҳм қилиши мўминлар учун раҳмат ва мағфират сўрашдан иборат.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларидан келиб чиқадиган хулоса шу: қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашга аҳамият бериш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришишга интилиш демакдир. Аксинча, бу масалага бепарво бўлиш Аллоҳ таолонинг раҳматига беписандликдан дарак беради.
“Кутуби ситта” асосида
Содиқ НОСИР
тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).
Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.
Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.
Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази