Саҳобия онамиз
Жаннатни Аллоҳ суйган бандаларига қароргоҳ қилган, уни Ўз раҳмати ва ризолиги билан тўлдирган, ундаги неъматларни улуғ, мулкини эса буюк деб таъриф этган. Агар жаннатнинг ери ҳақида сўрасангиз, билингки, у миск ва заъфарондир. Шифти эса – Раҳмоннинг арши. Ундаги биноларнинг ғишти олтину кумушлардан, еридаги тошлари маржону ёқутлардандир. Жаннатдаги дарахтнинг танаси бу дунёдаги каби ёғочдан эмас, балки соф тиллодан, мевалари эса асалдан-да тотли.
Жаннат башорати берилган аёлларни биласизми? Мен бугун сизга улардан бирини танитмоқчиман.
Мўминлар онаси – Хадича бинти Хувайлид. Уни, албатта, барчамиз яхши таниймиз. Хадича онамизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётида юксак ўринлари бор. У ўз замонасидаги аёлларнинг энг яхшиси бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу онамизга қайта-қайта жаннат башоратини берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Хадича сизга бир идишда нонхуруш [ёки таом, ёки шарбат] олиб келяпти. Олдингизга келганида, унга Роббининг ва менинг номимдан салом айтинг ҳамда жаннатда ичида ғавғо ҳам, чарчоқ ҳам бўлмаган, ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беринг», – деди».
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланмасларидан олдин вафот этган Хадичадан рашк қилганчалик у зотни бирорта аёлларидан рашк қилмаганман, чунки мен у зотнинг уни (кўп) эслаганларини эшитар эдим. Аллоҳ у зотга (Хадичага) жаннатда ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беришни амр қилган. У зот қўй сўяр, ўшандан етганича унинг дугоналарига ҳадя қилар эдилар».
Дунё уммондир, унда ғарқ бўлганлар кўп, жаннат эса нажот соҳилидир. Омонлик соҳилига етишиш лаззати дунё уммонида саёҳат қилиш лаззатидан анчагина каттадир. Дунё кўприкдир, ундан ўтгин-у, уни обод қилиш билан овора бўлма! Дунёни обод қилма, деганим сени дангасалик ва тарки дунёга чорлаш эмас, балки дунё сенинг асосий мақсадингга айланиб, охиратга ҳозирлик кўришингдан тўсмасин, деганимдир.
Жаъфар АБДУЛЛОҲ
тайёлади
#muharram #ashuro #kafforat #iftorlik #saharlik
25 июнь пайшанба куни Муҳаррам ойининг 10-куни – Ашуро кунидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади", деганлар (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.
Оғиз ёпиш ва очиш вақти (Тошкент вақти билан):
9 Муҳаррам - 24 июнь - чоршанба
Саҳарлик (оғиз ёпиш) вақти: 03:05
Ифторлик (оғиз очиш) вақти: 20:05
10 Муҳаррам - 25 июнь - пайшанба
Саҳарлик (оғиз ёпиш) вақти: 03:05
Ифторлик (оғиз очиш) вақти: 20:05
11 Муҳаррам - 26 июнь - жума
Саҳарлик (оғиз ёпиш) вақти: 03:05
Ифторлик (оғиз очиш) вақти: 20:05
Нияти: Холис Аллоҳ учун нафл рўза тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД