Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Яна қиз туғсанг, у менга керак эмас...

16.12.2017   10270   2 min.
Яна қиз туғсанг, у менга керак эмас...

Бир мадрасада дарс берадиган одобли-ахлоқли муаллима бор эди. Ёши ҳам ўтиб борар, эшигига келган совчиларига рад жавобини берар эди. Ҳамкасблари ундан:

– Нега турмуш қурмайсиз, ахир сизда Худо берган ҳусн-жамол етарли-ку? – деб сўрашса, у айтарди:

 – Шу атрофда бешта қизи бор аёл бўлган. Эри унга, агар яна қиз туғсанг, у менга керак эмас, деб таҳдид қилди. Вақти-соати етиб, аёл яна қиз туғди. Бу улуғ неъматга шукр қилиш ўрнига ота гўдакни кўтариб, кимдир олар, деб, хуфтон намозидан кейин масжид эшигини олдига ташлаб келди. Бомдодда келиб қараса, гўдак жойида турганмиш, ҳеч ким олмабди. Қайтариб уйига олиб келади. Шу зайлда ота ҳар кун мурғакгина гўдакни масжид олдига ташлаб келар, лекин ҳеч ким олмасди. Етти кун шу аҳволда ўтибди. Онаизор эса Қуръон ўқиб, қизалоғидан айрилиб қолмаслигини Аллоҳдан ёлвориб сўрарди. Ота ҳам зерикиб, гўдакни қайта олиб бормай қўйди. Меҳрибон она эса гўдагидан ажраб қолмаганига жуда қувонди. Аёл яна ҳомиладор бўлди, яна ўша хавотир…  кўзи ёриди ва ниҳоят ўғил…

 Шу орада катта қизи вафот этди.

 Вақтлар ўтиб, аёл яна ҳомиладор бўлди, бу сафар ҳам ўғиллик бўлди. Кўп ўтмай иккинчи қизи ҳаётдан кўз юмди. Шундай қилиб, бирин-кетин яна учта ўғиллик бўлди-ю, кейинги учта қизидан ҳам айрилди. Негадир, ҳар кўзи ёриб, ўғил туғганида биттадан қизи қазо қилаверарди. Ниҳоят, бешта ўғил ва ўша олтинчи қизи қолди. Тақдир тақозоси билан, Она ҳам оламдан кўз юмди.

 Орадан бир неча йиллар ўтди, қизалоқ ҳам болалар ҳам улғайди, ишлик, жойлик бўлди.

 Муаллима гапида давом этди:

 – Ўша отаси менга керак эмас деб, кўчага ташлаб келган қиз кимлигини биласизларми? Ўша менман. Турмуш қурмаганимга сабаб: отам ёлғиз, Ёши ҳам улуғ, мен унга ёрдамчи, шофёр тайинладим, ўзим ҳам унинг хизматидаман. Укаларимга келсак, улар отамнинг зиёратига деярли келмайди, келса ҳам бир ойда бир, яна бири икки ойда бир марта келади, холос.

 Отам менга қилган ишларига пушаймон бўлиб, кўп йиғлайди…

 

“Қисосун алламатни ал-ҳаят” китоби асосида

Муҳаммад Яҳё Муҳаммадхон ўғли

 тайёрлади.

 

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Туркий давлатлар муфтийлари Боку шаҳрида жамланади

13.09.2026   3852   1 min.
Туркий давлатлар муфтийлари Боку шаҳрида жамланади

Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.

Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.  

Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.

Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари