Рамазон! Айтилиши осон, муддати нақадар оз, бир йилда бир меҳмон.
Рамазон! Бир йилда бир келасану, лекин биз гуноҳкор, осий бандаларнинг бир йил ичида йиғилиб қолган қанчадан-қанча гуноҳларимиз, хатоларимиз ва камчиликларимизни кечирилишига сабабчи бўласан.
Рамазон! Сенга таъриф бериш менинг қўлимдан келмайди, чунки сенинг тарифингни Аллоҳ таоло берган: «Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...» (Бақара, 185).
Рамазон! Қадринг шунчалар баландлигидан икки дунёимиз саодати бўлган Каломуллоҳ сенинг бағрингда нозил бўлди. Даражангни юксаклигидан бизни гуноҳлар хорлигидан, дўзах оловидан ҳимоя қилувчи, шайтони-лаъиннинг устидан ғалаба гарови, жисмимиз закоти, жаннатга элитувчи кўприк, ибодатини фақатгина Ўзига хослаган, мукофотини ҳам фақат Ўзи бергувчи амал, яъни рўза айнан сенга хосланди.
Рамазон! Сенга қандай таъриф берайки, суюкли ҳабибимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга хабарини берган гўзал таърифлардан ортиқ. Узот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон рўзасини имон, ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Рамазон! Сенинг ҳурматингдан жаннатлар жилоланади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Қадрингни баландлигини мадҳ этувчи ҳадислар, хушхабарлар шу қадар кўпки, улардан ортиб қандай таъриф беришни билолмай хайронман. Агар менга сен учун бир дона таъриф бериш керак бўлганда сенга “мўминнинг мавсуми” деган таърифни берган бўлардим. Чунки суюкли пайғамбаримизнинг қуйидаги биргина ҳадиси шарифлари сенга бундай таъриф беришимга сабаб бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким Рамазон ойида зикр мажлисларида ҳозир бўлса, Аллоҳ таоло унинг хар бир қадамига бир йиллик ибодатнинг савобини ёзади ва қиёмат куни Аршнинг соясида мен билан бирга бўлади. Кимки Рамазон ойида жамоат намозларида бардавом бўлса, Аллоҳ таоло ҳар бир ракатига нурдан бўлган бир шаҳарни беради. Ким бу ойда ота-онасига қўлидан келганча яхшилик қилса, Аллоҳ таоло у бандага мулойимлик ва раҳмат назари билан қарайди ва мен унинг кафили бўламан. Қайси бир аёл Рамазон ойида ўз эрининг розилигини талаб қилса, у учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида Марям ва Осиё (розияллоҳу анҳум)ларнинг савобига эга бўлади. Ушбу ойда кимки бир мусулмоннинг бир ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло унинг минг-минглаб ҳожатларини раво қилади. Кимки Рамазон ойида муҳтожга хайру саховат қилса Аллоҳ таоло унга мингта яхшилик ёзади, унинг минглаб гуноҳларини ўчиради ва унинг даражотини минг пағона кўтаради” (“Нузхатул-мажолис” китоби).
Яна қанчадан-қанча таърифларинг, сифатларинг, рахматларинг ва биз билмаган сирларинг борки, уларни зикр қилишга забонимиз, ёзишга қаламимиз, санашга саноқларимиз, ўзгаларга етказишга илмимиз етмайди. Қўлимиздан келгани шу озгина ибодат, Роббимизга итоат, яхшиликларингдан умидворлик, сенинг дунёларга сиғмас ҳурматингни сақлаш ҳамда Роббимизнинг бизга юборган бир ойлик меҳмони олдида мезбонлик бурчимизни чиройли адо этиш холос.
Рамазон! Хар йилгидек бу йил ҳам сенинг ифорингга чанқоқ бўлган дўстларингни суюнтир, қалбларига ором бер. Сенинг ҳурматингни сақлаган, сендан унимли фойдаланган, сен туфайли ўзига жаннатни вожиб қилиб олган ҳар бир инсон икки дунёда азиз бўлсин. Кимки сенга етсаю, сенинг қадрингни билмаса, ҳурматингни сақламаса, сен буюрган амалларни қилиб, сен қайтарган маъсиятлардан қайтмаган ҳолда, ўзига жаннатни вожиб қилолмасдан сени ўтказиб юборса, унинг бурни ерга ишқалансин.
Маматқулов Жалолиддин
Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди
имом-хатиби
Исломов Ёрбек
Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди
имом ноиби
Жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, аҳолини, айниқса, ёшларни ишончли манбаларга асосланган билим билан таъминлашда имом-хатибларнинг ўрни муҳим. Минбарда айтилган ҳар бир сўз илмий асос ва ишончли манбага таяниши учун эса диний соҳа вакилларининг мунтазам равишда билимларини бойитиб бориши талаб этилади. Ана шу мақсадда Наманган вилоятидан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказ бугун уч минг йиллик тарихимизни намойиш этувчи музей сифатидагина эмас, балки кенг қамровли илмий-тадқиқот маскани сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Бу ерда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шу кунга қадар илмий ва инновацион йўналишда 810 та лойиҳа амалга оширилиб, уларда 2 мингга яқин маҳаллий ва хорижий олимлар иштирок этган. Бу кўрсаткичлар Марказнинг илмий-тадқиқот салоҳиятини намоён этади.
Ташриф Марказ кутубхонасидан бошланди. Меҳмонлар бу ерда жамланган мумтоз манбалар, ислом тарихи, ақида, фиқҳ, ҳадис ва тафсир илмларига оид нашрлар, табиий ва аниқ фанлар тарихига оид тадқиқотлар ҳамда электрон ресурслар билан танишдилар. Тадқиқотчилар учун яратилган замонавий шароитлар ҳам уларда катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг имом-хатиблар Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистон даврига бағишланган экспозицияларни томоша қилдилар. Улар орқали юртимиз ҳудудида асрлар давомида шаклланган илмий, маънавий ва маданий мероснинг яхлит манзараси билан танишдилар.
Наманган вилояти Норин тумани бош имом-хатиби Зикрилло қори Умурзоқов экспозицияларда аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси турли йўналишларда яхлит ҳолда намоён этилганига алоҳида эътибор қаратди.
«Бу масканга қадам қўйган ҳар бир инсон Марказий Осиё халқлари, хусусан, ўзбек миллати тарих давомида қандай юксак марраларни эгаллаганини ўз кўзи билан кўради. Аждодларимиз нафақат математика, астрономия, тиббиёт каби дунёвий илмлар, балки диний-маърифий ва илмий йўналишларда ҳам бутун жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган. Бу ерда ана шу меросни кўриб, ўз тарихимиз билан ҳақли равишда фахрланиш туйғуси янада кучаяди», — деди у.
Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани «Исҳоқхон Тўра Ибрат» жоме масжиди имом-хатиби Жафархон Сўфиев эса Марказни мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътиборнинг амалий натижаларидан бири сифатида қайд этди.
«Бугун юртимизда муқаддас динимизга, цивилизациялар тарихига ва умуман, умуминсоний меросга бўлган эътибор юксак даражага кўтарилди. Мана шундай улкан маскан бунёд этилгани бунинг ёрқин исботидир. Бу ерда ислом тарихи бошқа цивилизациялардан ажратилган ҳолда эмас, балки бутун инсоният тараққиётининг узвий қисми сифатида кўрсатилган. Бундай ёндашув ҳар бир ташриф буюрувчига тарихимизни кенгроқ англаш, бошқа халқлар маданиятини ҳурмат қилиш ва бағрикенгликни қадрлаш имконини беради», — деди у.
Ташриф якунида имом-хатиблар Марказда олган билим ва таассуротларини ўз ҳудудларидаги жамоатчиликка, айниқса, ёшларга етказиш муҳимлигини таъкидладилар. Илмий ресурслардан диний-маърифий фаолиятда кенг фойдаланиш, аждодларимиз меросини ишончли манбалар асосида тарғиб этиш ёш авлоднинг тарихий онги ва маънавий дунёқарашини бойитишга хизмат қилиши қайд этилди.
Зеро, тарихий ва илмий меросни чуқур ўрганиш, уни ишончли манбалар асосида кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда янги авлодга муносиб тарзда мерос қолдириш Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан биридир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати