Яратганнинг марҳаматини қарангки, бугун ҳам танга ёқадиган ажойиб ҳаво бўлди. На чанқоқни ҳис қилдик, на очликни сездик.
Аммо, бандамизда! Барибир, шу, оғиз очиб, танамизга бир оз илиқлик югургандан сўнг одамнинг ўрнидан қўзғалиши қийинроқ бўлиб қолади. Лекин таровеҳга улгуриш керак, вақт кутиб турмайди.
Ҳа энди, бир кунда 17-18 соат оч юргандан кейин тананинг бир озгина истироҳат исташи табиий, албатта...
Аллоҳнинг каломида, Пайғамбарнинг ҳадисида рўзадорнинг мақталишининг сабабларидан бири ҳам ана шу ўзи – нафси ҳаддан ортиқ истаб турган роҳатдан воз кечиб кетиш.
Ҳа, бошида шундай туйилгани билан одам масжидга бориб, Хатм ул-Қуръон бошланганидан сўнг ҳақиқий роҳатни ҳис қилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо, қатъий буйруқ бермас эдилар. Бас, у зот:
“Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дер эдилар” (Бешовлари ривоят қилишган).
– Дарвоқе, таровеҳда хатмга сомеъ бўлиб турар экансиз, ҳар сафар рукуга, саждага борганингизда елкангиздаги қандайдир оғир юклардан галма-гал халос бўлаётганингизни ҳис қиласиз. Уйингизга енгиллашиб қайтасиз, – дея гапида давом этди пойтахтимиздаги “Оқлон” масжиди имом-хатиби.
Ҳақиқатан, тунги ибодат гуноҳлардан тавба қилувчилар ибодати. Биз мўминлар бир йилда бир марта келадиган бундай имкониятни асло бой бермаймиз, иншааллоҳ!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳайдовчилик қиламан. Баъзилар менга маълум миқдорда пул бериб, уни бошқа шаҳардаги одамга етказишимни сўрашади. Шу пулдан аввал ўзим фойда кўриб, сўнг айтилган одамга тўлиқ қилиб етказсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу иш жоиз эмас. Чунки бу омонатга хиёнат қилиш ҳисобланади. Омонатга олинган пулдан фақат эгаси рози бўлсагина ишлатиш мумкин. Аммо эгаси рози бўлмаса, ёки эгасига билдирмай ишлатилса, бу хиёнат саналади. Омонатга хиёнат қилиш эса, катта гуноҳ ва мунофиқнинг белгиларидан биридир. Бу ҳақда фақиҳ Низомиддин Шоший раҳимаҳуллоҳ шундай зикр қиладилар:
“Омонатдор, вакил ва ғосиб (бировнинг молини зўрлик билан олган кимса)лар молнинг айни ўзини ўзларида олиб қолиб, унинг мислини (қийматини) тўлашлари мумкин эмасдир” (“Китабул-хамсийн” китоби).
Шунингдек, аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ шундай нақл қиладилар: “Омонатга олинган буюм бошқа кишига на омонатга берилади, на қарзга (бепул фойдаланиш учун) берилади, на ижарага берилади ва на гаровга қўйилади. Агар омонатдор улардан бирортасини қилса, жавобгар бўлади” (“Ал-Баҳрур-роиқ” китоби).
Хулоса қилиб айтганда, ҳайдовчиларнинг юқоридаги бировнинг омонатидан берухсат фойдаланишлари ва ундан даромад кўришлари шаръан жоиз эмасдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.