БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар, тақводорлар пешвоси саййидимиз Муҳаммадга саловот ва саломлар бўлсин!
Ушбу китобда қайтарилган ва ҳаром қилинган бир қанча улкан гуноҳлар – гуноҳи кабиралар ҳақида сўз боради. Аллоҳ таоло ва Унинг Расули, уни қилишдан қайтарган ишлар гуноҳи кабирадир.
Аллоҳ таоло гуноҳи кабиралардан четланган кишининг кичик гуноҳларини кечиб юборишини, сўнг уни жаннатга киргизишини хабар қилади: «Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг (Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ноҳақ ўлдириш каби) катталаридан сақлансангизлар, қилган (кичик) гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил – жаннатга киритурмиз» (Нисо сураси, 31).
«Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса (сабр қилиб) кечириб юборадиган зотлардир» (Шўро сураси, 37).
«Улар (яъни, жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта, Парвардигорингиз мағфирати кенг зотдир...» (Ван-нажм сураси, 32).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Модомики, банда катта гуноҳлардан четланар экан, беш вақт намоз, жума кейинги жумагача ва рамазон кейинги рамазонгача бўлган кичик гуноҳларга каффоратдир» (Муслим ва Термизий ривояти).
Демак, қайси гуноҳлар кабира эканини билиб олишимиз жуда ҳам муҳим. Токи улардан четланайлик ва Раббимиз раҳматига мушарраф бўлайлик.
Баъзи уламолар гуноҳи кабираларни еттита, деганлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифини ҳужжат қилганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалок қилувчи еттита гуноҳдан сақланинглар», дедилар. «Улар қайсилар, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашганида, «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, етим молини ейиш, судхўрлик, душмандан ортга чекиниш, бузуқ хаёл билан покдомон мўмина аёлларга туҳмат қилиш», дея жавоб берганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса: «Гуноҳи кабиралар еттитадан кўра, етмиштага яқинроқ», деганлар. Юқоридаги ҳадисда эса, гуноҳи кабиралар сони еттита эмас, балки мазкур еттита амал гуноҳи кабиралардан экани баён қилинган, холос.
Хулоса қиладиган бўлсак, кимда-ким одам ўлдириш, зино, ўғирлик каби дунёда ҳад жорий қилинган, охиратда азобланиши ёки ғазабга учраши ҳақида таҳдид солинган, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан лаънатланган ёки «иймонсиздир», «биздан эмас», «биз ундан покмиз (бошқа-бошқамиз)» каби жумлалар билан сифатланган бирор амални қилса, у гуноҳи кабира содир этган бўлади.
Шуни ҳам таъкидаб ўтиш керакки, айрим гуноҳи кабиралар бошқаларидан улканроқдир. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ширк келтиришни гуноҳи кабиралардан, деб зикр қилганлар. Ваҳоланки, Аллоҳга ширк келтирган кимса – мушрикнинг гуноҳи ҳеч қачон кечирилмайди ва у дўзахда мангу қолади.
«Албатта, Аллоҳ Ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан адашибди» (Нисо сураси, 116).
«Албатта, кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур, унинг борар жойи дўзахдир. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида сураси, 72).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталари ҳақида хабар берайми?» деб сўрадилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ!» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суянган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар-да: «Огоҳ бўлинглар, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дея такрорлайвердилар, ҳаттоки, биз, қанийди тўхталсалар, дедик» (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гапириш энг катта гуноҳи кабиралардан эканини айтдилар. Ҳолбуки, бу гуноҳлар еттита ҳалок қилувчи гуноҳлар сирасида саналмаган. Гуноҳи кабиралар еттитадан кўп эканига шунинг ўзи яққол ҳужжатдир. Ҳар қандай гуноҳдан, у хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик, дарҳол тавба қилиш вожиб, тавбани орқага суриш жоиз эмас. Бу иш Исломнинг энг муҳим жиҳати ва диннинг таъкидланган қоидаларидандир.
Аҳли сунна вал жамоа наздида тавбанинг вожиблиги Китоб ва суннатдан олинган. Қуръоний ҳужжатлар, ҳадиси шарифлар ва салафи солиҳлар сўзларининг зоҳири шуки, ким Аллоҳга астойдил тавба қилса ва унда тавба шартлари тўкис бўлса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади.
Афсуски, одамлар орасида қилаётган ишининг гуноҳи кабира, ҳаром эканини билмайдиганлари бор. Шунинг учун ҳам биладиганлар билмайдиганларга, Аллоҳ ўзига таълим берган нарсаларни етказиши лозимдир. Чунки киши ҳали ўрганмаган ва билмаган нарсаси учун гуноҳкор бўлмайди.
«Биз, то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азоблагувчи эмасмиз» (Ал-Исро сураси, 15).
Саҳобалар Ҳабашистонда эканликларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали вожиб ва ҳаромлар нозил бўлган. Бу ҳукмлар эса уларга бир неча ойдан кейин етиб борган. Улар бу муддат мобайнида билмаганлари учун маъзур ҳисобланишган. (Қолаверса, ислом умматидан билмаган, унутган ва мажбур этилган амалларининг гуноҳи кўтарилган. – (Таржимон.)
Гуноҳи кабиралар. Имом Ҳофиз Шамсуддин Заҳабий
Давоми бор...
Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.
1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.
2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.
Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.
Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати