Бир ўрмонга ўт кетиб ёнғин бўлибди. Жониворларнинг бир қисми кучлари етган нарса билан сув ташиб, ўтни ўчирмоқчи бўлишибди. Иккинчи қисми эса бундан ҳеч нарса чиқмайди деб, четроққа чиқиб томоша қилиб турибди. Бир чумоли ўтни ўчириш учун ҳовучида сув олиб кетаётган экан. Буни кўрган қарға унинг устидан кулиб дебди: “Мана шу сувинг билан оловни ўчираман, деб ўйлаяпсанми?” Чумоли унга жавоб берибди: “Биламан, бу сув билан ўтни ўчириб бўлмайди. Лекин мен бу ҳаракатим билан ким томонда турганимни биламан”.
Эй фарзанд, билгинки, тўқилган матода ҳар бир ипнинг ўз ўрни бор. Матонинг қайси еридан ип чириган бўлса, мато шу ердан бошлаб йиртилади. Ҳаёт занжирида ҳам худди шундай: ҳар бир одамнинг ўз ўрни ва вазифаси бор. Муҳими – занжирнинг узилишига сен сабабчи бўлиб қолмаслигингдир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримда райҳон зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَالْحَبُّ ذُو الْعَصْفِ وَالرَّيْحَانُ﴾
“Яна (унда) сомонли донлар ва райҳон (ва бошқа гуллар) бор” (Раҳмон сураси, 12-оят).
﴿فَرَوْحٌ وَرَيْحَانٌ وَجَنَّةُ نَعِيمٍ﴾
“(унинг учун) роҳат, райҳон (бўйи) ва неъматлар жаннати бордир” (Воқеа сураси, 89-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга райҳон таклиф қилинса, уни қайтармасин. Зеро кўтаришга енгил, ҳиди хушбўйдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Райҳоннинг хушбўй ҳиди кўнгилга хурсандчилик бағишлайди. Уни ҳидлаш ва уйга қўйиб қўйиш билан юқумли касалликлар даф бўлади. Баданга ишқаланса, терлашни, ортиқча рутубат ва нохуш ҳидларни кеткизади.
Қора райҳоннинг йирик баргли ва кўкиш ранглиси эритувчи хусусиятга эга. Шунингдек, у танадаги тиқилмаларни ҳам очади.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли