Зиёвуддин домла Мирсодиқов,
Тошкент шаҳар "Абу Саҳий" жоме масжиди имом-хатиби
#Семинар
#Гиёҳвандликка_қаршимиз
Ислом динида ақлни хиралаштирадиган, соғлиққа зарар етказадиган ва инсонни ўз-ўзини ҳалокатга бошлайдиган ҳар қандай зарарли одатлар, хусусан, гиёҳвандлик қатъий қораланган ва ҳаром қилинган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи, соғлиққа зарар берувчи моддаларни истеъмол қилишдан қайтарганлар.
Бинобарин, гиёҳвандликка қарши курашиш, ёшларни бу офатдан асраш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.
2026 йил 2 июль куни Тошкент шаҳридаги муҳташам "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" жоме масжидининг мажлислар залида ўзгача бир файз ва илму маърифат шукуҳи ҳукмрон бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг "Ислом гиёҳвандликка қарши" деб номланган илмий-амалий семинари юқори кайфиятда ва кўтаринки руҳда ўтказилди.
Учрашувда диний-маърифий соҳанинг забардаст вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари ҳамда пойтахтимизнинг туман бош имом-хатиблари ва отинойилари жам бўлишди.
Қуръон тиловатидан сўнг Тошкент шаҳар бош имом-хатиби, йиғилиш раиси Абдуқаҳҳор домла Юнусов тадбирни очиб бердилар.
Сўнгра Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари, котибият мудири Абдуманнон Каримов, Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти раҳбари Маъмуржон домла Эркаевлар иштирок этиб, кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва қимматли тавсияларини айтиб ўтдилар.
Айтиш жоизки, маърифат ва иймон бирлашган жойда барака, тинчлик ва тараққиёт бўлади. Пойтахтимиз имом-хатиблари бугун халқимизга мана шу зиёни етказишда энг олдинги сафларда хизмат қилмоқдалар.
Суратлар орқали мазкур йиғилишнинг энг ҳаяжонли ва файзли дақиқалари ҳамда семинарнинг долзарб аҳамиятини кўриш мумкин.
MuslimShosh.uz