Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Октябр, 2025   |   14 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:07
Қуёш
06:25
Пешин
12:16
Аср
16:12
Шом
18:01
Хуфтон
19:12
Bismillah
06 Октябр, 2025, 14 Рабиъус сони, 1447
Мақолалар

Ҳанафий мазҳабидаги ҳукмларнинг қанчаси Абу Ҳанифага тегишли?

18.11.2024   4003   4 min.
Ҳанафий мазҳабидаги ҳукмларнинг қанчаси Абу Ҳанифага тегишли?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа бу фиқҳнинг қоидаларини жамлашда ўз замонидаги тобеъинлар ва улардан кейингилардан ҳам кўп меҳнат қилди. Шунинг учун ҳанафий мазҳабидаги энг катта одам бўлди, энг катта таъсир кўрсатган инсон бўлди. Ўтганлардан нақл қилиб, далиллар келтиргани учун, тартиблаб чиққани учун унинг номи билан айтиладиган бўлди. Мабодо Абу Ҳанифа дунёга келмаган тақдирда ҳам, бошқа бир одам Куфада Ибн Масъуд, Алий ва бошқаларнинг фиқҳини нақл қилган бўлар эди. Мазҳабимиз Юсуфий ёки Муҳаммадий мазҳаби деб ёки бошқа бир Фалончининг мазҳаби деб номланаверар эди. Хуллас, Абу Ҳанифа шу мазҳабга мансуб одамлардан биридир, бу мазҳабдаги бирламчи одам эмас.

Энди бир шахсга тақлид қилмаслигимизни исботловчи иккинчи бир далилни кўриб чиқайлик. Бу ҳам жуда муҳим гап. Гап шундаки, бу мазҳабда чиқарилган фатволарда Абу Ҳанифанинг эллик фоиз фиқҳига амал қилинмаган. Музораъа, мусоқот, ҳаж ва барча қозилик масалаларида Абу Ҳанифанинг сўзига фатво берилмаган. Агар биз бир шахсга тақлид қилганимизда, бир шахсга эргашганимизда, унинг бирорта айтган сўзидан чиқмаган бўлардик. Ваҳоланки, Абу Ҳанифа берган фатволарнинг ярмига амал қилинмаяпти. Демак, биз шахсга тақлид қилмаяпмиз.

Яна бир мисол. Ҳозирги кунда ҳанафий мазҳабидаги ҳукмларнинг қанчаси Абу Ҳанифага тегишли? Менимча, икки ёки уч фоиздан кўп эмас, чунки имом Аъзамдан кейин келган аксар уламолар унинг қавлларини тахриж қилишган (усулидан масалаларни келтириб чиқаришган). Натижада фиқҳий фатво китобларининг 90 фоизидан ошиғи тахриждан иборат бўлиб қолган.

«Абу Ҳанифанинг сўзидан тахриж қилинди», дегани нима ўзи? Бунинг маъноси шуки, мазҳабдаги ҳукмлар Абу Ҳанифанинг ўз сўзи эмас. Масалан, унинг шогирди имом Муҳаммад «Зоҳирур-ривоя» китобида Абу Ҳанифанинг сўзига биноан масалаларни чиқариб: «Абу Ҳанифанинг сўзига қиёсан…» дейди.

Ундан кейинги фатволарнинг ҳаммаси тахрижлардир.[1] Демак, «Абу Ҳанифа мазҳаби» дегани фахрий номдир. Биз бу улуғ олимнинг буюк хизматлари туфайли унинг номини ана шундай улуғлаймиз. Яна бир муҳим гапни айтиб ўтаман. Бу маълумотлардан мақсад ўқувчида илмий қараш ҳосил қилишдир. Шунда йўлингиз мустаҳкам бўлади, динни тушунишдаги йўлингиз кучли ва тўғри бўлади. Ташаддуд ва тараддуд мактаблари ва тарихдаги адашган тоифалар бу фикрдан узоқдадир. Биз Аҳли сунна сифатида бунга эътибор қаратамиз ва мана шу ғояни сақлаб қолишни истаймиз. Юқорида биз якка шахсларга эргашмаслигимиз ҳақида сўз юритиб:

– Абу Ҳанифа бу мазҳабнинг бир аъзоси эканига мисоллар келтирдик;

– Абу Ҳанифанинг сўзларидан кўпига фатво берилмаганини айтдик;

– Абу Ҳанифанинг бевосита ўзига тегишли масалалар ниҳоятда кам эканини айтиб ўтдик.

Энди бир савол бериб кўрайлик. Мазҳабда биз Абу Ҳанифанинг сўзига суянамизми ёки мазҳабдаги муражжиҳ (яъни ихтилофли масалаларнинг бири иккинчисидан устун эканини баён қилган) уламоларнинг сўзигами?

Жавоб: Мазҳабдаги муражжиҳ уламоларнинг сўзига.

Ибн Обидин «Росмул-муфтий»да мазҳаб ичидаги мужтаҳидларнинг гапини олишимиз керак, деб қарор қилган, яъни агар уламолар Абу Ҳанифанинг сўзини маъқуллашса, шуни оламиз. Агар бошқасини таржиҳ қилишса, шунга юрилади. Мана шулардан тезкор хулоса қилишимиз мумкинки, биз, яъни Аҳли сунна шахсга тақлид қилмаймиз, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқалар маъсум эмас. Ҳатто саҳоба ҳам хато қилиши мумкин, Абу Ҳанифа ҳам хато қилиши мумкин, ҳамма хато қилиши мумкин. Шундай экан, кучли йўл туриб, нега хато қилиш чегарасига кириш керак?

[1] Мужтаҳиднинг усули асосида ҳукм чиқариш (тарж.)

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Жаҳолатга қарши маърифат
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади

06.10.2025   288   1 min.
Илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади

Салафи солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:

من رام العلم جملة ذهب عنه جملة

Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади.


Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.


Қуръони Карим ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 23 (йигирма уч) йилда нозил бўлган.


Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Саҳиҳул Бухорийни 16 (ўн олти) йилда, ҳар доим таҳорат ва икки ракат нафл намоз ўқиб, сўнгра ёзганлар.


Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ Ҳидоя асарларини 13 (ўн уч) йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар.


Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олийҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.


Толиби илм дўстим! Илмнинг энг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.

Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.


Аллоҳ таоло фойдали илм берсин!

Мақолалар