Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фақиҳлар фиқҳга шундай таъриф беришади: «Фиқҳ мукаллафларнинг амалларини ҳалол ва ҳаромлик, фасод ва саҳиҳлик жиҳатидан ўрганадиган илмдир». Бу таърифни ҳам кенгроқ таҳлил қилиб кўрайлик. «Ўрганадиган илм» нима дегани? Ҳозиргина «Илм бир нарсанинг воқеликка мувофиқ келишидир», дедик.
Фиқҳнинг мавзусига бир мисол келтирайлик. Масалан, мен мукаллафман. Хотинимга «Сен талоқсан», дедим. Бунинг ҳукми нима бўлишини фиқҳ ўрганади. Демак, фиқҳ мен каби мукаллафларнинг мана шу каби ҳолатларини ўрганади. Масалан, мен шерикчилик ақдини тузишим мумкин, бирон нарсани сотишим, ижарага олишим мумкин. Фиқҳ ана шундай ҳолатларни, мен қилган ишнинг ҳалол ёки ҳаром, саҳиҳ ёки фасодлигини ўрганади. Демак, фиқҳнинг мавзуси мукаллафлар қиладиган амалларнинг ҳолатини ўрганишдир.
Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.
Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.
Масалан, сиз биринчи йил илм олаётган бўлсангиз, улар сизга: «Сен айтган ҳукмни фақат далил келтирсанг, қабул қиламиз», дейишади. Ахир сиз ҳали далилларни билмайсиз-ку! Бирорта жумлани оят деб ўйлашингиз мумкин, лекин аслида у оят бўлмаслиги мумкин. Бир ҳадисни Бухорийда келган, деб айтишингиз мумкин, лекин у Бухорийдан ривоят қилинмаган, тўқима ҳадис бўлиб чиқиши мумкин, чунки сиз ҳали далилларни ўрганмагансиз. Улар мана шу даражадаги одамлардан далил сўрашди, очиқ-ойдин далили бўлмаган ҳукмни эса ботилга чиқаришди. Бунга бироз кенгроқ ёндашиш керак...
Юқорида айтганимдек, асосий мақсадим таърифларга доир қўшимча маълумотларни айтиб ўтиш эди. Келинг, шу масалани кўрайлик. Ана ўша йўналиш эгалари ҳар бир ҳукмга далил талаб қилишяпти. Аввало айтинг-чи, далил нима ўзи? Улар: «Далил – бу Қуръон ва Суннат», дейишади. Уларнинг «Далил Қуръон ва Суннатдир», дейиши илмий маънода хатодир, чунки далилни фақат Қуръон ва Суннатгагина чеклаб қўйсак, динни зое қилиб қўямиз, чунки булардан бошқа далиллар ҳам бор. Далил тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган манбадир. Демак, Қуръон ва Суннат далилларнинг асосий қисмидир, лекин далилларнинг барчаси эмас, чунки ижмоъ ҳам далил, қиёс ҳам далилдир. Тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган ҳар қандай манба далил бўлади. Лекин бу гапни улар тушунмайди. Улар далилни фақат Қуръон ва Суннат, деб тушунишади.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллиги муносабати билан ўтказилган республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.
«Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар» мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий анжуманида маълум қилинишича, 2017 йилдан буён 5300 дан ортиқ «хатмул кутуб» (муайян диний-илмий асарни устоз раҳбарлигида бошидан охиригача ўқиш, унинг мазмунини ўрганиш ва шарҳлаш) амалга оширилган, классик исломий манбаларни тўлиқ ўқиш ва ижоза бериш анъаналари қайта тикланган, ҳанафий фиқҳи бўйича магистратура йўналиши ташкил этилган.
Шунингдек, анжуманда диний таълим тизимидаги ушбу натижалар маълум қилиниб, замонавий ақидавий ва фиқҳий масалаларга илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқиш, тадқиқотларни кенгайтириш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази ва халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, уламолар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда имом-хатиблар иштирок этди.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, «Муфтий Бобохоновлар» жамғармаси директори Жамолиддин Бобохонов ва бошқалар маъруза қилди.
Нотиқлар институтнинг ташкил топиш тарихи, диний таълим ривожига қўшган ҳиссаси, ушбу даргоҳда фаолият юритган уламоларнинг илмий мероси ҳамда мутахассислар тайёрлаш тажрибасига тўхталди.
«5300 дан ортиқ хатмул кутуб амалга оширилди»
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров муассасанинг ярим асрдан ортиқ фаолияти давомида шаклланган таълим анъаналари ва сўнгги йилларда жорий этилган илмий йўналишлар ҳақида маълумот берди.
«2017 йилдан бошлаб қадимий анъаналаримиз, мадрасаларимизнинг таълим бериш усуллари орқали мўътабар устозларимиз ва алломаларимизнинг китобларини ўқитиш, “Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Сунан ат-Термизий”, Имом Мотуридийнинг китоблари, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”си ва бошқа асосий ислом илмлари манбаларини тўлиқ ўқиш, хатмул кутуб ва якунда ижоза бериш тизими қайта тикланди. Бугунги кунга қадар 5300 дан ортиқ хатмул кутуб амалга оширилди», — деди Уйғун Ғафуров.
Ректор институтда ҳанафий фиқҳи бўйича магистратура ташкил этилгани, мотуридийлик ақидаси, тафсир ва ҳадис илмлари йўналишларида мутахассислар тайёрланаётганини ҳам қайд этди.
Келгусида ушбу йўналишларда докторантура ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу эса классик исломий илмларни чуқур тадқиқ қилиш ва илмий кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Мураккаб тарихий шароитда шаклланган илмий даргоҳ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров Тошкент ислом институтининг ташкил топиш шароити ва диний таълим тарихидаги ўрнига эътибор қаратди.
Олимнинг таъкидлашича, институт мураккаб тарихий даврда фаолият бошлаган бўлса-да, нафақат Ўзбекистон, балки собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги мусулмон жамоалари учун диний мутахассислар тайёрлашда муҳим вазифани бажарган.
«Шунга қарамасдан, институт ярим аср давомида минглаб ҳам диний илмларни яхши биладиган, ҳам бугунги тушунчадаги академик таҳсил олган, яъни диний ва дунёвий билимларни ўзаро уйғунлаштирган кўп сонли мутахассислар тайёрлади. Улар сиёсий-ижтимоий барқарорлик, маънавий-маърифий йўналишдаги жараёнларга ўзининг ҳаётбахш, бунёдкор таъсирини кўрсатиб келмоқда. Мамлакатда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар институтнинг илмий ва таълимий имкониятларини кенгайтирмоқда, айни пайтда мутахассислар тайёрлаш борасидаги масъулиятини ҳам оширмоқда», — деди Зоҳидулла Мунавваров.
Замонавий ақидавий масалаларга илмий ёндашув
Анжуманнинг илмий дастури икки шўъба доирасида давом этди.
«Долзарб ақидавий масалалар ва уларнинг илмий ечимлари» мавзусидаги биринчи шўъбада Саидафзал Сайджалолов, Абдулазиз Яхшиликов, Давронбек Абдуқодиров ва Ботиржон Абдуллаев маърузалар билан қатнашди.
Муҳокамаларда суннийлик манбаларида раддияга оид қарашлар, замонавий эътиқодий масалалар ҳамда Абу Райҳон Берунийнинг илмий меросида акс этган диний қарашларга оид тадқиқотлар тақдим этилди.
Маърузачилар тарихий диний манбаларни илмий асосда ўрганиш, улардаги қарашларни тадқиқ этиш ва бугунги кунда юзага келаётган эътиқодий масалаларни таҳлил қилишнинг аҳамиятига тўхталди.
Фиқҳий масалалар: анъанавий манбалар ва амалий ечимлар
«Замонавий фиқҳий масалалар: янги муаммолар ва амалий ечимлар» деб номланган иккинчи шўъбада Абдувоҳид Аҳмадалиев, Муҳаммадмусо Набижонов, Алижон Равшанов, Абдулаҳад Содиқов, Акмалжон Ғаниев, Сойибжон Жўраев, Хуршида Усманова, Санжар Бердиев ва Сирожиддин Шодмонов ўз тадқиқотларини тақдим этди.
Унда ҳанафий мазҳаби уламоларининг фиқҳий ёндашувлари, Қуръон ва суннатни талқин қилиш масалалари ҳамда замонавий ҳаётда юзага келаётган фиқҳий муаммолар муҳокама қилинди.
Иштирокчилар анъанавий манбаларни чуқур таҳлил қилиш, илмий асосланган хулосалар ишлаб чиқиш ва диний таълимда тадқиқот натижаларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Илмий тавсиялар ва махсус тўплам тайёрланади
Анжуманнинг якуний қисмида Тошкент ислом институтининг 55 йиллиги муносабати билан ўтказилган мақолалар танлови ғолиблари ҳамда Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ташкил этилган IV халқаро олимпиадада совринли ўринларни қўлга киритган талабалар тақдирланди.
Анжуман якунида долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар юзасидан илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда сараланган мақолаларни махсус илмий тўплам шаклида нашр этиш бўйича келишувга эришилди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллигига бағишланган анжуман диний таълимнинг тарихий тажрибасини сарҳисоб қилиш билан бирга, классик исломий манбаларни чуқур тадқиқ этиш, замонавий ақидавий ва фиқҳий масалаларни илмий ўрганиш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболларини белгилашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати