Шу йилнинг 24 январь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат, кийим-кечак, ўқув қуроллари, маърифий китоблар ва маиший техникалар ортилган хайрия карвонлари 500 дан зиёд кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар хурсандчилик улашишни бошлади.
Шу муносабат билан мазкур меҳр-мурувват карвонини кузатиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, “Вақф” фонди раҳбари Исахон Абдуллаев, мутасадди вакиллар ва ОАВлари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда юртимизда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламини қўллаб-қувватланаётгани, ногиронлиги бўлганлар, камбағал оилаларга доимий ғамхўрлик кўрсатиб келинаётгани эътироф этилиб, динимизда муҳтожларга ёрдам бериш, ногиронлиги бор инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, мискин ва бечоралар ҳолидан хабар олиш хайрли амаллардан саналиши баён қилинди.
Фонд раҳбари хайрия карвони доирасида кам таъминланган оилалар, етим-мискинлар, ногирони бор оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойабзаллар, велосипед, китоблар, кўмир, иситиш мосламалари, маиший техникалар топширилиши, уч кун давомида Фонд вакиллари 500 дан зиёд эҳтиёжманд оилаларга хурсандчилик улашиши ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Хорижий талабалар таълимини ривожлантириш марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари учун ташкил этилган араб тили бўйича малака ошириш дастури якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки ҳафта давом этган ўқув курси араб тили ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, замонавий педагогик ёндашувлар ва тил ўқитишнинг илғор методикаларини ўрганишга қаратилди.
Дастур якунида ўтказилган тантанали маросимда марказ раҳбари, профессор-доктор Наҳла ас-Саидий иштирокчиларга сертификатларни топширди. У мазкур ташаббус Ал-Азҳарнинг араб тилини халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган лойиҳалари доирасида амалга оширилганини таъкидлади.
Тадбир давомида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Наҳла ас-Саидий Тошкент ислом институти билан академик алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма дастурларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаш ташаббусини илгари сурди.
Ўз навбатида, Тошкент ислом институти вакиллари дастур юқори савияда ташкил этилгани учун Ал-Азҳар университети раҳбариятига миннатдорлик билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати