Касблар ҳақидаги Ислом таълимотлари ва кўрсатмалари жуда фойдалидир. Ризқ талабида қилинган ҳар бир меҳнат ҳам мақтовга сазовор бўлавермайди.
Агар фақат машаққат чекишнинг ўзи мақтовга сазовор иш бўлганида, ўғри ҳам, қароқчи ҳам, турли бузуқ ишлар билан машғул бўлувчи ҳам: “Мен буни топгунимча не машаққатлар чекмадим”, деб фахрланиб юрар эди. Лекин барча чекилган машаққатлар ҳам ножоизни жоиз қилиб қўёлмайди.
Шунинг учун бирор касбни танлаш ёки бирор иш билан шуғулланишдан аввал унинг шариатга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги ва қандай қилинса, тўғри бўлишини ўрганиш лозим. Ҳар бир касбнинг сир-асрорини, шариатдаги ҳукмини билишимиз керак.
Умар розияллоҳу анҳунинг бир сўзлари ҳам жуда машҳурдир: “Бозоримизда савдо илмини яхши билган кишигина тижорат қилсин, акс ҳолда, судхўрлик қилиб қўяди” (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳнинг одати шундайки, қайси иш Унинг буйруқларига мувофиқ қилинса, барака беради. Ҳаромдан келган молда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳам ойлик маош олиб ишлайдиган ҳамма ишчилар ойлигини қадрлашларига, “оз бўлса ҳам, бунда барака бор”, деб қўйишларига гувоҳ бўламиз.
Мусулмон қиладиган иш шариат ҳалол қилган амал бўлиши лозим. Шариат эса инсонга, жамият, ватан, атроф-муҳитга зарар етказадиган барча нарсаларни ҳаром қилган.
Шунинг учун ҳам иш танламоқчи бўлган одам аввал бу борадаги таълимотларни яхшилаб ўрганиб, билмаса, биладиганлардан сўраши, шундан кейингина иш танлаши зарур. Мана шунинг ўзи ишдаги энг катта баракадир.
"Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар" китобидан
Жорий йилнинг 12–15 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқи, БААнинг “HEDAYAH” халқаро маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва X-Media жамоаси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг дин ва жамоат етакчилари учун махсус семинар-тренинг ўтказилди.
Бошқа жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидан 25 нафар иштирокчи қатнашган мазкур тренинг замонавий медиа технологиялари, сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланишга бағишланди.
Семинар давомида назариядан амалиётга ўтган иштирокчилар видео контент яратиш, сценарий ёзиш, фактларни текшириш, рақамли платформаларда аудиторияни жалб этиш бўйича ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб олишди.
Бу каби семинар-тренинглар замонавий медиа имкониятларидан оқилона фойдаланиб, жамият билан мулоқотни янада самарали, мазмунли ва ишончли йўлга қўйишда жуда фойдали экани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати