Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июн, 2025   |   27 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
23 Июн, 2025, 27 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Қўлингдан келмаса, яхшиси ваъда берма

02.04.2025   3454   3 min.
Қўлингдан келмаса, яхшиси ваъда берма

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Яхшилаб эътибор берилса, ғарбликлар ваъдасида туриш бобида биздан анча ўзиб кетишган. Улар келишилган вақтдан кеч қолишмайди. Бу  исломий хулқ-атвор бўлишига қарамай, уларда бу сифатларни учратамиз. Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад!) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи Набий ва Расул эди»[1], дея Исмоил алайҳиссаломнинг ваъдасига вафо қиладиган пайғамбар эканликларини мақтайди.

Муфассирлар Исмоил алайҳиссалом ҳақларида бир воқеа­ни келтирадилар: «Исмоил алайҳиссалом бир киши билан кўришадиган жойни белгилаб ваъдалашадилар. Исмоил алайҳиссалом келишилган жойга ўз вақтида етиб борадилар ва ўша куни кечаси билан ҳалиги одамни кутиб ўтирадилар. Эртаси куни у киши келади. Исмоил алайҳиссалом унга: “Мен сени кечадан бери кутиб ўтирибман, сен келгунингга қадар бу ердан бир қадам ҳам силжиганим йўқ!” – дейдилар».

Намознинг ҳам ўқилиши керак бўлган ўз вақти бор, тўғрими?! Агар чегараланган вақтидан бир неча дақиқа эртароқ ёки кечроқ ўқисангиз, бу учун савоб берилмайди. Нима учун биз ибодатларимизда диний асосларимизга риоя қилмаймиз, ваъдалашилган ишларимизга тўғри ёндашмаймиз. Машҳур адиб Алий Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, одамлар айтилган вақтдан кеч қолганларни ҳурмат қилишади, ўз вақтида келганларни эса жазолашади. Кеч қолиб келадиганлар етиб келишгандагина дастурхонга таом тортишади. Тадбирлар ҳам кечикканларнинг ташрифидан кейингина бошланади.

Шундай кеч қолиш ҳолати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳам содир бўлгани ҳадисларда келади. Жумладан,  Абдуллоҳ ибн Абул Ҳамсодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ билан пайғамбар бўлишларидан аввал савдо қилган эдим, орамизда озгина олди-берди қолиб кетган эди. Мен Расулуллоҳга у нарсани келишилган жойга олиб бориб беришга ваъда қилган эдим, ёдимдан кўтарилибди. Орадан уч кун ўтгач эсимга тушиб қолди, дарҳол ўша жойга бордим, қарасам Расулуллоҳ ўша келишилган жойда эканлар. Кейин менга: “Ҳой йигит, мени қийнаб қўйдинг-ку, мен уч (кун)дан бери шу ерда турибман”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Эътибор берингки, саҳобий келишилган вақтдан бир неча дақиқа ҳам, қанчадир соат ҳам эмас, нақд уч кун кеч қолган. Бугунги кун мусулмонлари ҳам келишувга риоя қилсалар, белгиланган вақтга етиб келишга қаттиқ аҳамият берсалар эди, ўзларининг ҳам, бошқаларнинг ҳам оромини бузмаган бўлардилар. Ҳар кимнинг ўзига яраша иши, вазифаси бўлади. Сиз айтилган вақтингиздан кеч қолишингиз, келишган одамингизга нисбатан зулм бўлади. Бундай қилиш орқали уларнинг фойдаларини йўққа чиқарасиз,  “аҳд”, “вафо” каби тушунчаларнинг қадрсизланишига сабаб бўласиз.

 Ҳакимлардан бири айтади: “Бировга ваъда бериб, ишонтириб қўйма. Берадиган ваъдангни бажариш қўлингдан келмаса, яхшиси ваъда берма”.

 Биз замонавий алоқа воситалари асрида яшаяпмиз. Келишган кишисини ёки дўстини кўчада тик оёқда куттириб қўйишга бирор узр йўқ. Агар ўша вақтда бошқа муҳим ишингиз чиқиб қолса, ваъдалашган кишингизга қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтиришингиз мумкин, шундагина сизни узрли ҳисобласа бўлади.

 Мусанно ибн Ҳориса Шайбоний айтадилар: “Ваъдамга хилоф қилганимдан кўра, қақраб ўлганим яхши”.

 Шоир айтади:                        

 Амалсиз, қуруқ сўз эрур бефойда,
 Ёлғон берган ваъдангда яхшилик қайда...

Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Марям сураси, 55-оят.

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Исмингиз Аршда зикр этилишини истайсизми?

10.12.2024   6217   1 min.
Исмингиз Аршда зикр этилишини истайсизми?

“Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

“Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан Аллоҳ зикри қилинмайдиган уй худди тирик ва ўликка ўхшайди” дея умматларига зикрнинг фазилатларини гўзал мисоллар ила етказган Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!


Каъбул Аҳбор раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳнинг зикри билан уйингизни нурга тўлдиринг. Хонадонингизга намозингиздан бўладиган хурсандчиликни олиб киринг. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг номлари само аҳлига маълумдир. Улар: “Фалончи уйини Аллоҳнинг зикри билан обод қиляпти”, дейишади”.

Каъб раҳматуллоҳи алайҳи дедилар: «“Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” зикрлари Аршнинг атрофида асаларининг ғувиллаши каби эшитилади. Улар ўз эгасини ва унинг солиҳ амалларини зикр қилиб туради».

Даврон НУРМУҲАММАД