Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Октябр, 2026   |   3 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:15
Қуёш
06:33
Пешин
12:09
Аср
16:00
Шом
17:48
Хуфтон
19:03
Bismillah
14 Октябр, 2026, 3 Жумадул аввал, 1448

Ота-она кофир бўлсада...

09.04.2025   6248   4 min.
Ота-она кофир бўлсада...

Аксар диёрларда ота-онага яхшилик қилиш Ислом шариати буюрганчалик фарз ва вожиблик даражасида эмас. Бироқ, ҳозирда баъзи ёшлар “Ота-онага итоат қилиш мустаҳаб, бу иш бизнинг устимизда фарз, мажбурият эмас”, деб тушунадиган бўлиб қолишди.

Ахир, Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни Ўзига ибодат қилишдан кейинга қўймадими?! Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга эса яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарамлар)ларга ҳам (яхшилик қилинг)!..»[1].

Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишнинг нақадар буюк амал эканини Қуръони каримда бир нечта ўринларда келтиради. Жумладан, Исро сурасининг 23-ояти каримасида бундай марҳамат қилинади: «Парвардигорингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишингизни амр этди...».

Ота-онага эҳсон қилиш ибодатдир.
Ота-онага хушмуомалада бўлишлик ибодатдир.
Ота-онага муҳаббат ила назар солиш ибодатдир.
Ота-онанинг қалбига шодлик олиб кирадиган ҳар бир амал ибодатдир.

“Эҳсон”дан мурод фарзнинг устига зиёда фазл қилиш демакдир. Яъни, Аллоҳ таоло фарзандлар ўз ота-оналарига фақатгина фарз, мажбурият жиҳатидан яхшилик қилиб, шунинг ўзи билан чекланишларини ирода қилмади, аксинча, фарзандлар бу борада эҳсон мақомига кўтарилишларини ирода қилди. Зеро, эҳсон – Аллоҳга У Зот сени кўриб турганидек ибодат қилишинг дегани. Бошқа бир тарафдан эса ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ тарафидан амр этилган ибодат. Ота-онага яхшилик қилишда эҳсон мартабаси қандай бўлишини ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг!

Бу жуда гўзал муносабатдир. Сиз ота-онангиз билан муомала қилаётганингизда Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис этинг. Ва яна Аллоҳ таоло кўнглингизга тугиб қўйган ниятларингиздан ҳам бохабардир. Зеро, Европа ва Америкадаги ёшларнинг ота-оналарига қилаётган муносабатларини асло қиёслаб бўлмайди.

Ота-онага яхшилик қилиш Қуръони каримда беш марта такрорланган. Бу Аллоҳнинг амри нақадар муҳим эканини кўрсатади. Шу билан бирга фарзандлар ота-оналарига яхшилик қилишда бор кучларини сарфлашлари зарурлигига ҳам ишора қилинади. Ахир кўз очиб юмгунча улар ҳам ота-она бўладилар. Улар ота-оналарига қандай муносабатда бўлган бўлсалар, фарзандлари ҳам уларга айнан шундай муносабатда бўлишлари ҳақ гап.

Шунингдек, ота-она кофир бўлса-да, Аллоҳ таоло уларга яхшилик қилишга буюрган.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг онаси: “Мен бир луқма ҳам оғзимга солмайман, бир қултум сув ҳам ичмайман, шу алфозда ўлиб кетаман, токи сен дингингдан воз кечмагунингча!” дея қаттиқ туриб олганида, Саъд розияллоҳу анҳу онасига итоат этмадилар, Исломда собит қолдилар. Шунда қуйидаги оят нозил бўлди: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик (яъни, ота-она хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир. Аммо) агар улар сен билмаган нарсаларни (сохта маъбудларни) Менга шерик қилишинг учун зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас, (ана ўша кунда) Мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман»[2].

Аллоҳга маъсият бўладиган ишларда ота-онага итоат қилинмайди. Бироқ уларга яхшилик қилиш, алоқаларни ушлаб туриш одатдагидек давом этаверади.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” 
номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Нисо сураси, 36-оят.
[2]  Анкабут сураси, 8-оят.

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Болалар хавфсизлиги кафолатланди

14.10.2026   12344   1 min.
Болалар хавфсизлиги кафолатланди

Ёш болага нисбатан зўравонликка асло тоқат қилиб бўлмайди, жазо эса муқаррар ва муросасиз бўлиши шарт. Ўзбекистон Президенти бирданига 5 та кодекс ва 6 та қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади.

Болага зулм қилган, унга жисмоний ёки руҳий азоб берган ҳар бир кимса — у хоҳ таълим муассасаси ходими бўлсин, хоҳ яқин қариндоши — жавобгарликка тортилади. Боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун берилган жазо асло енгиллаштирилмайди.

Бундан буён 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Бундай оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатида чеклов бўлмайди.

Ёш боланинг хавфсизлиги шарт-шароит ёки вазиятларга боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Болалар ҳаёти, соғлиғи, ор-номусига тажовуз қилган ҳар қандай кимса қатъий жазодан қочиб қутула олмаслигини билиши шарт.

https://t.me/SShMirziyoyeva/4418 

Ўзбекистон янгиликлари