Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу фазилатли кунни Аллоҳ таоло мусулмонларга насиб айлади. Парвардигор ҳар жума куни олти юз минг кишини дўзахдан озод қилади.
Жума куни вафот этган бандага шаҳидлик ажри берилиши, Аллоҳ таоло уни қабр азобидан сақлаши ҳақида ҳадислар келтирилган.
Жума куни айтилган салавотнинг савоби беҳаддир.
Жума намози Исро кечасида фарз бўлган, лекин мусулмонларнинг сони кам бўлгани сабабли ҳижратга қадар ўқилмаган.
Жума намози Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубода бўлган пайтларида фарз бўлди.
У зот алайҳиссалом Қубода бир ҳафта турдилар, сўнг Мадина томон отландилар.
Илк жума намозини Мадинаи Мунавварадан бир мил узоқликдаги Нақийъул Хазимот деган жойда Бану Солим ибн Авфнинг маҳалласида ўқидилар. Ҳозир ўша ерда «Жума» масжиди қурилган.
Исломдан олдин жума кунини «аруба» деб аташган. Унинг яна бир номи – «явмул мазийд», яъни хайру баракот зиёда қилиб бериладиган кун.
Шунингдек, жума кечаси ҳафтанинг бошқа кечаларидан афзал ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизга жума айёмини муборак этсин! Бу муқаддас кунлардаги ибодат ва дуоларимизни даргоҳида холис қабул айласин!
"Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сабр қилинг, сизга етса офат,
Кутинг, ортидан тезда келар бахт.
Бир тажриба қилиб кўринг: Бомдод намозини ўқиганингиздан сўнг ўн-ўн беш дақиқа қиблага қараб тавозеъ билан ўтиринг, зикр ва дуони кўпайтиринг. Аллоҳдан гўзал, муборак, бахтиёр кун сўранг. Ундан бугунги кунингизга муваффақият, ёмонлик ва мушкул ишлардан паноҳ сўранг. Бу кунингизга кенг ризқ ва унинг яхшилигини тиланг. Чунки ризқ, шодлик ва яхшилик Аллоҳдангина сўралади. Аллоҳ насиб қилса мана шу кун сиз учун бугунги манфаатли, муборак ва гўзал кунингиз учун кафил бўлади.
Агар сиз бирор амални бажарсангиз, тавозеъ билан ўтириб хушовоз ва таъсирли қорининг қироатини тингласангиз қалбингиздаги хиралик, шак ва гумонлар ювилиб кетади. Шунда сиз гўзал ва қалбингиз хотиржам бўлганини ҳис қиласиз.
Шуъла: Қила олмайдиган ишларингиз туфайли ғам еманг. Бунинг ўрнига қила оладиган ишларингизни янада гўзал бажаришга ҳаракат қилинг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан