Шу йил 19 май куни мамлакатимизга келган Қатар вақф ва ислом ишлари вазири ўринбосари Муҳаммад ал-Кавварий бошчилигидаги делегацияни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов қабул қилди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Қатар алоқалари ривожланаётганига тўхталиш баробарида юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги сўнгги ислоҳотлар, илмий-тадқиқот марказлари, масжид-мадрасалар, Фатво маркази, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари, нашриёт-матбаа ишларига оид маълумотларга делегация вакиллари қизиқиш билдирди.
Муҳаммад ал-Кавварий бу замин дунё тамаддуни марказларидан бири экани, улуғ мутафаккирларимиз башарият тараққиётига катта ҳисса қўшгани, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби алломалар динимиз ривожига катта ҳисса қўшиш баробарида бутун оламга машҳурлигини эътироф этди.
Учрашув давомида икки давлат мутахассислари иштирокида қўлёзмаларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва уларни чоп этиш, диний таълим, зиёрат туризми йўналишида ҳамкорлик қилиш ва бошқа масалалар муҳокама этилди.
Юқорида билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар асосида амалий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ўзаро келишиб олинди.
Меҳмонлар Диний идора Кутубхона фондидаги ноёб ва нодир асарлар билан танишиш асносида Мўйи муборак мадрасасида жойлашган ҳазрати Усмон Мусҳафини ҳам зиёрат қилишди.
Маълумот ўрнида бундан бир ой муқаддам мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Қатар вақф ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним билан юртимизнинг диний соҳа раҳбарлари учрашув ўтказган эди. https://t.me/muslimuzportal/41058
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Шу йилнинг 3–7 октябрь кунлари Афғонистоннинг Кобул шаҳрида «Имом Бурҳониддин Марғиноний илмий меросининг замонавий исломшуносликдаги ўрни ва мавқеи» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигидаги диний-маърифий соҳа вакилларидан иборат юртимиз делегацияси қатнашмоқда.
Асосий тадбирда аллома бобомиз Бурҳониддин Марғиноний умрини ислом ҳуқуқшунослиги ва фиқҳ қоидаларини пухта тизимга солишга бағишлагани алоҳида эътироф этилди. У зотнинг қаламига мансуб «Бидоят ал-мубтадий» асари, 80 жилддан ошиб тугалланмай қолган «Кифоят ал-мунтаҳий» шарҳи ҳамда 13 йил давомида сайқал бериб ёзилган шоҳ асар бўлмиш «Ал-Ҳидоя»нинг бизгача етиб келгани катта илмий ютуқ экани таъкидланди.
Шунингдек, алломанинг «Фатаво ан-Навазил», «Маносик ал-ҳаж», «Мазид фий фуруъ ал-фиқҳ» ва «Кашф ал-осор» каби ноёб манбалари асрлар оша Шарқу Ғарб мадрасаларида энг ишончли қўлланма бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.
Анжуманда сўзга чиққанлар икки мамлакат халқларини боғлаб турувчи тарихий, илмий ва маънавий алоқаларни янада ривожлантириш, умумий меросни чуқур ўрганиш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Сўнгги йилларда давлатлар раҳбарлари саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама алоқалар ривожланаётгани, хусусан, Ўзбекистон Президенти томонидан халқаро минбарларда Афғонистонда тинч, осойишта ҳаёт барқарор топиши йўлида илгари сурилаётган ташаббуслар, Балҳ вилоятида муҳташам Имом ал-Бухорий мадрасасининг барпо этилаётгани каби хайрли ишлар тилга олинди.
Тадбир доирасида Бурҳониддин Марғиноний ҳаёти ва илмий меросига бағишлаб чоп этилган янги китоб конференция иштирокчиларига тақдим қилинди.
Меҳмонлар Кобул шаҳридаги «Калимот» илмий-тадқиқот маркази, Кобул миллий музейи ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғи ва мақбарасини зиёрат қилиб, мазкур масканларнинг фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати