Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Апрел, 2026   |   3 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:10
Шом
19:13
Хуфтон
20:32
Bismillah
21 Апрел, 2026, 3 Зулқаъда, 1447
Мақолалар

Мазҳабга эргашиш динимиз талаби

13.06.2025   12549   3 min.
Мазҳабга эргашиш динимиз талаби

“Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.

Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335-1393 м.й.): “Кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган (“Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китоби).

Уламолар мазҳабларга эргашиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).

Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндашишлик ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳам ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.

Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид)мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят).

Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва Суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Бемазҳаблар омма мусулмонлар ичида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар Аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.

Мазҳабсизлар тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:

– бемазҳаблар “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, ҳақ битта эмасми?” дейдилар.

Мазҳаблар бир манба – Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади.

– Мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил қилади. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Ҳамма уламолар илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади, деганлар. Ҳозир эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар.

Аксинча, Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча янги ҳукм чиқариш, фитна қўзғаш каби исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий қайд этганидек: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”.

Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятида собит қилсин.

Ғуломов ФАТҲУЛЛОҲ,

Ал-Ҳудайбия жомеъ масжиди имом ноиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ТОШКЕНТ ИСЛОМ ИНСТИТУТИДА ХАТТОТЛИК КЎРГАЗМАСИ ЎТКАЗИЛДИ (ФОТОЛАВҲА)

20.04.2026   5782   1 min.
ТОШКЕНТ ИСЛОМ ИНСТИТУТИДА ХАТТОТЛИК КЎРГАЗМАСИ ЎТКАЗИЛДИ (ФОТОЛАВҲА)

Жорий йилнинг 17 апрель куни Тошкент ислом институти талабасининг “Мусҳаф ҳарфлари жилоси” деб номланган шахсий хаттотлик кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Диний идора масъул ходимлари, институт раҳбарияти ва устозлари, соҳа мутахассислари, талаба-ёшлар иштирок этди. 

Мазкур кўргазма ислом маданияти ва маънавий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган хаттотлик санъатини кенг жамоатчиликка тақдим этиш, унинг нафосати ва чуқур маъно-мазмунини намоён қилишга қаратилган муҳим маърифий тадбир бўлди. 

Кўргазма доирасида муаллиф истеъдодли ёш хаттот Азизбек Ҳамдамовнинг алоҳида маҳорат билан битилган Қуръони карим оятлари, ҳадислар ва ҳикматли иборалардан иборат ноёб асарлар тўплами намойиш этилди. 

Мазкур асарларда хаттотликнинг классик насх, настаълиқ, сулс, риқъа ва бошқа услублари юқори дид ҳамда замонавий бадиий ечимлар билан маҳоратли тарзда ифода этилган. Айниқса, нафис хат турлари орқали битилган муқаддас калом – Қуръони карим оятлари акс этган намуналар ўзининг эстетик ва маънавий мазмуни билан кўргазма иштирокчилари қалбида чуқур из қолдирди. 

Тадбир давомида хаттотнинг ижодий фаолияти тақдимоти билан бир қаторда, иштирокчилар билан очиқ мулоқотлар, қизиқарли савол-жавоблар ва хаттотлик санъати бўйича маҳоратли устозларнинг тавсиялари берилди. Бу жараён ёш ижодкорлар учун ўзаро илҳом ва тажриба алмашиш майдонига айланди. 

Тошкент ислом институти мезбонлик қилган ушбу кўргазма юртимизда ислом санъати ва маданиятига бўлган қизиқишни янада ошириб, ёш авлодни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга ҳамда хаттотлик санъатининг нозик қирраларини кенг оммага етказишга хизмат қилиши, шубҳасиз. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ТОШКЕНТ ИСЛОМ ИНСТИТУТИДА ХАТТОТЛИК КЎРГАЗМАСИ ЎТКАЗИЛДИ (ФОТОЛАВҲА) ТОШКЕНТ ИСЛОМ ИНСТИТУТИДА ХАТТОТЛИК КЎРГАЗМАСИ ЎТКАЗИЛДИ (ФОТОЛАВҲА) ТОШКЕНТ ИСЛОМ ИНСТИТУТИДА ХАТТОТЛИК КЎРГАЗМАСИ ЎТКАЗИЛДИ (ФОТОЛАВҲА) ТОШКЕНТ ИСЛОМ ИНСТИТУТИДА ХАТТОТЛИК КЎРГАЗМАСИ ЎТКАЗИЛДИ (ФОТОЛАВҲА) ТОШКЕНТ ИСЛОМ ИНСТИТУТИДА ХАТТОТЛИК КЎРГАЗМАСИ ЎТКАЗИЛДИ (ФОТОЛАВҲА)
Дунё янгиликлари