Бир куни Умар розияллоҳу анҳу масжидга чиқдилар, у ерда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида йиғлаб турган ҳолда кўрдилар.
Умар разияллоҳу анҳу ундан: "Эй Муоз, нима учун йиғлаяпсан?" деб сўрадилар.
Шунда Муоз розияллоҳу анҳу жавоб бердилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бир ҳадис туфайли йиғлаяпман. У зот алайҳиссалом айтган эдилар: "Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир. Кимки Аллоҳнинг дўстларига душманлик қилса, билиб қўйсинки, у Аллоҳга қарши уруш очибди. Албатта, Аллоҳ таоло аброр, тақводор, ўзини пинҳон тутадиган бандаларни яхши кўради. Улар шундай кишиларки, йўқликларида, ҳеч ким уларни ахтармайди, ҳозир бўлганларида ҳам ҳеч ким уларни танимайди. Уларнинг қалблари ҳидоят чироғларидир. Улар ҳар қандай қоронғу ва ғуборлик ҳолатдан йўл топиб чиқа оладилар".
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
#xabar #seminar #imom #malaka
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, фаолият самарадорлигини юксалтириш ва қатъий тартиб-интизомни таъминлаш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 29–30 сентябрь кунлари Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш ҳамда Кадрлар бўлимлари ҳамкорлигида республикамиз бўйича янги лавозимга тайинланган 59 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари учун икки кунлик махсус ўқув-семинари ташкил этилди.
Машғулотлар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шарипов, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов, Ички назорат бўлими ходими Умиджон Ходжаев ҳамда Фатво маркази бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла ўз йўналишлари бўйича долзарб маърузалар билан иштирок этдилар.
Икки кунлик ўқув давомида соҳа мутасаддилари томонидан кундалик хизмат жараёнида зарур бўладиган муҳим тавсиялар, меҳнат муносабатлари, ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш масалалари тушунтирилди. Шунингдек, имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизимини тўғри юритиш ва унинг тартиботлари, шаръий масалаларда фатво бериш масъулияти ҳамда фатво бериш ҳуқуқига доир муҳим йўналишлар бўйича зарур амалий кўникма ва насиҳатлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати