Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:00
Қуёш
06:18
Пешин
12:13
Аср
16:21
Шом
18:11
Хуфтон
19:25
Bismillah
30 Сентябр, 2026, 19 Рабиъус сони, 1448

Роббимизнинг ваъдаси ҳақ экан

07.07.2025   9753   4 min.
 Роббимизнинг ваъдаси ҳақ экан

Ярмук – мусулмон ва Рум қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган жанг. Унда асрлар ўтса-да, мангуликка юз тутган ажиб лавҳалар бор. Уларнинг баъзилари қуйидагилардир:

Урушнинг айни қизиган палласи. Бир киши Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳазратларига яқинлашди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: “Мен шаҳид бўлишга астойдил бел боғладим”, деди. Ҳалиги киши: “Бирор-бир гапингиз бўлса айтинг, мен Расулуллоҳ билан кўришган пайтим  у зотга етказиб қўяман”, деди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: «Ҳа, у зотга буни етказ: “Расулуллоҳ, бизлар Роббимизнинг ваъдаси ҳақ эканини топдик”», дедилар.

Рум қўшинларининг ҳужуми кучайган пайтда Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг орасида: “Аллоҳ таоло мени  ҳидоят қилмасидан аввал мен Расулуллоҳга қарши жанг қилардим, энди бугун Аллоҳнинг душманларидан қочиб кетаманми!” – дея жар соларди. Орадан кўп ўтмай, Абу Жаҳл яна: “Ким ўлимга байъат қилади?”[1] – деди.

Мусулмонларнинг бир жамоаси у зотга байъат қилишди ва уларнинг барчаси биргаликда жанг майдонига киришди. Уларнинг мақсадлари ғалаба ва шаҳидлик эди. Аллоҳ таоло уларнинг байъатларини қабул қилди ва уларнинг бари Аллоҳнинг инояти ила шаҳидликка эришдилар. 

Тарих зарварақларига эътибор қаратинг. Буюк қўмондон Холид ибн Валид 100 кишилик қўшини билан тўрт минг кишилик Рум қўшинларига қарши турдилар. Қаранг-а! Юз кишилик қўшин тўрт мингта аскарга қарши чиқиб, уларни енгса-я?! Бу уларнинг қалблари Аллоҳга бўлган иймонлари билан тўлиб-тошгани эканининг белгиси эмасми?!

Уруш бироз тинчиб турган пайтда Холид ибн Валиднинг олдига Жўржа исмли Рум қўмондони келди ва: “Эй Холид, нимага даъват қиляпсан? Айни пайтда Исломни қабул қилган кишига ҳам сизларга берилгандаги каби ажру савоб насиб қиладими?” – деб сўради.

Саҳобий: “Ҳа. Ундан кўпроғи ҳам насиб этиши мумкин”, деди.

“Қандай қилиб? Ахир сизлар аввалдан мусулмон бўлиб, ўзиб кетгансизлар-ку?!” – деди Рум қўмондони. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшадик ва у зотнинг мўъжизаларига гувоҳ бўлдик.

Бизнинг кўрганларимизни кўриб, биз эшитган нарсаларни эшитган одам Исломни осонликча қабул қилиши ҳақиқат. Лекин сизлар у зотни кўрмагансизлар, у зотнинг гапларини эшитмагансизлар, бундай ҳолда ғайбга иймон келтирган бўласизлар. Агар сизлар ниятингиз,  қалбингиз ила Аллоҳга иймонда ростгўй бўлсаларингиз, сизларнинг савобларингиз буюкроқ бўлади”, дедилар. Бу гапларни эшитган Рум қўмондони оҳ урди ва: “Эй Холид, менга Исломни ўргат”, дея ўзини Холид розияллоҳу анҳу тарафга ташлади.

Шундай қилиб Рум қўмондони Исломни қабул қилди. Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз ўқиди, ҳақиқатда икки ракат, бундан бошқача эмас. Икки тараф яна урушга киришди. Жўржа энди мусулмон аскарлар сафида шаҳидлик мақомига эришиш илинжида жанг қиларди.

Ҳа! Ўша икки ракат намоз сабабидан Аллоҳнинг изни ила унга жаннат насиб этди, унинг бундан бошқа амали йўқ эди...


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бунинг маъноси: “Мен ўлгунимча шу жанг майдонидан ортга чекинмайман, то сўнгги нафасим қолгунича мусулмонлар сафида Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қиламан, мени фақатгина ўлим тўхтата олади”  (Тарж.).

 

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Янги тайинланган имомлар учун семинар бўлиб ўтди

30.09.2026   834   1 min.
Янги тайинланган имомлар учун семинар бўлиб ўтди

#xabar #seminar #imom #malaka

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, фаолият самарадорлигини юксалтириш ва қатъий тартиб-интизомни таъминлаш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


Шу мақсадда жорий йилнинг 29–30 сентябрь кунлари Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш ҳамда Кадрлар бўлимлари ҳамкорлигида республикамиз бўйича янги лавозимга тайинланган 59 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари учун икки кунлик махсус ўқув-семинари ташкил этилди.


Машғулотлар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шарипов, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов, Ички назорат бўлими ходими Умиджон Ходжаев ҳамда Фатво маркази бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла ўз йўналишлари бўйича долзарб маърузалар билан иштирок этдилар.


Икки кунлик ўқув давомида соҳа мутасаддилари томонидан кундалик хизмат жараёнида зарур бўладиган муҳим тавсиялар, меҳнат муносабатлари, ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш масалалари тушунтирилди. Шунингдек, имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизимини тўғри юритиш ва унинг тартиботлари, шаръий масалаларда фатво бериш масъулияти ҳамда фатво бериш ҳуқуқига доир муҳим йўналишлар бўйича зарур амалий кўникма ва насиҳатлар берилди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Янги тайинланган имомлар учун семинар бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари